Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Олмонларнинг Асосий қонунга ишончи қандай?

Олмонларнинг Асосий қонунга ишончи қандай?

Германия Конституцияси қабул қилинганига 75 йил тўлди. Шу муносабат билан Дрезден техника университети ҳузуридаги «Миграция ва демократия» маркази ўтказган ижтимоий сўров олмонларнинг Асосий қонунга ишончи кучли эканини кўрсатди.

«Турли сиёсий қутбларнинг фикр, нуқтаи назар борасидаги ихтилофларига қарамай, Асосий қонун демократиянинг мустаҳкам таянчи бўлиб қолмоқда», – дейди «Миграция ва демократия» маркази раҳбари Ҳанс Форлендер.

Респондентларнинг 81 фоизи Германия Конституцияси ҳаётбахшлигини исботлади деб ҳисоблайди. Фақат 6 фоиз иштирокчигина бунга зид фикрда.

Аҳолининг Асосий қонунни сақлашга бўлган интилиши ҳам юқори: 78 фоиз респондент Конституцияни унга қарши саъй-ҳаракатлардан ҳимоя қилишга шайлигини билдирган.

Ижтимоий сўров давомида германияликлар учун сўз эркинлиги, инсон қадр-қиммати дахлсизлиги, табиий бойликларнинг давлат томонидан муҳофаза этилиши, йиғилиш ва намойишлар эркинлиги ўта муҳим экани маълум бўлди.

Ҳукумат ва парламентдан фарқли ўлароқ аҳолининг федерал Конституциявий судга ишончи баланд экани аниқланди.

Иккинчи жаҳон уруши якунланганидан тўрт йил ўтиб, 1949 йилнинг 23 майида имзоланган Асосий қонун Германия Федератив  Республикасининг ҳуқуқий пойдевори вазифасини ўтаган.

1948 йилнинг августида Бавария қироли Людвиг II нинг қароргоҳи – Ҳерренкимзе қасрида Конституциявий кенгаш мажлислари бўлиб ўтган. Ғарбий ҳудудлар вакилларидан иборат Кенгаш Иккинчи жаҳон уруши хатоларидан сабоқ чиқарган олмон давлатининг Асосий қонуни тамойилларини ишлаб чиқиши лозим эди.

Конституциявий кенгашнинг тарихий аҳамияти шундаки, икки ҳафта ичида нафақат Германия, балки бутун тараққийпарвар Ғарб келажаги учун муҳим аҳамият касб этган ҳужжат тарҳи тайёрланган.

Баҳс-мунозаралар жараёнида федерал ҳукуматнинг кенг ваколатларга эга бўлиши, федерал президентнинг бетарафлиги каби масалаларда муштарак хулосага келинган. Мамлакат демократик-ҳуқуқий йўлни танлагани белгиланган.

Германия ўша вақтда икки лагерга бўлингани сабаб Конституция муваққат равишда Асосий қонун деб аталган. Яъни «Конституция оталари» мамлакатнинг шарқий ҳудудлари – Германия Демократик Республикасининг бирлашуви омилини ҳам назардан қочирмаган. 1990 йил 3 октябрда ғарбий ва шарқий ҳудудлар бирлашганидан кейингина ушбу ҳужжат бутун олмон халқининг Конституцияси деб эътироф этилган.

Асосий қонун «Инсон қадр-қиммати дахлсиздир. Уни ҳурмат қилиш ва муҳофаза этиш давлат ҳокимиятининг мажбуриятидир» деган модда билан бошлангани бежиз эмас. Ўтган йиллар мобайнида ушбу ҳужжатга кўплаб ўзгартиришлар киритилган бўлса-да, инсон қадр-қиммати ва асосий эркинликларига доир моддалар ўзгаришсиз қолди.

«Асосий қонунда мамлакатимизни яшаш учун жозибадор қилган, барқарор демократиямизни ғанимлардан ҳимоя қилишга қаратилган барча қадрият ва қоидалар мужассамдир», – дейди Германия канцлери Олаф Шольц 75 йиллик сана муносабати билан чиқишида.

Олмон ҳукумати раҳбари Конституцияни ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини ҳам урғулаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг