Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Французлар Олимпиада-2024 ўйинларида эҳтимолий терактлардан хавфсираяпти

Французлар Олимпиада-2024 ўйинларида эҳтимолий терактлардан хавфсираяпти

Франция разведка хизматлари террорчилик хавфи юқорилиги сабаб Париж Олимпиадасининг очилиш маросимини бекор қилишни тавсия қилмоқда.

Бу ҳақда разведка манбаси Europe 1 нашрига маълум қилган.

Улар Москвадаги терактдан сўнг Францияга «оммавий терроризмнинг қайтиши»дан хавфсирамоқда. Разведка хизмати Сена дарёси бўйида 600 минг кишидан иборат томошабин иштирокида спортчилар парадини ўтказиш катта хавф туғдиришини таъкидлаган.

Қайд этилишича, махсус хизматларда мамлакатда «афғон ҳудудидан ҳаракатга келтириладиган» уч-тўрт кишидан иборат террорчи гуруҳларнинг ухлаб ётган бўлинмалари мавжудлиги ҳақида маълумотлар бор.

Шунингдек, Германия расмийлари ҳам Евро-2024 спорт ўйинларида террористик ҳужумлардан хавфсираётганини маълум қилган.

Айни пайтда икки давлат мазкур спорт тадбирлари давомида хавфсизлик кучларини бирлаштиришга келишиб олдилар.

«Немис полицияси Париждаги Олимпиада ўйинларида, Франция полицияси эса Германиядаги футбол бўйича Европа чемпионатида хавфсизликни таъминлашда кўмаклашади», – дея ҳамкорликка изоҳ берди Германия Ички ишлар вазири Ненси Фезер. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилги Олимпия ўйинлари Парижда 26 июлдан 11 августга қадар бўлиб ўтади. Очилиш маросими тарихда биринчи марта стадионда эмас, балки Франция пойтахтининг диққатга сазовор жойлари, жумладан Нотр-Дам собори, Лувр ва Эйфел минораси фонида бўлиб ўтади. Асосий жой Сена дарёси бўлиши керак. Парадда қатнашадиган спортчилар 160 та қайиқда дарё бўйлаб қарийб 6 км масофани сузиб, сўнгра Олимпия оловини ёқиш режалаштирилган Трокадеро майдонига йўл олишади. Ташкилотчилар 600 минг томошабин очилиш маросимини жонли равишда томоша қилишини кутмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг