Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Григорий Лепс: мусиқа сиёсатдан ташқарида бўлиши керак

Григорий Лепс: мусиқа сиёсатдан ташқарида бўлиши керак

Рус қўшиқчиси Григорий Лепснинг жорий йил 23 октябрга Тошкентда ўтиши режалаштирган концерт дастури жамоатчилик эътирози сабаб бекор бўлгач, қўшиқчи «Говорит Москва» радиосига шу хусусида интервью берди.

У Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон расмийларининг (авалроқ қўшни давлатлар расмийлари ҳам Лепснинг концерт дастурларини бекор қилган эди, -таҳр.) бундай хатти-ҳаракатлари уни «хавотирга солмаслигини» таъкидлаган.

У, шунингдек, интервьюсида Россия ва бошқа дўст давлатларда унга етарлича иш борлигини таъкидлаб, «мусиқа сиёсатдан ташқарида бўлиши керак»лигини айтади.

«Энди мен Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқаларсиз қандай яшайман? У ердаги аксарият одамлар туппа-тузук, бир гуруҳ ўта сўллар ва ўнглар борки, уларга 20 доллардан пул тўлашган. Улар ҳам хизмат қилишдан хурсандлар.

Қолганларига келсак, менга барибир. Мен Россияда яшайман, агар менга дунёнинг деярли барча мамлакатларига кириш тақиқланса ҳам, албатта, бизнинг дўстона мамлакатлар – Жанубий Америка, Малайзия, Туркия ва бошқалардан ташқари, мен мутлақо хотиржамман. Мен ўз уйимда жуда бахтлиман. Ҳаммаси жойида. Қолаверса, улар ўз мамлакатининг хўжайинлари, улар кимнидир киритишга ёки киритмасликка ҳақли. Лекин бунинг мусиқага ҳеч қандай алоқаси бўлмаслиги, мусиқа сиёсатдан ташқарида бўлиши керак.

Афтидан, улар менинг Россиянинг Укранадаги махсус операцияси (Россия-Украина уруши назарда тутилмоқда, -таҳр.) борасидаги позициям, ватанимга қандай хизмат қилишим ва йигитларимизга ёрдам бериш учун қўлимдан келганини қилишимдан ғазабланишган. Худо улар билан. Вақт кўрсатади, қолган ҳамма нарса мени умуман безовта қилмайди. Бизнинг қиладиган ишларимиз кўп, она юртимиз одамлари бизни жуда яхши кутиб олишади. Агар эртага менга дунёнинг ҳамма жойларига саёҳат қилиш тақиқланса, мен фақат ўз юртимда ишлайман, деб фахрланаман ва хурсанд бўламан», – дейди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда Григорий Лепснинг концерти бекор қилингани маълум бўлган эди. Бунгача Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам шундай чоралар кўрилган.

Маълумот ўрнида, «санъатнинг сиёсатдан ташқарида бўлиши керак»лигини илгари сураётган рус хонандаси айни пайтда Украинадаги рус аскарларига ҳар бир вайрон қилинган Леопард танки учун миллион рубл тўлаш ғоясини қўллаб-қувватлайди ва бу акцияда ўзи ҳам иштирок этади (1, 2, 3, 4).

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг