Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Коллежларни обрўсизлантирган ҳақиқатлар

Коллежларни обрўсизлантирган ҳақиқатлар

Иложини қилинг, ака!

Таълим муассасидаги давоматни назорат қилгани келган орган ходимининг сўзи бўғзида қолди.

«Энди ака, тўғри тушунасиз, шароит шунақа, икки ўқувчимиз ота-онаси билан ишлаш учун Қозоғистонга кетиб қолган. Икки-уч ойга... » (аслида, ким билсин, неча йилга кетган?)!

«Хорижга кетишган бўлса, қандай қилиб дарсларда қатнашганлар рўйхатида турибди?» – қошлари чимирилди орган ходимининг.

«Наилож, ўзингиздан қолар гап йўқ... иложини қилинг, ака!»  – талмовсирайди директор.

«Ҳмм...»

«Энди ака, буёғини «келиштирасиз»,– чўнтагига ишора қилди директор…

Дарсларда қатнашмаслик «нархи»ни савдолашган директор

Ота ўғли таҳсил оладиган таълим муассасига келди-да, қабулда кутиб турганларга эътибор ҳам қилмай, директор хонасига кирди. Эшикдан кириб келган кишига кўзи тушиши ҳамоно директор ўрнидан сапчиб туриб, икки букилди.

«Бизни тойчоқнинг ўқитувчилари «дарсларга кел, кел!» деб, хў-ўп безовта қилишаётган экан», –осмонда  туриб сўз қотди ота.

«Энди талаб кучайяпти, ака, сиздан илтимос, ҳеч бўлмаса, бир ҳафтада бир кўриниб турсин», –суҳбатдошига кўзойнаги остидан қаради директор.

«Тўғри келмайди, савдо ишлари қолиб кетади!»

«Ҳеч бўлмаса, бир ойда бир маротаба!»

Ҳалиги киши бироз жонлангандай бўлди-ю, аммо сир бой бермай:

«Ўзингиз биласиз, йўл анча узоқ. Шу бир ойда бир маротаба ҳам биз учун кўп. Дарсларга келмаслиги «харажат»иниям шунга қараб ошираман», – дея савдолаша кетди ота.

Ўқувчисининг дарсларга «келмаслиги» «нархи» ошаверганиданми, директор:

«Ҳа, майли, чоракда бир-икки кўриниб турсин, ҳеч бўлмаса...» – деди.

Ота эса нописанд ва ғолибона эшикдан чиқар экан: «Ҳм-м, мен бир тойдан сўрай-чи, нима дейди, балки дарсларга қатнаш оралиғини яна озгина чўзармиз!»

Йиғилган пул – тўкилган обрў

«Мен хонамга парда олишим керак! Шунга ёрдамлашасизлар!» – ўқувчиларга билдирди коллеж директори ўринбосари.

Ўқувчилар бир овоздан «Хў-ўп!» – дейишди.

Эртасига синфхонасига директор кирди. Синф раҳбарига ўшқирди:

«Синф хонангни гуллар билан безолмайсанми? Ўттиз нафар ўқувчинг бор. Минг сўмдан олганингдаям ўн тувак гул оласан!»

Ўқувчилар жим қабул қилишди.

Кейинги кун бир фан ўқитувчисининг илмий китоби нашрдан чиққанини таълим муассасаси тантаналар залида тақдимот қилишди.

У синфга дарсга киргач:

«Бу китобни сотиб оласизлар, уни чиқаргунча, анча-мунча харажат қилганман. Энди сиз ўқувчилардан менга бир кўмак-да!» – «маҳорати»ни кўз-кўз қилиб, пулга ишора қилди китоб муаллифи.

Ўқувчилар пинакларини бузишмади. Чунки улар кўникиб кетишганди!

Коллежларда ўқитувчилар бир йилда жуда кўп маротаба ўқувчилардан пул йиғишарди. Афсуски, улар ҳар пул сўраганда, шунча баробар нафақат, ўз обрўларини, балки коллежлар обрўйини ҳам тўкишга катта ҳисса қўшишаётгани ҳақида ўйлаб кўришмасди...

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг