Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ангрен ИЭСга ярим миллиарддан кўпроқ компенсация тўлови белгиланди

Ангрен ИЭСга ярим миллиарддан кўпроқ компенсация тўлови белгиланди

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкент вилояти бошқармаси томонидан «Ангрен иссиқлик электр станцияси» (Ангрен ИЭС) фаолияти текширилди.

Текширув давомида корхонанинг 1- ва 3-манбаларидан атмосфера ҳавосига ташланаётган ташламалар таркибини ўрганиш бўйича таҳлил намуналари олинди. Натижада 1-манбада углерод оксиди белгиланган меъёрдан 4,37 баробар (8,3209 г/с (1,9022 г/с), азот оксиди 7,68 баробар (31,7488 г/с (4,1321 г/с), 3-манбада эса азот оксиди меъёрдан 15,24 баробар юқори эканлигини (42,3119 г/с (2,7757 г/с) маълум бўлди.

Ҳолат бўйича 2023 йил 4-чораги ва 2024 йил январь-февраль ойларида атмосфера ҳавосига ташланадиган ташламалар меъёридан ошганлиги учун қўшимча равишда 140 миллион 781 минг 348 сўм компенсация тўлови белгиланди. Шунингдек, ИЭСга 2022–2023 йиллардаги фаолияти давомида атмосфера ҳавосига ташланган ташламалар ва кўмир кули чиқиндиси учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 апрелдаги 202-сонли қарорига асосан ҳисоб-китоб қилинганлиги кўриб чиқилганда, корхонанинг чанг-газ тозалаш ускуналари самарадорлиги ҳисобга олинмаганлиги сабабли 2022 йил учун қайта ҳисоб-китоб қилинди ва қўшимча равишда 263 миллион 739 минг 791 сўм ва 2023 йил учун қўшимча равишда 129 миллион 162 минг 386 сўм компенсация тўлови ҳисобланди.

Корхонага нисбатан атмосфера ҳавосига етказилган зарар учун жами 533 миллион 683 минг 525 сўм компенсация тўлови белгиланди.

Бундан ташқари, текширув ишларига тўсқинлик қилган Ангрен ИЭС ходими Д.М.га нисбатан МЖтКнинг 197-моддаси прим 6-қисми билан баённома расмийлаштирилиб, ҳужжатлар судга юбориш учун тайёрланмоқда.

Маълумот учун, аввалроқ Тошкент вилояти Экология бошқармаси томонидан Янги Ангрен ИЭС фаолияти текширилган ва атмосфера ҳавосига ташланаётган зарарли моддалар белгиланган меъёрларга нисбатан юқори эканлиги, шунингдек, чанг-газ тозалаш ускуналари талабга жавоб бермаслиги аниқланганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг