Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ДХХ тезкор тадбирида ИИБ ходими, солиқчи ва Миллий гвардия вакили ушланди

ДХХ тезкор тадбирида ИИБ ходими, солиқчи ва Миллий гвардия вакили ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.

Унда Навоий вилояти Томди тумани ички ишлар бўлими профилактика инспектори давлат захирасига олинган ҳудудда таркибида олтин бўлган руда қазиб олиш учун шароит яратиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан бўладиган рейд тадбирларидан огоҳлантириб туриш эвазига маҳаллий фуқародан 30 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Бухоро вилояти Когон тумани ички ишлар бўлими ходими фуқарога нисбатан ички ишлар органларига келиб тушган аризани ўзининг ваколатли ҳамкасблари орқали унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 1300 АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ушланди.

Наманган вилоятида кузатилган ҳолатда эса Давлатобод тумани давлат солиқ инспекцияси бош инспектори масъулияти чекланган жамиятнинг молиявий фаолияти юзасидан ўтказилган камерал солиқ текшируви натижасида МЧЖга 383 млн. сўмлик фойда солиғи қўшимча ҳисобланганлиги ва ушбу пул маблағи МЧЖ томонидан тўланиши кераклигини айтади.

Лекин, у солиқ ҳисоботларига ўзгартиришлар киритиш орқали ушбу суммани бартараф этиб бериш эвазига МЧЖ вакилидан 3 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Миллий гвардиянинг Андижон вилояти қўриқлаш бошқармаси Андижон туман бўлими сафдор ходими юқори лавозимда ишловчи ҳамкасблари орқали фуқарони Миллий гвардия тизимига ҳарбий хизматчи сифатида ишга киритиб қўйиш эвазига 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг