Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда дастурлаш ҳамда сунъий интеллект бўйича таълим бериладиган «Smart class»лар ташкил этилиши мумкин

Ўзбекистонда дастурлаш ҳамда сунъий интеллект бўйича таълим бериладиган «Smart class»лар ташкил этилиши мумкин

Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Жанубий Кореянинг Hancom Group компанияси раиси ўринбосари Сонжун Бён бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Рақамли технологиялар вазирлиги маълумотига кўра, учрашувда Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик юқори баҳоланди. IТ соҳасини ривожлантириш, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада яхшилаш мақсадида Инҳа университети ташкил этилгани, ушбу олий таълим муассасасидан ҳар йили кўплаб мутахассислар етишиб чиқаётгани таъкидланди.

Фото: Рақамли технологиялар вазирлиги

Жанубий Корея томони компания ҳақида маълумот берар экан, ташкилот дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича Корея Республикасида етакчи ўринда туришини, бундан ташқари, 30 дан ортиқ бошқа йўналишларда ҳам фаолият олиб боришини маълум қилди. Компания вакили, шунингдек, Ўзбекистонда IТ таълимни ривожлантириш мақсадида Smart class замонавий хоналарини ташкил этиш ва унда дастурлаш ҳамда сунъий интеллект йўналишларида таълим олиб бориш бўйича ўз таклифларини билдирди.

Ўзбекистон томони мамлакатни минтақавий IТ ҳабга айлантириш асосий мақсад эканини қайд этган ҳолда, мазкур таклифни унга ҳамоҳанг тарзда амалга ошириш мумкинлигини билдирди. Бу, ўз навбатида, ўзбек ёшларини четга чиқмаган ҳолда юқори маошли иш билан таъминлаш ва IТ хизматлар экспортини оширишга хизмат қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг