Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Чикаго мафияси қироли – чандиқ юзли Аль-Капоне

Чикаго мафияси қироли – чандиқ юзли Аль-Капоне

Ёхуд аянчли умр интиҳосидаги чўпчаклар

Альфонсо Габриэль «Катта Аль» Капоне  (1899 йил 17 январь – 1947 йил 25 январь) – 1920 – 1930 йилларда Чикаго ҳудудида улкан жиноятларга қўл урган америкалик гангстер. У мебель бизнеси ниқоби остида қиморбозлик ва қўшмачилик билан шуғулланган. Капоне – Италия мафияси таъсири остида пайдо бўлган ҳамда фаолият кўрсатган АҚШдаги уюшган жиноятчиликнинг яққол вакили. У жиноят оламида «Чандиқ юзли киши» лақаби билан тилга олинган...

Мактабни тарк этиб...

Габриэль Капоне (1865 – 1920) ва унинг хотини Тереза (1867 – 1952) Америкага муҳожир бўлиб боришган ва Нью-Йоркнинг Бруклин шаҳри атрофидаги Уиллиамсбургдан қўним топишганди. Габриэлнинг етти нафар ўғли ва икки қизи бор эди.

Унинг ўғилларидан бири Альфонсо эрта болалигидан ўзининг савдойилик аломатларини намоён этди. У бўлар-бўлмасга жазавага тушар, тажовузкорлигини намоён этарди. Олтинчи синфни битириш арафасида Альфонсо ўқитувчисига ташланди. Шундан сўнг мактабни тарк этиб, ўзини =ар томонга уриб кўрди. Боулинг-клуб, дорихона, қандолатчилик дўконларида ишлади. Бироқ Альфонсони тунги ҳаёт кўпроқ қизиқтирарди. Кейинроқ, унинг бильярдга иштиёқи ошиб, Бруклиндаги деярли барча турнирларда ғалаба қозонди.

Альфонсо бармен ва маст-аластларни тунги клублардан чиқариб ташловчи муштумзўр сифатида ҳам хизмат кўрсатди. Жисмоний жиҳатдан бақувват бўлган Капоне ўзининг босси Йелнинг «Harvard Inn» муассасасида бу ишларни бажонидил бажарарди.

Унинг босқинчи ва қотил Френк Галлучио билан пичоқлашиши ҳаётининг худди шу лаҳзаларида рўй берган. Зиддият қизиққон Капоне Галлучионинг қайинсинглисини ёқтириб қолгани туфайли содир бўлди. Икки ўртада жанжал келиб чиқди. Галлучио буклама пичоғи билан Алнинг ўнг юзига чуқур жароҳат етказди. У рақибининг жиноят олами тарихида «Чандиқ юзли киши» лақабини орттиришини билмасди, албатта.

Дарвоқе, ҳаётлик чоғида ҳеч ким Капоненининг бу лақабини тилга олишга журъат қилмаган. Альфонсо юзидаги тиртиғидан уялар, бир умрлик жароҳатини «Йўқолган батальон»даги иштироки билан изоҳларди (Биринчи жаҳон уруши даврида Антанта жангчилари Аргон ўрмонига ҳужум операцияси уюштирган ва Америка пиёда қўшинлари фожиали мағлубиятга учраган). Аслида, Капоне урушга бориш нари турсин, армияда ҳам хизмат қилмаган.

Капоне қурол ва пичоқни моҳирона ишлатишни тинимсиз машқ қиларди. Бунинг натижаси ўлароқ тез орада афсонавий Жонни «Ота» Торрио тўдасининг эътиборига тушди. Мазкур гуруҳ «Беш замбарак тўдаси» билан танилган эди. Нью-Йоркдаги энг кучли ва кўп сонли жиноий ташкилот бўлмиш Торрио бандаси бир ярим мингдан зиёд босқинчидан иборат эди. Улар ўғрилик, қароқчилик, босқинчилик ва буюртмали қотиллик билан шуғулланишарди. Айнан Торрио Капонени хавфли трюкларга ўргатиб, келгусида унинг жиноят олами чўққисига чиқиши учун замин яратди. Капоне шиддатли фаолиятини таъминлаган кўплаб машқлари туфайли умрининг охиригача Торриодан миннатдор бўлиб, Жоннини ота ва устоз деб билди.

Чикагога йўл

1918 йилнинг 18 декабрида 19 ёшга тўлган Альфонсо ирландиялик 21 яшар Мая Кофлинга уйланди. Орадан кўп ўтмай оилада кичик Альберто туғилди. Бу пайтда Капоненинг раҳнамоси Торрионинг Нью-Йоркда иши унча юришмай, бирмунча эркин бўлган Чикагога кўчиб кетди ва жиноий фаолиятини давом эттирди.

Нью-Йоркда қолган Капоне эса қасддан қилинган иккита қотилликда гумон қилиниб, кейин қўйиб юборилди. Сабаби... айбловнинг асосий гувоҳи тўсатдан хотирасини йўқотган, далилий ашёлар эса судьянинг хонасидан сирли равишда ғойиб бўлган эди. Орадан кўп ўтмай Капоне ташкилот рақобатчиларидан бири бўлган кўча каллакесари билан жанжаллашиб қолди ва ўша заҳотиёқ уни ўлдирди. Шаҳардан кетган Торрионинг ёрдамисиз ҳибсга тушиши мумкин бўлган Капоне Жонни Отага қўнғироқ қилди ва вазиятни тушунтирди. Торрио томонидан Чикагога таклиф этилгач, тезда лаш-лушларини йиғиштириб, хотини ва ўғли билан Нью-йоркни тарк этди.

Чикагога ташриф буюрган Капоне Торрионинг янги клубида бармен ва маст-аластларни улоқтирувчи бўлиб жойлашди. У кўз очиб юмгунча шаҳардаги энг тажовузкор ходим сифатида донг таратди. Клубга келганлар кўпинча қўллари ва қовурғалари синган ҳолда, баъзида эса мия чайқалиши билан бу даргоҳни тарк этишарди. Бир куни, ҳатто мижозлардан бирининг қони заҳарланди – эс-ҳушини йўқотган Капоне унинг бўйнидаги томирини тишлаб олган эди. Мазкур ҳаракатлар сезилмай қолиши мумкин эмас ва Капоне тез орада полиция бўлинмасига чақириладиган бўлди. Бироқ Торрионинг мустаҳкам алоқалари туфайли ҳибсга олинганидан икки-уч соат ўтгач уни қўйиб юборишарди. Клубда ишлаган вақтида Торрионинг буйруғига кўра Капоне камида ўн икки кишини бўғиб ўлдирган. Уларнинг мурдаси тун қоронғисида ертўла орқали клубнинг орқа томонига чиқарилар, у ерда эса ўғирланган тезюрар машина кутиб турарди.

Айни пайтда Торрио ва «Тўнғич» Колозимо ўртасида мунозара кечаётганди. Торрио жиноий фаолиятни кенгайтиришни хоҳлар, Колозимо эса, аксинча буни истамасди. Очкўз ва маслак-мақсади йўқ Торрио барча имкониятларини ишга солиб, ўжар қариндошини йўлдан олиб ташламоқчи бўлди. Бу борада унга Альфонсо ёрдам берди. Тўданинг эски таниши – каллакесар Фрэнк Йель ижрочи сифатида ишга киришди.

Кейинроқ Торрио тўдаси Дэйон О’Бэнион гуруҳи билан тўқнаш келди. О’Бэнион ўлдирилди. Бироқ унинг одамлари мағлубият билан муроса қила олмай, Альфонсонинг укаси Фрэнкнинг умрига зомин бўлишди. Торрио эса икки марта жонига қасд қилингани ва отишмада оғир жароҳатлангани боис, ишни Капонега топширди.  Бу пайтда тўда мингга яқин одамига эга бўлиб, ҳар ҳафтада 300 минг доллар даромад қиларди.

Капоне мафиянинг ишончини оқлади. У «рэкет» деган тушунчани жорий қилди, шунингдек, фоҳишабозлик, бузуқликни кенгайтирди. Капоне давридаги қонли муҳорабалар чек-чегара билмасди. 1924 – 1929 йиллар орасида ўзаро тўқнашувлар туфайли Чикагода беш юз нафар одам ўлдирилгани бунинг исботи бўла олади. Капоне О’Бэнион, Доуэрти ва Билл Моранларнинг ирланд тўдаларини шафқатсизларча қириб ташлади. Унинг автоматларига пулемётлар, гранаталар қўшилди. Автоуловга портловчи қурилмалар ўрнатиш, машина ўт олдирилганида портлаши ўша пайтда жиноий амалиётга киритилди.

Бунга сари Капоне шаҳардаги жиноят оламининг ҳақиқий Дони сифатида ўзига мажбурият оладиган бўлди. Яширин ташкилоти гуллаб-яшнаган даврида унинг талончилари яхшигина қуролланган эдилар. Шаҳар полициясининг ярим ходими ҳам махфий равишда Капоне манфаатига хизмат қиларди.

Ҳаммасининг ҳисоби бор

Капоне доимий равишда полиция зобитлари, округ прокурорлари ва мэрлари, қонун чиқарувчи кенгаш депутатлари, ҳатто АҚШ конгрессменларига шахсий мояна бериб турган. Бир куни Чикагодаги унча катта бўлмаган Цицеро ҳудуди мэри Капоне билан келишувсиз янги фармон чиқаришга журъат қилди. Ғазабланган Капоне шаҳар кенгаши залига кириб борди ва мерни костюмининг ёқасидан ушлаб кўчага судраб чиқди. Кейин эса оломон ва депутатларнинг кўз ўнгида уни салкам ўлгунича дўппослади.

«Чикаго қироли» нуфузининг Капоне учун салбий томонлари ҳам бўлган, албатта. Унинг оиласига ҳамиша номаълум кишилар телефон орқали пўписа қилишар, кўча-кўйда ўзини ўққа тутишар, клубда эса заҳарлашга уринишарди. Бир куни Капоненинг ашаддий душманларидан бири, Чикагодаги яна бир банда раҳнамоси О’Брайен пишиқ-пухта суиқасд тайёрлади. Режага кўра, Капоне бир неча кун қўним топган «Хауторн Инн» меҳмонхонани пулемётлардан тинимсиз ўққа тутилди. Унинг хонасига мингдан ортиқ ўқ отилгач, оғир мармар столи ортида яширинган Капонени ўлди, деб ўйлашди. О’Брайен ғалабани нишонлаш учун кетган вақтда Аль Капоне вайронага айланган меҳмонхона бўлаклари остидан чиқиб, жавоб зарбаси йўллаш ҳақида бош қотирарди.

О’Брайенни тез ва шафқатсизларча ўлдириш мақсадида Капоне ўзининг икки нафар энг яхши мергани Жон Скализо ва Альберт Ансельмидан фойдаланди. Бу режаси амалга ошгач, бошқа рақобатчи тўданинг Скализо ва Ансельми билан келишув тузгани ҳақида билиб қолди. Мазкур битимга кўра, Капоне яқин ҳафта ичида йўқ қилиниши керак эди. О’Брайеннинг ўлдирилиши муносабати билан уюштирилган зиёфатга таклиф қилинган бу икки мерганни Капоне шахсан ўзи босқинчилар кўз ўнгида чиллак билан уриб ўлдирди. Энди унинг сўнгги душмани Багз Морган – О’Брайеннинг ягона тирик қолган ёрдамчиси қолган эди, холос. Айнан Морганни ўлдириши Аль Капоне империяси ҳалокатининг дебочаси бўлди.

Авлиё Валентин куни унинг бир неча сараланган босқинчилари полиция кийимида Морганнинг ертўласига ёпирилиб тушишди ва О’Брайеннинг етти нафар одамини деворга тизишди. Морганнинг одамлари ҳеч қандай қаршилик кўрсатмай, бу ташрифни полициянинг навбатдаги қуршови деб ўйлаганида... уларга қарата автоматлардан бир ярим мингдан кўп ўқ узилди.

Бу пайтда Морган ертўлада эмасди. Унинг ёрдами билан шаҳар матбуотида «Қонли авлиё Валентин» атрофида катта шов-шув кўтарилди.

Капоне империяси қулашини унинг отлар ва итлар пойгасига масъул одамларидан бири бошлаб берди. АҚШ солиқ полицияси томонидан Чикаго жиноят дунёсига олиб кирилган энг сара агентлардан бири бўлмиш бу одамнинг исм-шарифи Эдди О’Хэйр эди. У Капоненинг барча харажатлари қайд этилган ҳисоботлар китоби яширилган жойни солиқ нозирларига фош этди. Мазкур ҳужжатларда Капоне империяси даромадининг ҳақиқий айланмаси акс этган эди.

Ҳаёти мобайнида ҳеч қачон даромад солиғи тўламаган Аль Капоне 1931 йилнинг 1 июнь куни ҳибсга олинди. У солиқ тўлашдан атайин бўйин товлашда айбланиб, федераль суд олдида жавоб берди.

Хасталик ва ўлим

Тўланиши керак бўлган солиқ миқдори шунчалик кам эдики, Капоне ўғлининг чўнтагидан буни амалга ошириши мумкин эди. Бироқ суд унинг ўша пайтда улкан ҳисобланган 400.000 доллар пул тўлаш таклифини рад этди ва ишни охиригача олиб борди. Оқибатда Капоне 50.000 доллар миқдорида жаримага тортилди ва суд харажатлари учун 30.000 доллар ундирилиб, мазкур жиноят учун белгиланган узоқ муддат – 11 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Капоне ва хотинининг бисотлари мусодара қилинди. Бироқ тўпланган кўплаб мулк бошқа кишилар ҳамда сохта корпорациялар номига расмийлаштирилган эди. Натижада полиция экспертлари томонидан баҳоланган 100.000.000 долларлик мол-мулк унинг оиласи қўлида қолди.

Озодликдан маҳрум этилган Аль Капоне биринчи йилни Атланта қамоқхонасида ўтказди. 1934 йили эса Алькатрац оролидаги машҳур «Қоя» ҳибсхонасига юборилди. У ердан эса давоси йўқ сўзак касалига дучор бўлгани боис озод этилди. Капоне бу хасталикни Нью-Йоркда ўтказган беғам ёшлик йилларида орттирган эди. Иш такрорий кўриб чиқилгач, Капоне шуурсиз (ўзи нима қилаётганини билмайдиган) деб топилди ва оиласининг васийлигига топширилди.

Айни ўша пайтда Чикагонинг унга содиқ босқинчилари узоқ йиллик излашларидан сўнг ўзининг исм-шарифини ўзгартирган Эдди О’Хейрани топдилар ва машинасида ўлдириб кетдилар. Бироқ бу вақтда кексайиб қолган Аль Капоне батамом заифлашган, олдинги империяни тиклаш ҳақида гап бўлиши мумкин эмасди. Гарчанд унча кўп бўлмаган босқинчи дўстлари бир неча йил давомида ўзларининг раҳнамоси ҳолидан мунтазам равишда хабар олиб, «ўнлаб марказий дўконлар эгаллангани», «Америка жиноий оиласининг иззат-икром билан йўллаган мактуби» ҳақида чўпчак айтсалар-да, шу тарзда топилган миллионларни олдинги ҳисобчи унинг учун махсус сохта ҳисоб юритса-да, ожизлашиб қолган Чикаго қироли умрининг интиҳоси яқин эди.

1947 йилнинг январь ойида Альфонсо Капоне 48 ёшида миясига кўп қон қуйилиши туфайли вафот этди. Унинг жасади Флоридадан Чикагога юборилди ва дарҳол автоматлар билан қуролланган бир неча ўнлаб гангстерлар мурдани қўриқлай бошлашди. Ҳатто ўлимидан кейин ҳам Капоне номи Америка жиноят оламининг кўпдан-кўп ҳудудига буйруқ беришда давом этарди. Ёпиқ дафн маросимидан сўнг Чикагонинг собиқ қироли, оила аъзоларининг хоҳишига кўра, оддий қабртоши остида кўмилди. Афсонавий босқинчининг қабр жойи ўзгармади.

Дейл Карнегининг китобида шундай сўзлар бор: «Мен ҳаётимдаги энг яхши йилларни одамларга хушчақчақлик бахш этиш ва уларнинг вақтларини кўнгилли ўтказиш учун сарфладим. Буларнинг барчаси учун қандай мукофотга сазовор бўлдим? Фақат таҳқирлаш ҳамда инсон ҳаёти учун тузоқ қўйиш бўлди, холос».

Бу гапни Аль Капоне айтган. Ҳа, ўз вақтида жамиятнинг биринчи даражали душмани деб ҳисобланган, Чикагони ҳаммадан кўп террор қилган гангстерларнинг энг хавфли раҳнамоси бўлган одамнинг гапи бу! Аль Капоне ўзини мутлақо қоралагани йўқ. У ўзини жамиятнинг мурувват кўрсатувчи валинеъмати деб биларди».

Ваҳоланки, яқин ўтмиш Аль Капоненинг қонли қилмишларини ҳеч қачон унутмайди.

Анвар Номозов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг