Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Мавсум» бошланди: кетмон дасталари ортига яширилган пиротехника воситалари (фото)

«Мавсум» бошланди: кетмон дасталари ортига яширилган пиротехника воситалари (фото)

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Янги йилнинг кириб келишига салкам 3 ой вақт бўлса-да, ҳозирданоқ пиротехника воситаларини яширин йўллар билан олиб киришга уринишлар кузатилмоқда. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар берди.

Маълум қилинишича, «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси тезкор тузилмалари томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда олдиндан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги «Исузу» юк машинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Машина юкхонасидаги кетмон дасталари ортига қоғоз қутиларда 5 турдаги 77 минг 272 дона пиротехника воситаси яшириб қўйилган экан.

Хомчўт қилинишича, хорижда ишлаб чиқарилган, аммо сифатини ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган мазкур салют ва петардаларнинг жами қиймати 433 миллион сўмни ташкил қилган.

Машинага кетмондаста ва петардалардан ташқари муқаддам ноқонуний равишда олиб кирилган 28 минг 640 дона лекопластир ва термометрлар, 41 минг 488 дона шахсий гигиена ва парфюмерия воситалари ҳам юклангани аниқланди.

Биргина шу ҳолатда тўхтатиб қолинган товарларнинг умумий қиймати салкам 696 миллион сўм этиб баҳоланган. Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун: Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи турли идоралар билан ҳамкорликда аниқланган 27 та қонунбузилиш ҳолатларида қиймати 652 миллион 80 минг сўмлик 109 минг 168 дона пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишининг олди олинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг