Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Россияда йўловчи самолёт маккажўхори майдонига қўндирилди

Россияда йўловчи самолёт маккажўхори майдонига қўндирилди

Фото: Baza

Россиянинг «Уральские Авиалинии» авиакомпаниясига қарашли А321 самолёти авария ҳолатида маккажўхори майдонига қўндирилди.

Самолёт Жуковский - Симферопол йўналиши бўйлаб учиши керак эди. Бортда 226 йўловчи ва 7 нафар парвоз ходимлари ҳамда учувчилар экипажи бўлган. Самолёт учиш-қўниш йўлагидан ҳавога кўтарилгани ҳамоно қушлар галасига тўқнаш келган ва бир нечтаси двигател ичига кириб кетган. Оқибатда самолётда носозлик ҳолати юзага келган. Баъзи манбалар томонидан хабар қилинишича, двигателлардан бири ёна бошлаган.

Экипаж шошилинч ҳолатда қўнишга қарор қилган ва самолёт учиш-қўниш йўлагидан бир километр узоқликдаги маккажўхори майдонига қўндирилди. Учувчилар қарорига кўра қўниш вақтида самолёт шассиси (ғилдираклари) чиқарилмаган ва двигателлар ўчириб қўйилган.

Ҳалокатли қўниш муваффақиятли амалга ошди, қурбонлар йўқ, аммо турли даражада тан жароҳати олганлар мавжуд. Хусусан, 23 нафар йўловчи тан жароҳати олган бўлиб, улардан 5 нафари болалар. Шунингдек бир йўловчининг жароҳати анча оғир экани айтилмоқда.

Самолёт ҳаракатдан тўхтагани ҳамоно экипаж аъзолари барча йўловчиларни ҳаво тўлдирилган трап орқали эвакуация қилган. Жабрланганлар дарҳол Жуковский шаҳридаги тиббиёт бирлашмасига етказиб борилган.

Қолган йўловчилар эса Жуковский аэропортига автобусларда олиб кетилди. Улар учун «Уральские Авиалинии» авиакомпанияси заҳира самолёти юборган. Айни вақтда ҳалокат сабабларини ўрганиш учун махсус комиссия ташкил этилди ва иш олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг