Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нобель мукофоти соҳиби қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Нобель мукофоти соҳиби қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Бангладешлик таниқли олим, Нобель мукофоти соҳиби, Grameen Telecom ширкати раиси Муҳаммад Юнус меҳнат қонунчилигини бузишда айбдор деб топилиб, 6 ойга озодликдан маҳрум этилди. Dhaka Tribune нашри хабарига кўра, суд Муҳаммад Юнусни гаров эвазига озодликка чиқаришга қарор қилган.

83 ёшли иқтисодчи олим билан бирга Grameen Telecom ширкатининг уч нафар раҳбари ҳам маҳкамага тортилган.

Судланувчилар Дакка шаҳри суди ҳукми устидан Олий судга шикоят қилиши кутилмоқда.

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти профессор Муҳаммад Юнусга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланганини қоралаган.

«Муҳаммад Юнус ва унинг ҳамкасбларига фуқаролик ва маъмурий масалаларда жиноий иш қўзғатилгани меҳнат қонунчилиги ва одил судловнинг суиистеъмол қилиниши, унинг фаолияти ва эркин фикри учун сиёсий қасос саналади», – дейилади ташкилот номидан тарқатилган баёнотда. 

Муҳаммад Юнус ва унинг ҳамкасбларига нисбатан тергов иши бир неча йилдан буён давом этмоқда. Бангладеш ҳуқуқ идоралари Муҳаммад Юнус бошчилигидаги Grameen Telecom ширкати фаолиятида меҳнат қонунчилиги талаблари бузилган деб ҳисоблайди. Олимнинг ўзи айбловларни рад этган.

Ўтган йили жаҳонга таниқли 100 дан зиёд арбоблар, жумладан, АҚШ собиқ президенти Барак Обама ва БМТ собиқ бош котиби Пан Ги Мун Муҳаммад Юнуснинг суд-тергов идоралари томонидан муттасил таъқиб этилишини қоралаб баёнот берган эди. Бир қатор Нобель мукофоти соҳиблари ҳам иқтисодчи олимнинг ҳаёти ва хавфсизлиги хавф остида эканидан хавотир билдирган.

«Ночорлар банкири», «Микромолия отаси» деган номларга сазовор бўлган Муҳаммад Юнус 2006 йилда иқтисодий ва ижтимоий тараққиётни қуйидан бошлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари учун тинчлик йўналишида Нобель мукофотига сазовор бўлган. Унинг микромолия ва ижтимоий тадбиркорлик соҳасидаги фаолияти дунё бўйлаб камбағалликни бартараф этиш амалиётига кенг қамровли таъсир ўтказгани айтилади.

Профессор Муҳаммад Юнус икки ҳафтача аввал Тошкентда Central Asian University таклифига кўра маъруза қилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг