Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Россиялик судья Путин қабулига антиқа харита кўтариб келди

Россиялик судья Путин қабулига антиқа харита кўтариб келди

 Фото: ТАСС

Россия Конституциявий суди раиси Валерий Зорькин президент Владимир Путин қабулига XVII асрга оид харита кўтариб келди. Судья француз қироли Людовик XIV даврига оид харитада Украина номи қайд этилмаганини урғулаган.

Суҳбат давомида Путин Конституциявий суд раиси фикрини қўллаб-қувватлаган ҳолда совет ҳокимиятига қадар Украина деган давлат бўлмаганини даъво қилган.

Бу ҳолат таҳлилчилар томонидан тарихни сиёсат измига солишга уриниш деб баҳоланди.

«X асрга  оид харитага қарасангиз, Москвани топа олмаймиз, лекин Русь давлати пойтахти сифатида Киев кўрсатилган. Нима, шунга кўра Украина пойтахти аҳолиси москваликларнинг мавжудлигини шубҳа остига олиб, ҳудудни қайтариш даъвоси билан чиқиши керакми? Страбон ёки Птолемей хариталарига назар ташласангиз, Юнонистон ёки Мисрни топасиз, лекин Россия деган номдан асар ҳам йўқ», – деб ёзди ўз даврида Путинга спичрайтерлик қилган сиёсатшунос Аббас Галлямов.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Юлий Юсупов ҳам замонавий давлатчиликни ўтмиш қаричи билан ўлчаш хатарли эканидан огоҳлантирган.

«Европа хариталарида айни пайтда Россия давлати жойлашган ҳудуд Татария ёки Тартария деган ном билан қайд этилган. 1771 йилда чоп этилган  Британия энциклопедиясида ҳам ушбу ҳудуд «Буюк Тартария» деб номланган. Чунки Московия ўз даврида мўғул империясининг Жўжи улуси таркибига кирган эди», – дея тарихий фактларни ёдга солган Ю.Юсупов.

Владимир Путин 2020 йилда ҳам СССР таркибида бўлган республикалар Иттифоқ таркибидан чиқиш пайти ўзи билан Россияга тегишли улкан ҳудудларни олиб чиқиб кетганини даъво қилган эди. Ўшанда россиялик таниқли олим, тарих фанлари доктори Сергей Абашин бу даъвога кескин эътироз билдирганди.

Россия раҳбари уч йилча аввал коронавирус пандемиясига қарши кураш чораларига бағишланган видеомулоқотда халқни руҳлантириш учун печенег ва қипчоқ элатлари устидан қозонилган ғалабани ёдга олган. Ўшанда ўзбекистонлик олима Путин нутқидаги яширин маънони очиб берганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг