Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ғазодаги шифохонада жон сақлаётган беморлар бульдозерда босиб ўлдирилди – ОАВ

Ғазодаги шифохонада жон сақлаётган беморлар бульдозерда босиб ўлдирилди – ОАВ

Фото: AFP

Исроил аскарлари Ғазо секторидаги Камол Адван шифохонасидаги фаластинлик беморларни бульдозерларда босиб ўлдирди. Бу ҳақда «Ал-Жазира» телеканали хабар берди.

Шифокорлар ва гувоҳларнинг сўзларига кўра, Исроил армияси шифохона ҳовлисидаги чодирларда жон сақлаётган беморларни бульдозерларда тириклай босиб-янчиб ташлаган. Оқибатда 20 га яқин киши ҳалок бўлган.

Исроил ҳарбийлари ҲАМАС аъзолари яширинган деган даъво билан Байт Лаҳия шаҳридаги шифохонани бир неча кун давомида ўққа тутган. Рейд давомида ўнлаб одамлар, жумладан, тиббий ходимлар қўлга олинган. Тиббий муассаса биносига ҳам катта талафот етган.

«Чегара билмас шифокорлар» (Medecins Sans Frontieres) халқаро ташкилотининг Фаластиндаги миссияси раҳбари Лео Канс Камол Адван шифохонасидаги вазиятни «ҳалокатли» деб баҳолаган, тиббий ходимлар Биринчи жаҳон уруши шароитида фаолият юритаётганини айтган.

Қароргоҳи Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган Euro-Med Human Rights Monitor ташкилоти Камол Адван шифохонасидаги беморлар бульдозерларда босиб ўлдирилгани ҳолати юзасидан халқаро текширув ўтказишни талаб қилган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилоти Исроил ҳарбийлари уруш шароитида иложсизликдан шифохона ҳовлисига кўмилган фаластинликлар жасадини ковлаб олиб кетганини ҳам маълум қилган. Бу ҳаракат марҳумларга нисбатан ҳурматсизлик деб баҳоланган.

«Исроил кучлари томонидан Камол Адван шифохонасида амалга оширилган ваҳшийлик 7 октябрдан буён тиббий муассасалар, тез ёрдам гуруҳлари ва машиналарига уюштирилаётган тизимли ва давомли ҳужумларнинг давоми саналади. Халқаро гуманитар ҳуқуққа кўра бу ҳарбий жиноят деб малакаланади», – дейилади халқаро ташкилот баёнотида.

Euro-Med Human Rights Monitor Исроил ҳозирга қадар Ғазодаги шифохоналар ҳарбий мақсадда қўлланганини тасдиқловчи ишончли далиллар тақдим этмаганини ҳам урғулаган.

Исроил армияси ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан Ғазода 7 октябрдан буён ўтказаётган ҳарбий амалиётда ҳалок бўлган фаластинликлар сони 19 минг 667 нафарга етди. Тинч аҳоли вакиллари ўлими ошиб бораётган бир паллада халқаро ҳамжамиятнинг ўт очишни тўхтатиш талаби тобора баландроқ овозда янграётир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг