Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Евроиттифоқ Марказий Осиёга чегара бошқаруви бўйича қанча маблағ ажратгани маълум бўлди

Евроиттифоқ Марказий Осиёга чегара бошқаруви бўйича қанча маблағ ажратгани маълум бўлди

6 август куни Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинлари биносида «BOMCA-9» Марказий Осиёда чегараларни бошқаришга кўмаклашиш дастури доирасида техник жиҳозларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати маълум қилди.

Учрашувда Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинлари қўмондони Руслан Мирзаев, ЕИнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, элчи Эдуардс Стипрайс ҳамда «BOMCA-9»нинг Марказий Осиёдаги минтақавий раҳбари Марис Доминис иштирок этди.

Евроиттифоқ томонидан тақдим этилган 52,500 евролик жиҳозлар паспорт, виза ва бошқа шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг асосий ҳимоя унсурлари ҳақиқийлигини аниқлаш ва текширишга ёрдам беради.

Маълум қилинишича, Европа Иттифоқи 2003-2019 йилларда «BOMCA»  дастури доирасида 40,1 миллион евро ажратди.

Элчи Эдуардс Стипрайсга кўра, ҳозирга қадар Марказий Осиё минтақаси чегара идораларининг салоҳияти сезиларли даражада ошди.

«BOMCA» (Border Management Programme in Central Asia) дастури 2003 йилда амалиётга жорий этилган бўлиб, у Марказий Осиё давлатлари ўртасида чегаралар бошқаруви бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

Дастурдан кўзланган мақсад сарҳадларни идора этиш бўйича илғор усулларни жорий этган ҳолда, Марказий Осиёда чегара бошқаруви самарадорлигини ошириш, пировардида эса минтақада хавфсизликни таъминлаш ҳамда иқтисодий тараққиётга эришишдан иборатдир.

Дастур доирасида минтақа давлатларига техник кўмак кўрсатилади, шунингдек, ҳамкорликда ўқув машғулотлари ўтказилади, семинар-тренинг ва малака ошириш сафарлари уюштирилади.

«BOMCA» дастури 16 йилдан буён босқичма-босқич амалга татбиқ этилмоқда. 2015 йил июнда дастурнинг 9-босқичи бошланган. Мазкур босқич 3 йилда якунланиши кўзда тутилган эди. Аммо ўтган йили июнда Еврокомиссия «BOMCA-9» дастурининг амал қилиш муддатини 2019 йил декабрга қадар узайтирди. Шунингдек, дастур ижроси учун дастлаб ажратилган 4,9 миллион еврога яна 1,6 миллион евро қўшиб берилди. 

Дастурнинг 9-босқичида аввалги йиллардаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилган ҳолда, миграция оқимини мувофиқлаштириш ва савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистонда ЕИ комиссиясининг техникавий ёрдамни мувофиқлаштириш бюроси, ташқи ва ички ишлар вазирликлари, ДХХ чегара қўшинлари, давлат  божхона қўмитаси, соғлиқни сақлаш вазирлиги каби идоралар «BOMCA» дастурининг миллий ҳамкорлари саналади.

Собир Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг