Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Финландия Россия билан чегарадаги яна учта назорат-ўтказиш пунктини ёпди

Финландия Россия билан чегарадаги яна учта назорат-ўтказиш пунктини ёпди

Фото: Miska Puumala/Lehtikuva

24 ноябр, жума куни Финландиянинг Россия билан чегарасидаги яна учта назорат-ўтказиш пункти – «Салла», «Вартиус» ва «Куусамо» Финландия ҳукумати қарори билан вақтинча ўз фаолиятини тўхтатди.

Финландия Чегара қўриқлаш хизмати веб-сайтида айтилишича, халқаро ҳимояга энди фақат мамлакат шарқий чегарасидаги «Рая-Йоосеп» назорат-ўтказиш пунктида ариза топшириш мумкин.

Бу чора-тадбирлар ноқонуний миграцияга чек қўйишга қаратилган. Зеро, август ойидан буён Финландиянинг Россия билан чегарасида Ироқ, Сурия, Яман, Сомали ҳамда Яқин Шарқ ва Африканинг бошқа давлатларидан бошпана изловчилар сони кескин ошган. Уларнинг аксариятида Финландияга кириш учун зарур бўлган ҳужжатлар йўқ. Ноябр ойи бошидан бери Россия-Финландия чегарасида бундай муҳожирлар сони 600 кишидан ортгани маълум қилинган.

Ҳелсинки Россия томонини оқимни уюштирганликда айблади. «Бу миллий хавфсизликка жиддий таҳдид бўлиб, шарқий чегара ҳудудидаги ҳукуматлар фаолиятига оғир юк бўлиб тушмоқда», деди Финландия чегара қўриқлаш хизмати раҳбари ўринбосари Маркку Ҳассинен.

«Очиқ ўтказиш пунктлари орқали чегарани кесиб ўтиш фақат уларнинг иш вақтида амалга оширилади. Чегарани бошқа жойлардан рухсатсиз кесиб ўтишга йўл қўйилмайди», — дейилади ҳужжатда.

23 ноябр куни Европа чегара ва қирғоқни қўриқлаш агентлиги - Frontex Финландия чегара қўриқлаш хизматини қўллаб-қувватлаш учун яна 50 нафар ходими, шунингдек, патрул машиналари ва бошқа жиҳозларни юборишни режалаштираётгани тўғрисида хабар берганди.

Финландиянинг Россия билан чегараси Европа Иттифоқининг ташқи чегараси ҳисобланиб, 1340 километр узунликка эга. Ҳелсинки расмийлари ўтган ҳафта Россия билан чегарадаги тўққизта назорат-ўтказиш пунктининг дастлабки тўрттасини ёпганди. Кейин яна бир пункт ёпилди. Ҳатто Россия билан чегарани бутунлай ёпиш таклифи илгари сурилди, бироқ бу ташаббус қўллаб-қувватланмади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг