Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эрдўғон Исроил бош вазири Нетаняхуни Гитлерга қиёслади

Эрдўғон Исроил бош вазири Нетаняхуни Гитлерга қиёслади

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхуни Адольф Гитлерга қиёслаб, Исроил раҳбарияти ўз жиноятлари учун жавобгарликдан қутула олмаслигини айтди.

Бу ҳақда у Ироқдан қайтгач, журналистлар билан учрашувда маълум қилди, дея хабар бермоқда «Koha».

«Биз ҳақиқатни ҳамда Исроилнинг жиноятларини фош қилишда давом этамиз. Билишимиз керакки, ҳозирги Гитлер, яъни Нетаняху ва унинг шериклари жавобгарликдан қочиб қутула олмайди», – деди Туркия раҳбари.

Унинг қайд этишича, Исроил расмийларининг Ғазо секторини босиб олиши «янги ишғоллар учун эшик очади ва Исроил агрессиясини кучайтиради».

«Агар ислом олами Ғазодаги қирғин, яъни геноцид деб аталган ғалаёндан уйғонмаса, ўз рефлексларини буткул йўқотиш хавфига дуч келади», – дея хулоса қилган Эрдўғон.

Туркия президенти Исроилни Ғазо секторидаги ҳаракатлари учун бир неча бор танқид қилиб келмоқда. Исроил ва ҲАМАС ўртасида уруш бошланганидан бир ой ўтиб, Эрдўғон Нетаняху билан мулоқот қилишдан бош тортганини эълон қилган ва «Нетаняху энди биз гаплашадиган одам эмас. Биз уни ҳисобдан чиқардик», деганди.

Шунингдек, Исроил армиясининг Ғазо секторидаги ҳаракатларини «қирғин» дея баҳолаган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг