Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Россия Марказий Осиёга тезроқ виза жорий этсин!..» – салбий деб баҳоланаётган ҳодисанинг ижобий жиҳати ҳақида

«Россия Марказий Осиёга тезроқ виза жорий этсин!..» – салбий деб баҳоланаётган ҳодисанинг ижобий жиҳати ҳақида

Фото: «Centralasia.media»

Қирғизистонлик журналист, «Kloop» платформаси асосчиси Бектур Искендер Россия сиёсий арбобларининг Марказий Осиё давлатлари фуқароларига виза тартибини жорий этиш ҳақидаги фикрларига муносабат билдирди. Журналист виза тартибининг кўпчилик муҳокама этаётган салбий жиҳатига эмас, балки ижобий нуқтасига эътибор қаратган.

«Ҳар гал россиялик бирор депутат Марказий Осиё мигрантларига виза тартибини жорий этишни таклиф қилганида, «Илтимос, тезроқ жорий қилақолинглар!» дейман ўз-ўзимга. Виза тартибини умуман жиним суймайди. Аммо Россия ўз ихтиёри билан биздан иҳоталанар экан, бу ҳодиса тезроқ рўй беришига умид қиламан. Ҳа, дастлабки вақтлар меҳнат муҳожирларидан пул келиши кескин қисқариши сабаб бизга осон бўлмайди. Аммо бу ҳол иқтисодий тараққиётнинг муқобил йўлларини топишга туртки беради. Сираси, Россиясиз яшашга ўрганиш – унинг барча собиқ колониялари учун оламшумул вазифа. Бу жараёнга Россиянинг ўзи рағбат кўрсатгани эса айни муддаодир», – деб ёзади Бектур Искендер.

Журналистга кўра, виза режими ҳақидаги гаплар шунчаки пўписа, холос. Негаки, Марказий Осиё давлатларининг иш топишга бўлган эҳтиёжидан кўра Россиянинг ишчи кучига бўлган эҳтиёжи кучлироқдир. Қолаверса, Москва меҳнат муҳожирларидан иқтисодий ричаг сифатида фойдаланишга ҳам одатланган.

Шунга кўра «Kloop» платформаси асосчиси минтақа давлатлари Россияга муте бўлмаган ҳолда, муқобил иқтисодий тараққиёт йўлларини топиши кераклигига урғу беради.

Эслатиб ўтамиз, яқинда «Справедливая Россия – За правду» партияси етакчиси Сергей Миронов Марказий Осиё давлатлари билан виза режимини жорий этиш кераклигини айтди. Cиёсатчи бунга далил сифатида асосан мамлакат иқтисодиётини арзон ишчи кучидан ҳимоялаш заруратини келтирган.

С.Мироновнинг бу таклифини ижобий баҳолаган Меҳнат муҳожирлари касаба уюшмаси раиси Ренат Каримов ҳам виза тартиби мигрантлар учун муносиб иш шароити яратишга хизмат қилишини қайд этган. Чунки иш берувчи виза билан келган меҳнат муҳожирини муносиб маош ва тураржой билан таъминлашдан бўйин товлай олмайди.

Экспертларга кўра, виза тартибини жорий этиш Россиянинг на геосиёсий, на иқтисодий манфаатларига тўғри келади.

Миграция сиёсати бўйича глобал уюшма аъзоси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Ирина Ивахнюкнинг таъкидлашича, виза тартиботи Кремлнинг ташқи сиёсатига салбий таъсир кўрсатади. Қолаверса, демографик омил ҳам расмий Москвани визасиз режимни сақлаб қолишга мажбур этади.

«Россия аҳолининг қариши ва меҳнатга лаёқатли фуқаролар сонининг шиддат билан қисқаришидек демографик тангликни бошдан кечирмоқда. 1950-60 йилларда туғилган кўп сонли «қўшин» нафақага чиқмоқда. 1990-йилларда туғилган авлод эса мавжуд иш ўрнини тўлдиришга ожиз», – дейди профессор Ивахнюк.

Умуман, Марказий Осиё фуқароларига виза тартибини жорий этиш таклифи рус сиёсий доираларида бот-бот янграб туради. Масалан, яқинда Москва мэри Сергей Собянин ҳам қурилишларга муҳожирларни камроқ жалб этишни уқтирган эди.

Аммо аксар таҳлилчилар юқорида зикр этилган сиёсий, иқтисодий омилларга кўра бу таклифнинг амалга ошишига шубҳа билан қарайди.

Икки йил аввал ҳам Россия Ўзбекистон фуқароларига виза жорий этишга ҳозирлик кўраётгани ҳақида овоза тарқалган, пировардида эса, ўша пайтдаги ҳукумат раиси  Дмитрий Медведев томонидан рад этилган эди.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг