Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қозоғистон сармоя муҳитини ўзгартиришга бел боғлади

Қозоғистон сармоя муҳитини ўзгартиришга бел боғлади

Қозоғистон хориж сармоясини кўпроқ жалб қилиш учун амалий чораларни кучайтиришга киришди. Kazinform ахборот агентлиги хабарига кўра, президент Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан имзоланган «Мамлакат иқтисодиётига сармоя жалб этиш бўйича саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор ана шунга қаратилган. 

«Сармоя иқтисодиётнинг бош двигателларидан бири саналади. Энерготизимни модернизация қилиш зарурати, саноатлаштириш бўйича катта режалар, шунингдек, қатъий пул-кредит сиёсати инобатга олинса, Қозоғистоннинг инвестицияларга эҳтиёжи кучли», – дейди молиявий таҳлилчи Андрей Чеботарёв.

Қозоғистонга 2021 йилда 23,8 миллиард, 2022 йилда 28 миллиард доллар тўғридан-тўғри хориж сармояси жалб этилган. Жорий йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич 13,3 миллиард долларни ташкил қилган.

Сармояларнинг катта қисми хомашё секторига киритилган. Ўтган йили нефть-газ қазиб олишга 9,6 миллиард, металлургияга 4 миллиард доллар сармоя жалб этилгани ҳолда, электр таъминоти тизими 635,6 миллион доллар, озиқ-овқат ишлаб чиқариш йўналиши 177,9 миллион долларга қаноат қилган.

Шунга кўра, Қ.Тўқаевнинг янги фармонида сармоя муҳитини тубдан яхшиланиш вазифаси қўйилган.

Ҳужжатда ҳукумат ҳузуридаги Сармояларни жалб қилиш бўйича кенгаш ваколатларини кенгайтириш, масъул раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш кўзда тутилган. Кенгашга қонун кучига эга ҳужжатлар қабул қилиш ваколати ҳам берилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг