Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эътиқод муҳимми ёки фаросат?

Эътиқод муҳимми ёки фаросат?

Эрта тонгдан ижтимоий тармоқларни кўздан кечириш асносида бир сайтда эълон қилинган хабарга кўзим тушди: «Намозхон қотилга 18 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди». Ҳа, айнан «намозхон» сўзига қотилнинг асосий сифати тариқасида урғу берилган!

Албатта, бундай хабар ўқувчининг эътиборини тортмай иложи йўқ. Ўқиб чиқдим.  Ажабки,  ушбу қотиллик ва жиноятчининг «намозхон»лиги орасида ҳеч бир боғлиқликни топа олмадим. Хабарнинг асл манбаси бўлган бошқа сайтга ўтдим:  улар ҳам сарлавҳани «қойил қилишган» – «Ўзим намозхонман...». Хабар матнида келтирилишича, судланувчи суд мажлисида ўзининг намозхонлигини айтган. Лекин ундан буни исботлашни сўралмаган, бунинг аҳамиятиям йўқ-да. Зеро, инсоннинг эътиқоди судда енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланмайди. Бундан ташқари унинг 54 ёшда эканлиги, 3 нафар фарзанди борлиги хабарда келтириб ўтилган.

Табиий савол туғилади: эътиборни жиноятчининг «намозхон»лигига қаратишдан мақсад нима? Нега 54 ёшида ҳам фарзандлари, қўни-қўшниси-ю маҳалласидан уялмай, ичиб, маст бўлиб юргани ёки миллати (агар суд амалиётида бунга аниқлик киритиладиган бўлса), қолаверса, иш жойи, касби ва бошқа сифатларига эътибор берилмасдан айнан мусулмонлигига урғу бериляпти? Кейин, аҳолисининг аксарини ислом динига эътиқод қилувчи инсонлар ташкил қиладиган диёрда бу қанчалик эътиборга молик?

Бу кетишда суд мажлисида ҳар бир судланувчининг эътиқодига қараб «мусулмон судланувчи» ёки «христиан судланувчи», «буддага ибодат қилувчи судланувчи» деб аташ одат тусига кирадиганга ўхшайди.

Хабарни эълон қилган сайт ходимларини тушунишга ҳаракат қилиб кўрдим. Шу боис улар билан «фаросат» масаласида баҳс қилишни ўзимга раво кўрмайман.  Фақат айтгим келдики, агар мақсад ўқувчиларни кўпайтириш бўлса, жилла қурса намозхон сўзи қўштирноққа олинмайдими?

Саволлар кўп...

Ғайратхўжа Сайидалиев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг