Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қозоғистонда ғалаёнлар: барига мутафаккир Абай асарларида жавоб бор...

Қозоғистонда ғалаёнлар: барига мутафаккир Абай асарларида жавоб бор...

Қозоғистонда сўнгги ҳафталарда кузатилаётган нотинч вазият дунё ҳамжамияти эътиборини қардош ўлкага қаратди. Албатта, норозилик намойишидан бошланган ғалаёнларнинг сабаб ва оқибатлари ҳали узоқ тадқиқ этилади, сиёсатшунослар, иқтисодчилар, социологлар, психологлар ўз хулосаларини айтади.

Шу кунларда қозоқ халқининг улуғ фарзанди, шоир ва маърифатпарвар Абай Қўнонбоев (1845-1904) асарларини варақлаб, ғалаёнларга қисман жавоб топгандек бўлдим. Мутафаккир фожиаларни олдиндан сезгандек ҳикмат ва шеърларида ўзи билан ўзи ёвлашган халқ, оломоннинг вайронкор кучи, давлатни идора этиш масъулияти ҳақида аччиқ ҳақиқатларни баён этади...

Суқротга заҳар ичтирган, Жанна д`Аркни ўтда ёндирган, Исони хочпарчин қилган ким? Оломон. Демак, оломоннинг ақли йўқ. Эвини топда уни ҳақ йўлга сол.

* * *

Баҳс – аслида илм ўрганишнинг бир йўли. Бироқ унга ортиқча ҳирс қўйиш ярамайди. Чунки баҳсга ортиқча ҳирс қўйишдан мағрурлик, мақтанчоқлик, хусумат, ёлғончилик, ҳатто арзимаган нарсадан жанжал чиқариш ва бировга мушт кўтариш каби ёмон фазилатлар туғилади.

* * *

Тўқ тиланчи – одамнинг шайтони,

Илмсиз сўфи – мўлтони.

* * *

Худога ҳам, бандасига ҳам хуш келмайдиган, ор-номусни оёқости қиладиган ишлардан ўзини соф тута олмайдиган, беҳуда мақтовларга учадиган, ўзининг қилаётган ишини ўзи сезмайдиган йигитни яхши йигит деб бўладими? Садқаи яхши йигит кетсин у!

* * *

Довюрак инсон юрак амрига амал қилади ва бир сўзли бўлади: у карвоннинг ортидан ит каби эргашавермайди, балки йўлдан адашганлар отининг бошини тўғри йўлга буриб юборишга ярайди.

* * *

Қозоқ ҳам хом сут эмган одам болаларидан бири. У ҳам бошқаларга ўхшаб ҳаётда адашиши мумкин. Нодонлиги учун эмас, балки ақл-идрокка қулоқ солмаганидан, ақллининг сўзини ўқиб олишда юрагида ғайрат-шижоат етишмаслигидан адашади.

* * *

Бехосдан ёмонлик қилиб қўйганимни билмай қолдим деган кишиларга ишонмайман. Кўпинча бундай ҳолат иродасизлик ва ор-номуссизлик туфайли содир бўлади.

* * *

Зўр йигит, полвон йигит, абжир йигит деган олқишлар билан “Олға, ботирим!” дея ғўр йигитларни балога йўлиқтириб, жувонмарг қилганларнинг ҳам гувоҳи бўлдим.

* * *

Одамнинг одамгарчилиги ишни қандай бошлаганидан билинади, қандай битирганидан эмас.

* * *

Қозоғим, шўрли юртим, вайрон юртим!

Қоронғида йўл топмай, ҳайрон юртим!

Ёмон билан яхшини фарқ қилолмай,

Оғзида ҳам қон, ҳам мой, сарсон юртим!

* * *

Отасининг боласи – одамнинг душмани, одамнинг боласи – жигаринг.

* * *

Одам боласини замон вояга етказади, кимда-ким ёмон бўлса, бунинг учун унинг замондошларининг барчаси айбдор.

* * *

Ўзи билан ёвлашган юртим, тингла!

Ўзи билан довлашган юртим, тингла!

Дардингга даво бўлсин ўланларим,

Бир-бирини овлашган юртим, тингла!

* * *

Агар қонун қудрати менинг қўлимда бўлса эди, одамнинг феълини тузатиб бўлмайди деган кишининг тилини кесар эдим.

* * *

Аччиқланиб бақирганнинг зиёни йўқ, ғазабланиб индамагандан қўрқ.

* * *

Бахти ортиқ подшодан ақли ортиқ фақир яхши.

* * *

Бий бўлди қийқим бойлар бош-бошига,

Доғ солди, заҳар солди юрт ошига,

Қўрқаман, асоси йўқ кўр сингари,

Элим унар бузуқлар алдашига!..

* * *

Хални бошқариш дейсизми? Йўқ, халқни идора этиб бўлмайди. Бу оғир юкни зиммасига бедаво хасталик орттиришни истаган одам ёки юраги қайноқ жўшқин йигит олақолсин. Гарданимга бундай залворли юк тушишидан Оллоҳнинг ўзи сақласин!

* * *

Элат билан элат ёв бойлик учун,

Оға билан ини ёв сийлик учун,

Қозоғим, ўз-ўзингни ўйламасанг,

Бадбахт кунга қолмасми тақдир бутун?

* * *

Кимнинг бошига ғам-ташвиш тушмайди? Умидни узмоқ – матонатсизлик. Дунёда ҳар нарсанинг интиҳоси бор, ёмонликнинг ҳам охири йўқ деб ким айтади? Қалин қорли қаҳратон қишнинг ортидан кўм-кўк майсалари мўл, ёмғири кўл кўклам келмайдими, ахир!..

С.Салим тайёрлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг