Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эрдўғон Исроилни провокацияда айблади

Эрдўғон Исроилни провокацияда айблади

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон сўнгги кунларда дунё ҳамжамияти эътиборида бўлиб турган Эрон–Исроил зиддиятига муносабат билдирди.

Сиёсатчига кўра, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳамда унинг «қонсираган ҳукумати» Яқин Шарқда тарангликни кучайтириб, беқарорликни авж олдирмоқда.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, жорий йил 1 апрель куни Исроил Эроннинг Дамашқдаги консуллиги биносига ҳаво ҳужуми уюштириб, халқаро ҳуқуқ меъёрлари ҳамда дипломатик ваколатхоналар дахлсизлиги принцини қўпол равишда бузган эди. Ҳужум оқибатида икки нафар эронлик генерал, жумладан, Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг Сурия ва Ливан кучлари қўмондони Муҳаммад Ризо Зоҳидий ҳамда элчихонанинг 5 нафар ходими ҳалок бўлди.

Теҳрон бунга жавобан 13 апрель оқшомида Исроил томон ўнлаб дрон ва ракеталарни учирди.

Президент Эрдўғон Дамашқдаги дипломатик ваколатхонага ҳужумни провокация деб атаган.

«Исроил ҳукумати (2023 йил) 7 октябрдан буён минтақада уруш оловини ёйиш учун провокацион қадамлар ташламоқда. Исроил томонидан Дамашқдаги Эрон элчихонасига халқаро ҳуқуқ ва Вена конвенциясига зид равишда ҳужум уюштирилгани сўнгги томчи бўлди. Айрим мамлакатларни айтмаганда, ҳеч ким бунга муносабат билдирмади. Эроннинг жавобидан кейин эса улар қоралаш бўйича мусобақага киришишди. Аслида биринчи навбатда Нетаняҳу қораланиши керак», – дейди Туркия етакчиси. 

Эрдўғон Ғазо секторида минглаб бегуноҳ инсон ўлимига олиб келган уруш иккинчи планга тушиб ёддан кўтарилмаслиги, халқаро ҳамжамият Тель-Авив маъмуриятини ҳарбий ҳаракатлардан тийиш йўлида чора кўриши кераклигини таъкидлаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг