Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Янги қонун эҳтиёжи. Унда қандай меъёрлар тартибга солиниши лозим?

Янги қонун эҳтиёжи. Унда қандай меъёрлар тартибга солиниши лозим?

Мамлакатимизда давлат хизматининг ҳуқуқий асослари Конституция ва кўплаб қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган. Бош қонунимизнинг 2-моддасига кўра: «Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар». Шунингдек, 7-моддасида: «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир. Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади» дея қайд этилади.

Шу билан бирга давлат хизматининг айрим соҳалари ёки айрим тоифадаги давлат хизматчиларининг фаолиятини тартибга солувчи алоҳида қонун ҳужжатлари қабул қилинган. «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги, «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги, «Прокуратура тўғрисида»ги, «Судлар тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасида депутатларнинг мақоми тўғрисида»ги, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги ва шу каби қонунлар шулар жумласидандир. Уларда тегишли давлат хизматларини ташкил этиш принциплари, муайян давлат хизматчиларининг мақоми, уларга қўйилган талаблар, жавобгарлик ва бошқа меъёрлар белгилаб қўйилган. Қисқаси, давлат хизматчиларига оид ҳуқуқий масалалар соҳа қонун ҳужжатларида у ёки бу даражада белгилаб қўйилган бўлса-да, барча соҳада давлат хизматининг ягона талабларини ўрнатадиган давлат хизмати тўғрисида ягона қонун мавжуд эмас.

Бугунги кунда давлат институтида фундаментал ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Давлат органлари ва фуқаролар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги муносабатлар тобора демократлаштириб борилмоқда. Бошқарув технологиялари, инсоннинг ҳукуматга бўлган талаблари ҳам ўзгараётир. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда давлат хизматини ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш юзасидан турли шу каби анжуманларда, турли ҳуқуқшунослар ва амалиёт ходимлари томонидан, шунингдек миллий қонунчилигимизда бир қатор ғоя ва таклифлар берилган бўлса-да, лекин республикамизда бу соҳада тизимли, концептуал, яхлит ҳуқуқий асослар тўлиқ яратилмаганлигини тан олишга тўғри келади. Ўзбекистонда давлат хизматини ташкил этишнинг мавжуд ҳуқуқий асослари ва уни илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда янада такомиллаштириш зарурати мавжуд. Гарчи ягона, тизимлашган ҳуқуқий асослар яратилмаган бўлса-да, мустақиллик йилларида айнан давлат хизматини ташкил этишга доир, гарчи бирмунча тарқоқ, лекин етарли ҳуқуқий база яратилганлигини кузатиш мумкин. Жумладан, 1996 йил 1 апрелдан кучга кирган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг давлат хизматини ҳуқуқий тартибга солишнинг ҳуқуқий асоси эканлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Тўғри, ушбу Кодекс давлат хизматига доир муносабатларни иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатлар, ходимларнинг ижтимоий, меҳнат ҳуқуқлари ва мажбуриятлари нуқтаи назаридан тартибга солади.

Бироқ давлат хизматини ташкил этишнинг принциплари ва ҳуқуқий режимини белгиламайди.

Шунга қарамай Меҳнат кодекси бугунги кунда давлат хизматчилари фаолиятини унификациялашган ҳолда тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб қолмоқда. Айни пайтда Меҳнат кодексининг 18-моддасига мувофиқ, давлат хизматчиларининг меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари қонун билан белгиланади. Бошқача қилиб айтганда, кодексга мувофиқ, давлат хизматчилари меҳнати қонун даражасида қабул қилинадиган алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солиниши лозим. Бу соҳада муҳим ҳуқуқий ҳужжат сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 9 декабрдаги «Республика давлат бошқаруви органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги (ПФ-3358-сон) ва 22 декабрдаги «Хўжалик бошқарув органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги (ПФ-3366-сон) фармонларини таъкидлаб ўтиш лозим. Мазкур фармонларда республика бошқарув органлари, хўжалик бошқарув органларининг тизими ва уларнинг тоифалари аниқ таснифлаб берилган.

Кўриниб турибдики, давлат хизматини ташкил этишга оид қонунчилик бугунги кунда бир-бирига боғлиқ бўлмаган ҳолда тарқоқ ривожланиб келмоқда. Уларни унификация қилишга, ягона концептуал, тизимли қонун ҳужжати қабул қилишга эҳтиёж мавжуд. Масалан, бугун давлат хизмати нима, кимлар давлат хизматчиси ҳисобланади, давлат хизматчиларига қандай талаблар қўйилади, давлат хизматини ўташ шартлари, давлат хизматчиларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, жумладан, уларнинг давлат фоалияти билан боғлиқ бўлган таъқиқлар, уларнинг даврий ротациядан, аттестациядан ўтказишга доир ягона талаблар мавжуд эмас. Давлат хизматчиларининг тоифалари, мартаба ва унвон даражаларига оид унификациялашган қоидаларга реал эҳтиёж мавжуд.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, давлат хизматини янада ислоҳ қилишнинг муҳим бир вазифаларидан бири, фикримча, бу Ўзбекистон Республикасида давлат хизматини ташкил этишнинг умумий концепциясини ишлаб чиқиш ва унификациялашган ягона қонунчилик базасини яратиш ҳисобланади. «Давлат хизмати ва давлат хизматчилари тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниши ўз хизмат вазифасига садоқатли, юксак малакали давлат хизматчиларини тайёрлашнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилган бўлар эди. Мазкур қонунда тараққий этган давлатларининг тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда ёш кадрларнинг тегишли талабларга жавоб берганида юқорироқ лавозимларни эгаллаши мумкин бўлган даврни белгилаш, бунда ушбу даврлар учун унинг фаолиятини баҳолаб бориш (Германия);

давлат хизматида кадрлар заҳирасида турган шахсларнинг тажриба тўплашлари учун фаолият тури бошқа бўлган лавозимларга ўтказиб туриш, яъни ротация институтидан кенгроқ фойдаланиш (Буюк Британия);

давлат хизматидаги кадрлар заҳираси билан ишлашда индивидуал ёндашувга кўпроқ эътибор (Япония) ;

шахс ишга кирганидан то раҳбарлик лавозимини эгаллашига қадар замон талабларидан келиб чиқиб ўзлаштириши лозим дастурлар ишлаб чиқиш (АҚШ);

кадрлар заҳирасидаги шахсларнинг лавозимга тайинланиши учун унга қўйиладиган талаблар (қадриятлар)ни белгилаш масаласини тадқиқ қилиш (Австралия) каби масалалар ҳуқуқий тартибга солиниши, фикримизча, мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Мадорбек Машрабов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрлар тайёрлаш институти тингловчиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг