Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ШҲТ мамлакатлари махсус хизматлари йил давомида 182 нафар террорчини йўқ қилган – Руслан Мирзаев

ШҲТ мамлакатлари махсус хизматлари йил давомида 182 нафар террорчини йўқ қилган – Руслан Мирзаев

Руслан Мирзаев, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори

Фото: Президент матбуот хизмати

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлари махсус хизматлари томонидан бир йил давомида 69 та терактнинг олди олинган, 73 та террорчилик тузилмаси фаолияти фош этилган. Бу ҳақда 7 ноябрь куни ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев маълум қилди.

Тошкентда бўлиб ўтаётган ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг тўққизинчи илмий-амалий конференциясида маъруза қилган Руслан Мирзаев аъзо мамлакатларнинг махсус хизматлари 507 нафар террорчи ва уларнинг шерикларини аниқлашганини очиқлади. Маълум бўлишича, улардан 447 нафари қўлга олинган, 182 нафари йўқ қилган, 54 нафарига эса суд томонидан жазо тайинланган.

Ажабланарлиси, Руслан Мирзаев айни шу рақамларни 2023 йилнинг июлида ҳам тилга олганди. Орадан тўрт ой вақт ўтган бўлса-да, ШҲТ доирасида террорчиликка қарши курашиш бўйича бошқа ҳолатлар аниқланмаганми ёхуд Мирзаев пойтахтимиз мезбонлик қилаётган тадбирда эски статистикага асосланган маъруза билан қатнашганми, буниси бизга қоронғи. Шунингдек, у “бир йил давомида” деганда 2023 йилни назарда тутганми ёки бошқа оралиқни, бунга ҳам ойдинлик киритмаган.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига 2001 йил 15 июнь куни Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарлари томонидан асос солинган. Кейинчалик Ҳиндистон ва Покистон унга қўшилди. Ташкилотда Афғонистон, Беларус ва Мўғулистон кузатувчилардир. 2005 йилдан бери ШҲТ кузатувчиси бўлган Эрон 2023 йил 4 июлда ташкилотнинг тўққизинчи аъзосига айланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг