Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Лазиз Раҳматов

Эл озодлиги буюк неъмат, шахс озодлиги эса ундан-да улуғроқ!

Энди куёвхонтўрани чиллада келин томон боқмайди...

Энди куёвхонтўрани чиллада келин томон боқмайди...

Фото: «Tog‘ora.uz»

Сўнгги пайтларда тўйларда камхарж, камчиқим, ихчам тарзда ўтказиш бўйича кўп баҳс-мунозалар кечмоқда.

Андижон вилоятида, хусусан Бўз туманида муқаддам тўйларга кетадиган харажатлар қандай эди?    

Келин ва куёв томондан кетадиган харажатлар:

— Куёв томонидан келин томон учун ўртача 15 турда сарполар берилар эди. Улар асосан 8 та турли материал, унинг ичида қимматбаҳо атлас ва адрас, бегойим материаллари албатта бўлиши шарт эди. Битта материал учун 150 мингдан кетса, жами 1 миллион сўмдан ошарди.

— Келин томонидан куёв учун 4 турдаги мавсумий кийим-кечаклар, жумладан базм куни кийиладиган костюм-шим, тоза оқ кўйлак, тиниқ туфли, тўн ва дўппи қилинар эди. Бунга ҳам ўртача 1 миллион сўм сарфланарди.

— Катта тўйдан олдин бўладиган маслаҳат кунида иккала томоннинг оила аъзоларига ўзаро оддий сарполар алмашинарди. Ҳар бир томондан 400 минг сўмдан, жами 800 минг сўм харжланарди.

— Куёв томонидан келин томонига фотиҳа тўйи учун 1 та қўй,  300 та нон, 1 қоп ун, 10 литр ўсимлик ёғи, 1 қоп пиёз, 1 қоп картошка, 1 қоп сабзи, сархил мевалар, турли ичимликлар ва ширинликлар берилар эди. Жами 1,7 миллион сўмдан кетарди.

— Келин томонидан катта тўйдан бир кун олдин бўладиган «Кичик мазар» маросими учун куёвга атаб бош-оёқ енгил сарпо — битта кўйлак, битта яхши шим тақдим қилинар эди. Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотлари (сомса, қатлама, патир, ширинликлар, ичимликлар, мева-чевалар, торт), куёвнинг 10-15 та ошна-оғайнилари учун (рўмолча, туфли тозалаш воситалари, шоколад) совға қилинар эди. Жами 600 минг сўм кетади.

— Келин томонидан тўй куни келин-куёв столи безатилар эди. Буни «Катта мазар» маросими дейишади. Унга 300 минг сўм кетар эди.

— Тўйдан бир кун олдин йигит томонда «Сабзи артди» маросими ўтказилар эди. Унда яқин қариндош-уруғлари, маҳалладошлари иштирок этишар эди. Ушбу маросимда шовла таоми тайёрланиб, меҳмонларга улашилади. Камида 100 минг ҳавога учарди.

— Тўй куни наҳорги ошни («Нонушта» маросими) ҳар икки томон ҳам берар эди. Камида 100-150 та одам қатнашар ва 15-20 килограмм ош дамланар эди. Маросимида маҳалладаги ёши улуғ кекса, нуроний отахонлар иштирокида «Хатми қуръон» ҳам ўқитиларди. Бунга 300 минг кетилади.

— Тўй куни куёв томонидан 5 та енгил автомашинада келин томонга куёв ошна-оғайнилари келар, улар шарафига қиз томони яхши зиёфат берар эди. «Куёв ўтирмаяпти» маросими ўтказиларди. Шундан сўнг диний никоҳ ўқитиш маросими расмий имом иштирокида ўтказиларди. Чиқим 200 минг бўларди.  

— Автомобил ва битта автобусда келин, унинг амма-холалари, қариндош-уруғлари, дугоналари иштирокида куёв уйига олиб кетиларди. Бу куёв томони ҳамёнига 100 минг сўмга тушарди.

— Тўй базмида 15.00дан 18.00гача давом этар, базм билан муқобил равишда келин томонидан келган қудаларга алоҳида хонада зиёфат берилар эди ва у тўйдан кейинги «Юз очар» маросимига уланиб кетарди. Базм куёв томонига 3 миллион сўмга тушарди.

— Тўйдан кейин кичик чилласи чиққунича яъни 20 кун мобайнида биринчи ҳафтада 3 маротадан, иккинчи ҳафтада 2 маҳалдан, 3-ҳафтада 1 бора келин томони куёв уйига егулик етказиб берар эди. Эрталаб нонуштага қаймоқ, иссиқ нон, пишлоқ, тушликда сомса, патир, кечки пайтга ош, қовурма, гўштли ва қувватли овқатлар келтириларди. 20 кун давомида келиннинг ота-онасига камида 700 минг сўм сарфлашга тўғри келарди.

— Келин томон қизга мебел ва гилам, парда, маиший техника воситаларини қилиб беради. Бунга ўртача 5 миллион чиқиб бўларди.

Бу сарфларнинг барчаси энг камида 2 минг долларга тушарди. Бу Андижон вилоятининг олис туманларидаги оддий кишининг харажат лари. Андижон шаҳрида эса ресторан ва тўйхоналарда ўтадиган тадбирлар янада кўпроққа тушади Кимдир янада қимматбаҳо «импортний» мебел берса, яна кимдир тўйни кўп миллион кетқазиб, кошона ва ресторанларда ўтказмоқда. Айрим қайнона ва қайноталар 40 кунлар келин томондан мазар яъни тўйимли таомлар олишдан ор қилмаяпти. Таксига ўтириб қолиб бир гапни эшитиб очиғи лол қолдим. Тўйга кўп пул сарфлаб қўйган йигитлар бир ҳафтадан кейин Россияга ишлашга кетишар экан. Энг ёмони, у ердан қайтгач, «куни тўлмай қолган» мазарни тўлиқ қилишларини талаб қилишаркан. Ҳомиладор келин эса туғруқхонадан қўлида чақалоғи билан чиққач, қайнона хонадонига эмас, ўз отаси уйида 40 кунлик чиллани чиқариб бериши номаъқул урфга айланиб бормоқда. Бу ҳам етмагандай, чилладан кейин бош оёқ сарпо, бешик, болалар кийимлари, тўй вақтида қила олмаган бошқа маиший техникаларни чақалоқ билан бирга олиб келиши шарт экан.    

Хўш, бу каби ортиқча маросиму кераксиз «урф»ларга, келин томонга солиқ солишларга, қудалар ўртасида моддий муносабатларнинг кучайиб, турли тушунмовчиликлар туғдиришига қачон барҳам берилади?

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг