Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Американи қутқариш» режаси эълон қилинди

«Американи қутқариш» режаси эълон қилинди

Байден маъмурияти илгари сурган 1,9 трлн АҚШ долларлик «Американи қутқариш» режаси тасдиқланди. Мазкур маблағнинг мамлакат иқтисодиётини тиклашга йўналтирилиши АҚШ тарихида мисли кузатилмаган воқеа сифатида баҳоланмоқда. Investopedia.com бу борадаги таҳлилий мақолани эълон қилди.

Ёрдам пакети ўз ичига тўғридан-тўғри рағбатлантирувчи тўловлар, ишсизлик нафақасининг узайтирилиши, уй ижарасини тўламагани учун ижарачининг уйдан чиқиб кетиши ёки уйни тортиб олишга доир мораторийни давом эттириш ҳамда болалар учун солиқ имтиёзи (бу имтиёз ҳар бир оиладаги бола учун солиқ тўловчиларга тадбиқ этиладиган имтиёз ҳисобланади), COVID-19 га қарши эмлашни субсиядалаш кабиларни ўз ичига олган.

Ушбу ёрдам пакети штат ва маҳаллий ҳукуматларга пандемия натижасида камайган солиқ тушумларини қоплаш имконини беради. Шунингдек, болалар боғчаси ва умумий ўрта таълим мактабининг саккизинчи синф босқичигача бўлган синфларни пандемия талабларига мос равишда фаолиятини  қайта бошлаш ёрдам пакетининг асосий мақсадларидан бири.

Тўғридан-тўғри молиявий тўловлар

Мазкур ёрдам пакетида  йиллик даромади 75,000 АҚШ долларидан кам бўлган фуқароларга 1400 АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри рағбатлантирувчи тўловлар тақдим этилиши кўзда тутилган. Маълумот учун, АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп иккинчи маротаба берилиши лозим бўлган рағбатлантириш пакетини 600 АҚШ доллардан 2000 АҚШ долларига етказиш лозимлигини билдирганди.

Қайд этилишича, йиллик даромади 75,000 АҚШ доллардан кам бўлган ҳар бир шахс ҳамда даромади 150,000 АҚШ доллардан кам бўлган оилалар ёш чегарасидан қатъи назар мазкур ёрдам пулини олиш ҳуқуқи берилмоқда. Бироқ бир шахснинг йиллик даромади 80,000 АҚШ доллар, бир оиланинг даромади 160, 000 АҚШ доллардан ортиқроқни ташкил этса, ёрдам пуллари қиймати мос равишда камроқ миқдорда белгиланади.

Ишсизлик имтиёзларининг кўпайтирилиши

Американи қутқариш режаси тўғрисидаги қонунда ишсизлик бўйича нафақа тўловларини оладиган барча жисмоний шахслар учун ҳафтасига 300$ дан тўланадиган маблағ 2021 йилнинг 6 сентябргача узайтирилди. Бундан ташқари, 2020 йилда йиллик даромади 150 минг доллардан кам бўлган фуқароларга 10,200 долларгача солиқ имтиёзлари берилиши ҳам режалаштирилмоқда. Шунингдек ишсиз фуқароларнинг 2020 йил давомида ишсизлик нафақасидан солиқ ушлаб қолинган бўлса, улар солиқ декларацияси орқали тўланган суммасини қайтариб олишлари мумкин бўлади. Қолаверса, ҳужжат «COBRA» тиббий суғурта дастуринининг устама тўловларини ҳам 100% субсидиялашни назарда тутган.

Мораторийлар сақланиб қолмоқда,  молиявий ёрдам кўпайди

2021 йил 31 мартга қадар уй ижарасини тўламагани учун ижарачининг уйдан чиқиб кетиши ёки уйни тортиб олиниши кабиларга бўлган мораторий режага мувофиқ узайтирилмайди. Аммо, кредит, ижара ва коммунал хизматлар тўловлари учун қўшимча маблағ ажратилади.

Қонунчиликда эса яна  қуйидагилар белгиланган:

  1. 1. 2027 йилнинг 30 сентябргача ижарага беришда ёрдам учун 21,55 млрд АҚШ доллар;
  2. 2030 йил 30 сентябргача бўлган даврда уй-жой ваучерларини ажратишга 5 млрд АҚШ доллар;
  3. Америкада истиқомат қилувчи маҳаллий қабилалар уйларини яхшилаш учун 100 млн АҚШ доллар;
  4. 2022 йилнинг 30 сентябргача шаҳардан олис ҳудудлардаги уйларга 100 млн АҚШ доллар;
  5. Бошпанасиз қолган фуқароларга ёрдам беришга эса 5 млрд АҚШ доллар ажратилади.

Озиқ-овқат ёрдами

Жорий йилнинг 30 сентябргача озиқ-овқат дастури (SNAP) ҳажмини 15% га ошириш ва 2023 йил 30 сентябрга қадар штатлар миқёсида ушбу йўналишга яна 1,15 млрд АҚШ доллар ажратиш режалаштирилган. Келгусида озиқ-овқат тармоғига қўшимча 1 миллиард АҚШ доллар йўналтирилади. Аёллар, гўдаклар ва болалар (WIC) дастури бўйича нақд пулли ваучерлар миқдорини ошириш мақсадида эса Америка қишлоқ хўжалик департаментига (USDA) 490 млн АҚШ доллар ажратиш ҳам қайд этилган.

Болалар учун солиқ имтиёзлари кенгайтирилган

Американи қутқариш режаси тўғрисидаги қонунда 6 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар учун йилига 3 000 АҚШ долларигача болалар солиқ имтиёзи берилиши, 6 ёшдан кичик бўлган ҳар бир болага 3600 АҚШ доллари тақдим қилиниши таъкидланган. Бундай ҳолатда бир оиланинг йиллик даромади 150 000 АҚШ долларидан кам бўлиши лозим. Ёлғиз ота ёки оналарнинг йиллик даромади эса 112 500 АҚШ долларидан оз бўлиши талаб этилган. Тўловлар ҳар ойда тўғридан-тўғри депозит орқали бериб борилади.

Мактаблар ва болаларга мақсадли ажратилувчи грантлар

Режага мувофиқ 2023 йил 30 сентябргача мактабгача таълим ва 12 йиллик таълим тизими учун 122 млрд АҚШ доллар ажратилади. Ушбу маблағлар синфхоналарни таъмирлаш ва бошқа керакли жиҳозлар сотиб олишга йўналтирилади.

Шу билан бирга коллеж ва университет талабаларига кўмак сифатида 40 млрд АҚШ доллар маблағ берилади.

Пандемияга қарши чоралар

50 млрд АҚШ доллар маблағ вакцина синовлари ва вируснинг тарқалишини олдини олиш чора-тадбирларига, 7,66 млрд АҚШ доллар эса шифохоналарда тиббиёт ходимларининг сонини оширишга йўналтирилади. Яна шунингдек 16 млрд АҚШ доллари вакциналарни тарқатиш ва етказиб бериш хизматини амалга оширишга сарфланади.

Американи қутқариш режаси штатлар ва шаҳарларга 350 миллиард долларлик ёрдамни ҳам ўз ичига олади. Ушбу маблағлар пандемия оқибатида камайган солиқ тушумининг ўрнини қоплаш мақсадида сарф қилинади.

Нурилло Тўхтасинов таржимаси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг