Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Исроил «ваҳшиёна жиноят»да айбланди

Исроил «ваҳшиёна жиноят»да айбланди

1400 йиллик тарихнинг яксон қилиниши. Фото: Reuters

Исроил армияси Ғазо секторидаги энг қадимий меъморий обида саналган Умар масжидини вайрон қилди. ҲАМАС ҳаракати кўҳна масжиднинг бомбаланишини «ваҳшиёна жиноят» деб атаган. 

Халқаро ахборот агентликлари тарқатган видео ва фотосуратларда Умар жомеъ масжиди хонақоҳи вайрон этилгани, омон қолган ягона тош минорада ҳам дарзлар пайдо бўлганини кўриш мумкин.

Фаластин туризм ва тарихий мерос вазирлиги халқаро ҳамжамият, хусусан, ЮНЕСКОни амалий ҳаракатга даъват қилган.

«Меъморий обидаларга ҳужум уюштириш ва уларни йўқ қилиш билан боғлиқ жиноятлар дунё ҳамжамияти ҳамда ЮНЕСКОни тамаддун ва маданиятга дахлдор меросни сақлаш бўйича амалий саъй-ҳаракатларга ундаши керак», – дейилади баёнотда.

Рим, юнон ва ислом анъаналарини мужассам этган масжид Ғазонинг меъморий дурдонаси эди.

Фаластинликлар илк ўрта асрларга оид меъморий дурдонанинг вайрон қилинишидан дарғазаб бўлган. Хусусан, 45 ёшли Аҳмад Немер Reuters агентлиги мухбири билан суҳбатда масжид бомбаланганидан тили калимага келмай қолганини айтар экан, Исроилни тарихий хотирани ўчиришга уринишда айблаган.

«Буюк масжид» деб аталадиган жомеъга 634 йилда Умар ибн ал-Ҳаттоб розияллоҳу анҳу халифалиги даврида асос солинган ва у улуғ саҳоба номи билан аталган. Масжид V асрда қурилган ва 614  йилда вайрон қилинган ибодатхона ўрнида қад ростлаган.

BBC маълумотига кўра, Ғазонинг эски шаҳар қисмида жойлашган масжид табиий офат ва урушларда бир неча бор вайрон қилинган ва қайта тикланган. 

Исроил армияси ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужумига жавобан Ғазо ҳудудида кенг кўламли ҳарбий амалиёт ўтказмоқда. Исроил авиаҳужумлари оқибатида Ғазода 17500 га яқин тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди. 47 мингга яқин киши жароҳатланди. Дараксиз йўқолган ёки вайроналар остида қолганлар сони ҳам бир неча мингларни ташкил этади.

Фаластин томони Исроилнинг сўнгги ҳужумлари оқибатида Ғазодаги 104 та масжид ва 3 та черков вайрон қилинганини билдирган. Авиаҳужумларда, жумладан, 1000 йиллик тарихга эга Авлиё Порфирий юнон православ черкови ҳам яксон этилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг