Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нархи осмонга чиққан помидор, экспортга «тайёрланаётган» янги пиёз

Нархи осмонга чиққан помидор, экспортга «тайёрланаётган» янги пиёз

Аномал совуқ помидорга таъсир қилдими?

Бир ҳафта давомида иссиқхонада етиштирилган қизил юмалоқ помидорнинг ўртача улгуржи нархи 29 фоизга ошди ва бу ўтган йилдаги нархдан деярли икки баравар юқори.  

EastFruit мониторинг  таҳлилларга кўра, 2023 йилнинг 17 мартидан 24 мартигача Ўзбекистонда  бир килограмм помидорнинг ўртача улгуржи нархи 28 минг сўмдан 36 минг сўмга ошди.

24 март ҳолатига кўра, помидорнинг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасига нисбатан 1,8 баравар ва 2020–2021 йилларнинг шу санасига нисбатан 2,4 баравар юқори бўлди, яъни ўтган ҳафта юртимизда ушбу маҳсулотнинг улгуржи нархлари бошқа мамлакатларга қараганда энг юқори бўлиб чиқди (1 кг):

Ўзбекистон – 3,16 доллар

Польша  – 2,79 доллар

Украина – 2,60 доллар

Тожикистон — 2,29 доллар

Молдова – 1,61 доллар

Грузия – 1,16 доллар

Таҳлилчилар олдинроқ Ўзбекистонда помидор нархининг бундай тез кўтарилишига аномал совуқ сабаб бўлганини ёзишган эди. Тадбиркорлар ушбу экиннинг вегетация даврини ҳисобга олган ҳолда, яқин келажакда помидор нархининг пасайиш эҳтимоли йўқ деб ҳисоблашмоқда.

Ўтган ҳафтада юртимизда пушти юмалоқ помидор нархи ҳам кўтарилди, аммо ўсиш суръати қизил помидорга қараганда анча паст. 2023 йилнинг 17 мартидан 24 мартигача пушти иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи 33 минг сўмдан 36 минг сўмга (9,1%)  – 2,89 доллардан 3,16 долларга кўтарилган.

 Ўзбекистонда янги пиёз экспорти қачон бошланади?

Бир неча кун аввал мамлакатимизнинг жанубий ҳудуди бўлган Сурхондарё вилояти деҳқонлари эрта кузги пиёзни йиғиб олишга киришди. Пиёзнинг бир неча тонналик дастлабки кичик партиялари Сурхондарё ва қўшни вилоятлар бозорларига жўнатилмоқда.

Қачон мамлакатимиз улгуржи бозорларига катта миқдордаги янги пиёз чиқарилади ва экспорти бошланади?

VESAGRO консалтинг компанияси раҳбари Ўрмонали Усмоновнинг EastFruit га берган маълумотларига қараганда, янги пиёзнинг катта партияларини тахминан бир ҳафта ёки ўн кун ичида шакллантириш мумкин.

– Сурхондарё вилоятининг учта тумани (Жарқўрғон, Қумқўрғон ва Шеробод туманлари) фермерлари қишки эртаги пиёзни йиғиб олишга киришди. Пиёз оз миқдорда ҳудудий бозорларга жўнатилади. Билишимча, пойтахт улгуржи бозорларига ҳали янги  пиёз кириб бормаган. Янги ҳосил қулай об-ҳаво шароитида, тахминан бир ҳафта ёки ўн кун ичида  улгуржи бозорларда пайдо бўлади.

Бироқ, янги пиёз ҳали тўлиқ етилмагани боис, ушбу маҳсулотни узоқ масофаларга жўнатиш мумкин эмас. Бошқача қилиб айтганда, пиёзнинг пўсти тўлиқ пишмаган ва керакли етукликка эришиш учун кўпроқ вақт кетади. Ҳисоб-китобларимга кўра, жорий йилнинг 15-20 апрел кунлари Ўзбекистон ички бозорида экспортга мўлжалланган янги пиёз ҳажми пайдо бўлади», — дея тушунтирди Ўрмонали Усмонов.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил февраль ойининг бошида январь аёзлари 2022 йил август-сентябрдан 2023 йил январигача ҳосил бўлган «август» қишки пиёзининг кўкбаргларини бутунлай йўқ қилди. Янги барглар, яъни куртаклар пайдо бўлиши ва ривожланиши учун қўшимча вақт талаб қилинди, бу эса ўз навбатида, пиёзнинг пишиш вақтининг тахминан 10-15 кунга чўзилишига олиб келди.  Шу боис, кузда экилган пиёз йиғим-теримининг бошланиши ҳам кечикди.

Маълумот учун: Ўзбекистон ҳар йили 200 минг тоннадан ортиқ пиёз экспорти билан Марказий Осиёда энг йирик пиёз экспортчиси ҳисобланади. Мамлакатимизда жорий йилнинг январь ойида пиёз экспортига ўрнатилган чеклов март ойи ўрталарида бекор қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг