Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қатлиом, иштаҳаси карнай «сариқ аждар», олимлардан огоҳлантириш (фото)

Қатлиом, иштаҳаси карнай «сариқ аждар», олимлардан огоҳлантириш (фото)

Жорий ҳафта олис Эквадордан Яқин Шарққа қадар – дунё бўйлаб ғалаён, норозилик намойиши ва сиёсий зиддиятлар кузатилди. Xabar.uz ҳафта давомида рўй берган ҳодисаларга карикатуралар орқали назар ташлайди.

1. 11 январь куни Ҳаагадаги Халқаро жиноят судида Жанубий Африка Республикасининг Исроилга қарши даъвоси кўрила бошлади. ЖАР маҳкамага киритган ва бир қатор давлатлар расман дастаклаган даъвога кўра, Исроил Ғазода фаластинликларга нисбатан геноцид жиноятини содир этишда айбланмоқда. Даъвогар Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиёти зудлик билан тўхтатилиши керак деб ҳисоблайди. Шунингдек, Исроил ҳарбийлари содир этган геноцид жиноятини бандма-банд тафтиш этиш ва айбдорларни жазолаш сўралган. ЖАР озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва ёнилғидан маҳрум қилинган, бошпанасидан ҳайдалдан 2,3 миллион ғазоликларни уй-жойига қайтариш ва уларга муносиб яшаш шароити яратишни талаб қилмоқда. Расмий Тель-Авив айбсизлиги ҳақида баёнот берган.

Карикатура: Tjeerd Royaards

2. 13 январь куни Тайванда бўлиб ўтган президент сайловида иқтидордаги Демократик тараққиёт партияси номзоди 64 ёшли Уильям Лай (Лай Циндэ) ғалаба қозонди. У Хитойдан иқтисодий қарамликка барҳам бериш ва АҚШ билан яқинлашиш тарафдори. Сайловда асосий рақиб бўлган Гоминьдан партияси вакили Хоу Юи эса Хитой билан яқинлашиш керак деган позицияда. Тайвандаги сайловни бутун дунё синчковлик билан кузатди. Хитой раҳбарияти янги сайланган президент Уильям Лайни айирмачи деб билади. Расмий Пекин Тайвань мустақиллик эълон қилгудек бўлса, уруш очмоқчи.

Карикатура: Paresh Nath

3. 12 январь тунида АҚШ ва Буюк Британия ҳусийлар («Ансоруллоҳ») бошқарувидаги Яман шимолига ракета зарбалари берди. Ҳарбий амалиётга Австралия, Баҳрайн, Канада ва Нидерландия кўмак берган. Вашингтон ва Лондон бу ҳусийларнинг Қизил денгиздаги савдо кемаларига уюштирган ҳужумларига жавоб эканини билдирган. Ғарб давлатлари ҳусийларга қарши ҳарбий амалиётни қўллаб-қувватлаган. Россия, Эрон қоралаган. Хитой томонларни вазминликка чақирган. Ҳусийлар Исроил Ғазода фаластинликларга қарши урушни тўхтатмас экан, Қизил денгизда мазкур давлатга алоқадор савдо кемаларига ҳужум уюштиришда давом этишини маълум қилган. 

Карикатура: Awantha Artigala

4. Тинч океани соҳилида жойлашган Эквадор давлатида жорий ҳафта нотинч кечди. Мафия ва жиноий гуруҳларнинг ғалаёни ортидан мамлакат президенти Даниэль Нобоа 8 январь куни мамлакатда 60 кунлик фавқулодда ҳолат жорий қилди. Қамоқхоналардан бошланган исён шаҳарларга ёйилди. Жиноий тўдалар автомобилларга ўт қўйди, қўлбола бомбаларни портлатди, маҳаллий телеканални босиб олди, одамларни гаровга олди. Эквадор раҳбарияти тартиб-интизомни таъминлаш учун бутун армияни оёққа турғазди. 

Карикатура: Ramón Díaz Yanes

5. Африка шарқидаги Сомали ва Эфиопия ўртасида жиддий дипломатик зиддият юзага келди. Бунга эса Эфиопия бош вазири Абий Аҳмад Али ва Сомалиленд раҳбари Мусо Биҳи Абди ўртасида тузилган битим сабаб бўлди. Битимда Эфиопия Сомалиленднинг мустақиллигини тан олиши, Сомалиленд эса бунинг эвазига Эфиопияга денгиз портларидан фойдаланиш имконини бериши кўзда тутилган. Сомали бу битимни ўз суверенитетига таҳдид деб баҳолаб, қўшни Эфиопияга кескин норозилик билдирди. 3,5 миллион нуфусли Сомалиленд 1991 йилда Сомалидан мустақиллик эълон қилган. Аммо халқаро ҳамжамият уни Сомалининг таркибий қисми деб билади. 

Карикатура: Simon Regis

6. Европа Иттифоқининг Коперник номидаги Иқлим ўзгаришлари хизмати 9 январь куни эълон қилган ҳисоботга кўра, 2023 йил энг иссиқ йиллардан бири бўлди. Йиллик ўртача ҳаво ҳарорати 1,48 даражага кўтарилди. Бу эса Париж битимига мувофиқ белгиланган 1,5 лик чегарага бир қадам қолганини англатади. Олимлар одамзот, ҳайвонот ва набототнинг ҳаво ҳарорати кўтарилишига мослашуви оғир кечишидан огоҳлантирмоқда. 

Карикатура: Nahid Maghsoudi

7. Олмон деҳқонлари иттифоқи (DBV) томонидан уюштирилган фермерларнинг норозилик намойишлари давом этмоқда. Германия ҳукумати бюджет маблағларини тежаш мақсадида фермерларнинг солиқ имтиёзи ва дизель ёнилғиси бўйича чегирмани бекор қилмоқда. Бу орқали 480 миллион еврони тежаш режалаштирилган. Молиявий имтиёзлар бекор қилинишидан норози фермерлар мамлакат бўйлаб норозилик акциялари ўтказмоқда. Намойишлар доирасида катта йўллар тракторлар билан тўсиб қўйилган. 

Карикатура: Marian Kamensky

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг