Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Шушада икки ракат намоз ўқиш орзум эди...» – Нобель мукофоти соҳиби Азиз Санжар Қорабоғ ғалабаси ҳақида

«Шушада икки ракат намоз ўқиш орзум эди...» – Нобель мукофоти соҳиби Азиз Санжар Қорабоғ ғалабаси ҳақида

Азиз Санжар уч йил аввал Ўзбекистонда ҳам меҳмон бўлган.

Фото: «Xabar.uz»

Туркиялик таниқли олим, кимё йўналишида Нобель мукофоти совриндори Азиз Санжар Озарбайжоннинг Қорабоғдаги зафарини барча туркий халқларнинг ғалабаси деб атади. Бокуда ўтган матбуот анжуманида сўзлаган олим Қорабоғ ғалабасини туркий дунёнинг Туркиядаги озодлик курашидан кейинги муҳим ҳодисаси ўлароқ баҳолаган.

Азиз Санжар Озарбайжоннинг маданий пойтахти саналган Шуша шаҳрига боришни азалдан орзу қилганини таъкидлаган. 

«Шуша шаҳри ишғолдан озод этилса, у ерга бориб икки ракат шукр намози адо этишга ўз-ўзимга сўз бергандим. Бундан кейин ўлимдан қўрқмасам ҳам бўлади. Аллоҳга шукрки, бу орзум ҳам ушалди», – деган Азиз Санжар.

Айни чоқда, олим Қорабоғдаги ғалаба осонликча қўлга киритилмаганини таъкидлаб, бу йўлда жонини фидо қилган ҳарбийларни эҳтиром билан тилга олган.

Таниқли олим Туркиянинг Озарбайжондаги элчиси Жаҳит Багчи ҳамроҳлигида Шушани зиёрат қилди.

«Ҳуррият берилмайди, балки олинади. Ҳеч бир куч бошқа давлатнинг ерини босиб олишга ҳақли эмас», – деган айни пайтда АҚШнинг Шимолий Каролина университетида фаолият юритаётган профессор.

Таниқли олим, шунингдек, туркий халқларни илму фанга кўпроқ сармоя киритиш, илғор технологияларни ривожлантиришга ундаган. Ана шунда туркий халқларнинг қўли нафақат ҳарбий, балки интеллектуал жабҳада ҳам баланд келади.

«Қурол-аслаҳа, ҳарбий техникани пулга сотиб олса бўлади. Лекин улар сафдан чиқса, билим ва малакасиз аро йўлда қолиб кетишингиз тайин. Фундаментал билимларга катта сармоя киритиш орқали биз чинакам мустақилликка эришмоғимиз мумкин», – деб таъкидлаган Нобель мукофоти совриндори.

Олимга кўра, коронавирус пандемияси илмий фаолиятга кучли зарба берди. Талабалар ва олимлар лабораторияларда илмий изланишлар олиб бориш имконидан маҳрум бўлди. Кимё бўйича етук олим «COVID-19 хитойликлар томонидан атайин яратилган» деган тахминни рад этиб,  вирус табиий йўл билан вужудга келганини қайд этган.

Азиз Санжар Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни мунтазам кузатиб келади. У ўтган йили Арманистон қуролли кучлари ҳужуми оқибатида ота-онасидан айрилган ганжалик Хадижа Шоҳназарованинг таҳсили учун ҳам молиявий кўмак ажратган эди.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон армияси Қорабоғда 2020 йил 27 сентябрдан 9 ноябрга қадар Арманистон Қуролли кучларига қарши кечган жангларда қарийб 30 йил ишғол остида бўлган ҳудудларини қайтариб олди. 2020 йилнинг 10 ноябрида Озарбайжон, Арманистон ҳамда Россия ўртасида уч томонлама битим имзоланди. 44 кунлик уруш якунида Қорабоғдаги 5 та шаҳар (шу жумладан, Шуша шаҳри), 4 та посёлка ҳамда 286 та қишлоқ яна Озарбайжон тасарруфига ўтди. Шу тариқа мамлакат ҳудудий яхлитлиги тикланди.

Нобель мукофоти совриндори Азиз Санжар 2018 йил октябрь ойида Ўзбекистонга ҳам ташриф буюрган. Ташриф давомида туркиялик олимга ЎзМУ фахрий доктори унвони тақдим этилган.

Таниқли олим интервьюлардан бирида Ўзбекистонни «ота юрт Туркистоннинг қалби» деб атаган.

«2015 йилда менга кимё ва биокимё фанлари бўйича Нобель мукофоти берилганида бу нуфузли мукофотни мазкур фанларга асос солган ал-Беруний ва Ибн Синоларнинг авлоди сифатида қабул қилиб олдим», – дея юртимизга эҳтиром изҳор этган Азиз Санжар.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг