Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари тармоғи кенгайтирилмоқда

Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари тармоғи кенгайтирилмоқда

«АзияЭкспресс» пул ўтказмалари тизими ва «Россельхозбанк» АЖ Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари тармоғини кенгайтирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг шўъба банки бўлган «Азия-Инвест Банк» (АЖ) Россия Федерациясининг давлат кўп тармоқли йирик банки — «Россельхозбанк» АЖ билан биргаликда «АзияЭкспресс« ва «РСХБ-Экспресс» пул ўтказмалари тизими иштирокчиларининг ҳамкорлик тармоғини кенгайтириш стратегиясини амалга оширар экан, ҳисоб-рақам очмасдан пул ўтказиш бўйича тизимни муваффақиятли интеграция қилганини маълум қилади.

Ушбу лойиҳа 2020 йил, 23 июндан бошлаб Ўзбекистондаги банклар бўлимларида муваффақиятли ишга туширилди. Йил охиригача «АзияЭкспресс« доирасидаги пул ўтказмалари улуши Россия Федерациясидан Ўзбекистон Республикасига пул ўтказмалари умумий бозорининг қарийб 20 фоизига етиши режалаштирилган.

Қўшма лойиҳанинг ишга туширилиши икки банкнинг «Россия-Ўзбекистон» йўналиши бўйича ҳисоб-рақам очмасдан пул ўтказмаларини амалга оширишга имкон берадиган технологияни жорий этиш борасидаги ўзаро ҳамкорлиги натижасидир.

2020 йилнинг август ойи охирига қадар ушбу хизмат «Россельхозбанк»нинг 1300дан ортиқ бўлимларида ишга туширилади ҳамда «Азия-Инвест Банк»нинг Ўзмиллийбанк, АТБ Халқ банки, АТБ Агробанк, АТБ Туронбанк, АТБ «Қишлоқ қурилиш банк», «ДАВР Банк» каби Ўзбекистондаги ҳамкор банкларда тўловларни олиш имкони мавжуд бўлади.

«Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, иккита давлат банклари — «Россельхозбанк» АЖ ва «Азия-Инвест Банк» (АЖ) ҳамкорлиги Россия Федерациясида ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ишончли ва кафолатланган пул ўтказмаларини амалга ошириш имкониятини яратмоқда», — деди «Россельхозбанк» АЖ Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Ирина Владимировна Жачкина.

Фойдаланувчиларга 7/24 режимида ўзбек ва рус тилларида ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади, «Россельхозбанк» АЖ бўлимларида банкнинг бошқа хизматларидан ҳам фойдаланиш мумкин бўлади. Шунингдек, «Россельхозбанк» АЖ пул ўтказмалари тизими фойдаланувчилари учун банкнинг барча хизмат ва воситалари тақдим этилади: мобил илова, дебет ва кредит карталари, хизматларга ҳақ тўлаш, Россия Федерациясида ишлаётган меҳнат муҳожирларига кредит бериш истиқболлари.
«Ушбу лойиҳа, шубҳасиз, «АзияЭкспресс» пул ўтказмалари тизими учун катта ютуқ ҳисобланади, чунки бу ҳамкор банкнинг кенг тармоғи орқали Россия Федерациясининг бутун ҳудудини қамраб олиш ва тўловларни Ўзбекистон Республикасининг пул ўтказмалари ҳамда тўғридан-тўғри ҳисоб-китоблар амалга ошириладиган йирик давлат банклари иштирокида амалга ошириш имконини беради, — дейди Ўзмиллийбанк Бошқаруви раиси ўринбосари Қудратилла Асатуллаевич Тўлаганов. — Банклар ўртасидаги интеграция жараёни икки йилга яқин давом этди, бу вақт давомида «Росселхозбанк» АЖ ва Азия-Инвест Банк (АЖ) техник ҳамкорлик бўйича катта ишни амалга оширди, натижада талабгир маҳсулот — трансчегаравий пул ўтказмаларига эга бўлди. Шубҳасиз, РСХБ билан стратегик ҳамкорлик масофавий банк хизматларини кенгайтириш, Ўзбекистонда пластик карточкаларга пул ўтказмаларини ўзбек сўмида ўтказиш имкониятини тақдим этишни кўзда тутади. Ҳамкорликнинг «йўл харитасида« шунингдек, Россия Федерациясида истиқомат қилаётган ва ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари учун кредит дастури кўзда тутилган».

Азия-Инвест Банкнинг (АЖ) ўз пул ўтказмалари тизими сифатида 2006 йилда рўйхатга олинган «АзияЭкспресс« пул ўтказмалари тизими ҳажмлар ва иштирокчи ҳамкорлар сони ўсиб бораётган шароитда «миллий аҳамиятга эга» тизим мақомига эга тўлов тизими сифатида рўйхатдан ўтишга умид қилади.

«Российский Сельскохозяйственный банк» акциядорлик жамияти Россиядаги энг йирик банклардан биридир. Россия Федерациясининг агросаноат соҳаси ва қишлоқ жойлари миллий кредит-молия тизимини ривожлантириш мақсадида 2000 йилда ташкил этилган банк бугунги кунда универсал тижорат банки бўлиб, барча турдаги банк хизматларини тақдим этади ва Россия агросаноат мажмуасини молиялаштиришда етакчи ўринни эгаллайди. Банкнинг овоз берувчи акцияларининг 100 фоизи Давлат мулкини бошқариш бўйича Федерал агентлик кўринишида Россия Федерациясига тегишли.

Азия-Инвест Банк (акциядорлик жамияти) томонидан 2006 йилда рўйхатдан ўтган «АзияЭкспресс» пул ўтказмалари тизими жисмоний шахслардан ҳисобрақам очмасдан пул маблағларини ўтказишни таъминлайди. «АзияЭкспресс»® жисмоний шахслар учун ҳисоб-рақам очмасдан пул ўтказмалари тизими савдо белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисининг Россия Федерацияси давлат реестридаги рақами — № 347941.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг