Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дунёнинг машҳур блогерлари Ўзбекистонга келди

Дунёнинг машҳур блогерлари Ўзбекистонга келди

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Тошкент шаҳрида «World Influencers Congress» (WIC) I Халқаро инфлуэнсерлар конгрессига старт берилди. Унда дунёнинг 100 га яқин энг сара фикрлар етакчилари, инфлуэнсерлари, блогерлари, нуфузли шахслари, медиа-персоналари ва интернетдаги бошқа таниқли кишилар иштирок этмоқда. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Конгрессда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бугунги кунда Ўзбекистонда мамлакат имижи ҳамда туристик бозор учун муҳим аҳамият касб этган воқеаларга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

WIC – бу дунёнинг етакчи блогерлари, рақамли фикрлар етакчилари, ижтимоий тармоқлар учун контентлар яратувчилар ва трендсеттерларга мўлжалланган платформа. Конгрессга ташриф буюрган ҳар бир инфлуэнсернинг обуначилари 1-15 миллион кишини ташкил қилади. Тадбирда дунёнинг 40 га яқин давлатидан 100 дан зиёд инфлуэнсерлар қатнашмоқда.

WIC тадбирида иштирок этаётган инфлуэнсерларнинг «Instagram», «Facebook»  ижтимоий тармоқлари, шунингдек «Youtube» видеохостингидаги обуначиларининг умумий сони 150 миллионни ташкил қилади. Бу инфлуэнсерларнинг платформаларига жойлаштирувчи материалларининг кўздан кечирилиши 10 миллиард мартадан ортади дегани. 

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева мазкур конгресснинг ўтказилиши мамлакат бренди танилишига хизмат қилишини қайд этди.

«Бугунги кунда ижтимоий медиа, ижтимоий тармоқлар маркетинг йўналишидаги инновацион ўзгаришларга ёрқин мисол бўла олади. Ҳозирга келиб глобал тармоқ ва жаҳоннинг замонавий саёҳат тенденциялари барчани қамраб олган. Мазкур конгресс глобал тармоқ ҳамда ижтимоий медианинг Ўзбекистонда кучли коммуникация шаклига айланиб бораётганини тасдиқлайди», — дейди у. 

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Халқаро конгресс доирасида янги «B2I» (Business2Influencer) форматидаги учрашувлар ўтказилади.

Тадбирнинг расмий қисми тугаши билан инфлуэнсерлар Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига саёҳатга бориб, ўз йўналишида ажойиб контентлар тайёрлашади ҳамда ўзларининг ресурсларига, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлашади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг