Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Халқаро суд Исроилга мажбурият юклади

Халқаро суд Исроилга мажбурият юклади

Ғазода гуманитар фалокат ҳукм сурмоқда.

Фото: Xinhua

БМТ Халқаро суди Исроил маъмуриятига Ғазо сектори аҳолисига инсонпарварлик кўмаги етказишга тўсқинлик қилмаслик ва фаластинликлар ҳуқуқларини бузмаслик талабини қўйди.

Айни вақтда Ҳаагадаги халқаро маҳкамада ЖАР томонидан Исроилга қарши геноцид айблови бўйича киритилган даъво аризаси кўриб чиқилмоқда. Жорий йил 26 январь куни қабул қилинган дастлабки қарорда Исроил Ғазо секторида геноцид ҳаракатларининг олдини олиш ва гуманитар вазиятни яхшилаш учун барча чораларни кўриши лозимлиги белгиланган.

Маҳкама томонидан куни кеча қабул қилинган расмий ҳужжатда 26 январь кунги қарордан кейин ҳам Ғазода вазият ёмонлашиб бораётгани урғуланган.

Маҳкамага кўра, Ғазо секторидаги фаластинликлар узоқ вақтдан буён ҳалокатли шарт-шароитда, озиқ-овқат ва бирламчи эҳтиёж маҳсулотларидан маҳрум ҳолда кун кечирмоқда. Шунга кўра халқаро суд Исроилга Ғазо секторига БМТ билан ҳамкорликда озиқ-овқат, сув, ёнилғи, дори-дармон етказиш, тиббий хизматни йўлга қўйиш мажбуриятини юклади.

Аввал хабар берганимиздек, 2023 йил 29 декабрь куни ЖАР Исроилни Ғазо секторида фаластинликларга нисбатан геноцид жиноятини содир этишда айблаб халқаро маҳкамага мурожаат қилган эди. Яҳудий давлати ҳарбийлари 1948 йилда қабул қилинган Геноцид тўғрисидаги конвенцияни бузган ҳолда, Ғазода минглаб тинч аҳоли вакилларини ўлдириш, Фаластин аҳолисини қасддан қиришда айбланмоқда.

Ғазода очлик авж олиши ортидан ЖАР 6 март куни Халқаро судга Исроилга қарши қўшимча чоралар кўришни сўраб такрорий мурожаат йўллаган эди.

Қамал ҳолатидаги Ғазо секторининг 2,3 миллион аҳолиси, хусусан, юз минглаб болалар очлик домида қолмоқда.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк Исроилнинг очликдан азият чекаётган Ғазо аҳолисига инсонпарварлик кўмаги етказишга тўсқинлик қилаётгани ҳарбий жиноят сифатида таснифланишидан огоҳлантирди.

17 йил қисман блокада шароитида яшаган Ғазо сектори 2023 йил октябрь ойидан буён тўлиқ қамал остида. Ҳудудга сув, озиқ-овқат, ёнилғи кириши чекланган. Айни пайтда аҳоли ҳаётига Исроил бомбаларидан ташқари очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар хавф солиб турибди.

БМТга кўра, сўнгги вақтларда Ғазода очлик даражаси 12 бараварга ортган.

ЮНИСЕФ Исроил «болаларга қарши уруш» олиб бормоқда деб ҳисоблайди.

2023 йил октябрдан 2024 йил февралга қадар Ғазо секторида 12300 дан зиёд бола ҳалок бўлди. Бу охирги тўрт йил ичида бутун дунёдаги урушларда ҳалок бўлган болалар сонидан (12193 нафар) ҳам кўпроқдир.

Бомбардимонлар, очлик ва юқумли хасталиклар сабаб ўлим сони кун сайин ошиб бормоқда.

Халқаро тартиб шу қадар ожиз ва заиф ҳолга келганки, ҳатто  БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан қабул қилинган зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияга ҳам риоя қилинмаётир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг