Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

«Айбингни тан ол, акс ҳолда сени Бутиркага тиқаман!»

«Айбингни тан ол, акс ҳолда сени Бутиркага тиқаман!»

Фото: «M24.ru»

Маҳаллий аҳолининг кўплаб шикоятлари сабаб Москвадаги «Бутирка» тергов изолятори ёпиладиган бўлди.

Россия Жазони ижро этиш федерал хизмати (ФСИН) директори ўринбосари Валерий Максименконинг маълум қилишича, яқин орада Дмитров шоссесида ёки Новая Москвада 5 минг ўринлик янги тергов изолятори пайдо бўлади.

Таъкидланишича, «Бутирка» тергов изоляторининг ёпилиши ҳақидаги гаплар анчадан бери бўлган. Аввалроқ Москванинг Тверь туманидаги турма хусусийлаштирилиб, унинг ўрнига янги тергов изолятори қуришлари таҳмин қилинганди.

«Бутирка» Москвадаги энг катта ва Россиядаги энг эски турмалардан бири ҳисобланади. Турманинг 200 йилдан кўпроқ тарихга эга биноси давлат томонидан муҳофаза қилинувчи тарихий ва архитектуравий ёдгорликлар рўйхатида туради.

Маълумки, Собиқ Иттифоқ даврида халқимиз ўз бошидан уч марта ёппасига қама-қамаларни ўтказди.

Биринчиси 1927-32 йилларда коллективлаштириш даврида «бой-қулоқ» деб анча одамларимиз ноҳақ қамалишган.

Иккинчиси 1937-1953 йилларда, Сталин зулмининг авжига чиққан пайтларида миллионлаб ҳамюртларимиз «Халқ душмани» сифатида ноҳақ қамалиб қамоқ ҳидидан нафас олишган.

Учинчисида эса 1984-1988 йилларда «Пахта иши» деб аталган иш бўйича юз минглаб ҳамюртларимиз ноҳақ қамоққа тиқилган.

Тарихга қарасак, 1927-32 йилларда қамалганлар ҳам, ёки 1937-53 йиллардаги қамалганлар ҳам, асосан, узоқ Сибирдаги қамоқхоналарга жўнатилган ёки сургун қилинган. Шу учун ҳам ўша йилларда одамлар орасида «Сибирга сургун қилиб юбормасин тағин», деган гап машҳур бўлган ва ана шу гапни эшитганда одамларимиз қўрқувга тушишган.

Халқимизнинг ёппасига қамоққа тиқилишининг учинчисида, «Пахта иши»да Москвадаги Бутирка тергов изоляторини оти машҳур бўлиб, уни бутун халқимиз таниди. Ўша 1984-88 йилларда Бутирка деса одамларимизни юрагига қўрқув тушаверган. Сабаби, «Пахта иши» бўйича қамалганларнинг кўпчилигини ана шу Бутирка тергов изоляторига олиб қамашган ва уларни ўша ерда тергов қилишган.
Шу учун ҳам ўша «Пахта иши» бўйича қама-қамалар авжига чиққан пайтда энди одамлар «Сибирга сургун қилади» деган гапни эсламай қўйишган ва «Бутиркага олиб бориб тиқмасин яна», деб қамоқдан гап очилса дарров Бутиркани эслашган.

Манфур Гдлян ва Иванов Ўзбекистондаги қама-қамаларни бошқарар экан, ўзлари ҳам, қўл остидаги Москвадан юборилган терговчилар ҳам ушлаб келинган ҳар одамга «Айбингни тан ол, акс ҳолда сени Бутиркага жўнатаман. Ўша ёқда сени тавбангга таянтиришади. Бу дунёга келганингга пушаймон бўласан» деб дағдаға қилишар эди. Ўшанда Гдлян ва Иванов ва унинг тўдаси томонидан қийноққа солинган ҳамюртларимизни бир қисми аслида бўлмаган айбини тан оладими ёки йўқми барибир Бутиркага жўнатилган.

Ўша пайтда Бутирка тергов изолятори ўзбекистонликлар билан тўлгани учун унинг эшиги олдида ўзбекистонлик маҳбусларнинг яқинлари ўз жигарларини кўриш умидада доим сарғайиб навбатда туришган.

Ўша пайтда «Пахта иши» баҳона бу тергов изоляторига Ўзбекистоннинг кўп одамлари тиқилди. Область партия комитетининг биринчи секретарлари, район партия комитетининг биринчи секретарлари, пахта тозалаш заводларининг директорлари, раислар, бригадирлар, шунингдек ўша пайтда бу тергов изоляторига Ўзбекистон компартиясининг биринчи сектетари Иномжон Бузрукович Усмонхўжаевгача тиқилган.

Ўзбекистонлик маҳкумларни тергов давомида бу тергов изоляторида кўз кўриб қулоқ эшитмаган усуллар билан қийнашган.

Мана бугун халқимиз бошига оғир кунлар тушганда асосий ролни бажарган ўша тергов изоляторини ёпишаяпти.

Ёш авлод балки билмас, аммо катта авлод бу тергов изоляторининг номини алам ва қайғу билан эслайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг