Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ИИВ видеоси масалага мой сепди: судья билан боғлиқ можаро яна авж олди

ИИВ видеоси масалага мой сепди: судья билан боғлиқ можаро яна авж олди

Видеолавҳадан скриншот

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди судьяси Алишер Эргашев ИИБ ва Миллий гвардия ходимларининг зўравонлигига учрагани хабари берилганди. Эртаси куни воқелик юзасидан Бош прокуратура матбуот хизмати баёнот бериб, ҳолат бўйича терговга қадар текширув ишлари бошланганини маълум қилди.

Бу орада Ўзбекистон судьялар олий кенгаши ҳам баёнот билан чиқиб, юз берган вазиятни атрофлича ўрганиш ҳамда холис маълумот тўплаш мақсадида кенгаш ходимлари Сирдарёга сафарбар қилинганини билдирди.

Баёнот-у билдиришлардан кейин шов-шувлар бироз тиниб, ҳамма натижани кутишга чоғланаётган пайтда Ички ишлар вазирлиги воқелик юзасидан видеолавҳа эълон қилдики, бу муҳокамаларнинг иккинчи тўлқинини келтириб чиқарди.

Турган гап, видеолавҳада ИИВ ўз ходимларининг хатти-ҳаракатларини оқлашга уринган. Лавҳани ўз каналида эълон қилган таниқли блогер ва ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев уни «ҳақиқатга яқинроқ» деб билишини таъкидлайди.

Яна бир блогер ва ҳуқуқшунос Зафар Солижонов эса лавҳа монтаж қилингани эҳтимоли юқорилигини далиллашга ҳаракат қилиб, фақатгина судьянинг зарарига ишлайдиган қилиб тайёрланганига ишора қилади. Бундан ташқари судьянинг аризасини қайтариб олиш эвазига, ўша ердаги ИИБ ходимларини ишдан бўшатиш чоралари кўрилаётганига оид тасдиқланмаган хабарлар борлигини ҳам қистириб ўтади.

Депутат Расул Кушербаев эса бўяб-бежаб ўтирмасдан гапнинг индаллосини ёзади: «...Сирдарёдаги судья билан боғлиқ ҳолат бизда ҳақиқатни монтаж-шантаж қилиб, муаммонинг асл сабабчиларини яшира олишни қанчалар юксак «санъат» даражасига чиқаётганлигини кўрсатаяпти. Санъат шу даражадаки, асл моҳият қолиб ҳамма «тез ёрдам» театри билан овора. Тўғриси, ҳолат кулгудан ўтиб, кўнгилни беҳузур қилиш даражасига қадар етиб бораяпти. Чунки судьянинг «тез ёрдам» йўлини тўсиш саҳнаси ҳақиқатга ҳам, кадрларга ҳам ёпишмаяпти. Балки ноҳақдирман. Бироқ судьяга «тез ердам»ни деб эмас, балки бошқаларнинг йўлини тўсиб қўяётганлиги сабабли тан жароҳати етказилганини кўпчилик тушуниб етаяпти. Сабаби формали ходимларнинг «тез ёрдам» учун судьяни ҳам аямай бунчалик «рискка» бормаслигини ҳамма билади. Кимни нима билан алдаяпмиз ўзи?

Аммо асл муаммо бундамас. Муаммо хатони тан олиб, уни тўғирлаш билан ишончни қозониш сари юрмай, мавжуд катта кучдан ҳаволаниб, ҳақлигини исботлаш ва анархизмга мойил кадрлар билан шу иш тизимини сақлаб қолишга бўлган интилишнинг ҳалиям юқори эканлигида. Бу ҳақиқий фуқаролик жамияти қуриш йўлида жуда ёмон сигнал.

Кимга қизиқ бўлса, «анархизм» сўзининг маъносини қидириб кўрсин. Мен кўрдим, тўғриси яхшимас.

Хуллас, кўзларни очайлик ва рост ҳаёт билан яшашга интилайлик», – дейди депутат Р.Кушербаев

Эслатиб ўтамиз, Сирдарёда судья зўравонликка учрашидан бир неча кун бурун Сурхондарёнинг Жарқўрғон туманида маҳаллий суд раислари омма олдида  ҳоким ва ИИБ ходимлари томонидан обрўсизлантирилиб, ҳатто суд ходими дўппосланганлиги ҳақида хабарлар тарқаганди. Кеча Бош прокуратура Жарқўрғондаги воқелик бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Сирдарёда эса терговга қадар текширув ишлари давом этмоқда.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг