Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Алоқа тарихи музейида байрам тадбири ўтказилди (фото+видео)

Алоқа тарихи музейида байрам тадбири ўтказилди (фото+видео)

Фото:«Xabar.uz»

31 август куни Тошкентдаги Алоқа тарихи музейида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммункацияларини ривожлантириш вазирлигининг Мустақиллигимизнинг 28 йиллигига бағишланган байрам тадбири ўтказилди.

Тантанали тадбирда Президентимиз фармонига асосан давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган соҳанинг тўрт нафар вакили – «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси бош директори Назиржон Ҳасанов ҳамда «Ўзбектелеком Интернейшнл» Ўзбек-Индонезия қўшма корхонаси бош директори Гера Лига «Содиқ хизматлари учун» медали, «UNICON.UZ» давлат унитар корхонаси бўлим бошлиғи Ойдин Аҳмедовага «Шуҳрат» медали, Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали 4-босқич талабаси Аҳрор Абдуллаевга «Келажак бунёдкори» медали, шунингдек, 67 нафар алоқа ходимларига вазирликнинг идоравий мукофотлари топширилди.

Фото:«Xabar.uz»

Соҳада «Биз – бир жамоа, биз – бир оиламиз» тамойили остида телекоммуникация, почта, мобил алоқа, радиотелевидение йўналишларида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, иқтисодиётнинг реал секторига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, мобиль алоқа тизимини кенгайтириш ва шу каби бир қатор йўналишларда салмоқли ишлар амалга оширилди. Республикамиз аҳолиси рақамли телевидение тизими билан тўлиқ қамраб олинди. Мамлакатимиз ҳудудларида 5554 та ижтимоий соҳа объектларигача 3 313 км.дан ортиқ оптик толали алоқа линиялари қурилиб, улар юқори тезликдаги интернет тармоғига уланиши таъминланди.

Фото:«Xabar.uz»

Президент томонидан илгари сурилган 5 та ташаббуснинг учинчиси – Ёшлар ва аҳолини замонавий ахборот технологиялари соҳасида билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида республиканинг 8 та вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида жами 16 та Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилди.

Бугунги кунда юртимизда ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси учун кадрлар тайёрлашга йўналтирилган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети сафига Ҳиндистоннинг Амити университети билан ҳамкорликда ташкил этилган Тошкент шаҳридаги Амити университети қўшилди. Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети билан Тошкент ахборот технологиялари университети ўртасида Ахборот технологиялари бўйича қўшма факультет ташкил этилди. Шунингдек, дастурий маҳсулотлар, стартап лойиҳаларни амалга оширадиган майдон сифатида пойтахтимизда IT-Парк ташкил этилгани келгусида бу ерда минглаб ёшларнинг истиқболли касбга эга бўлишларига замин яратди.

«Ўзбекистон почтаси» АЖнинг почта алоқаси объектларида ахборот технологияларига асосланган 11 турдаги янги хизматлар, интернет дўкон орқали сотилган товарларини етказиб бериш хизматлари, суғурта полисларини сотиш хизмати йўлга қўйилди. 14 та ҳудудий филиалларда Гибрид почта хизмати ташкил этилди.

Республикада интернет хизмати сифатини ошириш ҳамда хизматлар нархини камайтириш мақсадида Халқаро интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик қобилияти 1 200 Гбит/с.га етказилиб, 2018 йил бошига нисбатан 12 баробарга оширилди. Ўз навбатида, оператор ва провайдерларга интернет хизматларини тақдим этиш учун тариф 1 Мбит/с – 244 958 сўмдан 70128,31 сўмгача туширилди.

Шунингдек, мамлакатимизда алоқа сифатини ошириш ҳамда замонавий телекоммуникация хизматларини кўрсатиш имкониятини кенгайтириш мақсадида жорий йилнинг ўтган 6 ойидавомида 6000 км.дан ортиқ оптик толали алоқа линиялари қурилди ҳамда кенг полосали тармоқ сиғими 1,484 млн. портга етказилди, жойларда мобиль алоқа тармоқлари қамров даражасини ошириш мақсадида, 3G ва 4G технологияларига урғу берган ҳолда, 800 дан ортиқ қўшимча мобиль алоқа база станциялари ўрнатилиб, ишга туширилди. Бундан ташқари, ижтимоий соҳа объектларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, хусусан 2019-2021 йилларда 18 796 та халқ таълими, мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш вазирлиги объектларини маълумотларни узатиш тармоқларига улаш давомида «охирги миля» масалалари ҳам ижобий ҳал этилади.

Соҳа вакиллари Алоқа тарихи музейидаги экспонатлар билан танишишди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг