Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзбектелеком»га муносабат ўзгармоқда: Ижобий баҳо нисбати ярим йил ичида 28 фоиздан 90 фоизга ошган

«Ўзбектелеком»га муносабат ўзгармоқда: Ижобий баҳо нисбати ярим йил ичида 28 фоиздан 90 фоизга ошган

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 26 июнь куни Алоқа тарихи музейида «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ўтказилди. Унда компанияда телекоммуникация хизматлари сифатини ошириш соҳасида янги хизматларни жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз борди.

Фото: «Xabar.uz»

Wi-Fi фойдаланувчилари идентификациялаштирилади

Ҳозирги кунда мамлакатимиз бўйлаб Wi-Fi тармоқлари фаол ривожланмоқда, уларнинг узлуксиз ишлаши учун фойдаланувчиларни идентификациялаш ва авторизациялаш зарур. Шу муносабат билан «Ўзбектелеком» АК ҳамкорларига симсиз Wi-Fi тармоқлари фойдаланувчиларини идентификациялаш ва авторизациялаш учун янги хизмат турини таклиф этди. Ушбу хизмат SMS-хабарлар авторизацияси тизимини ва брендланган саҳифаларни ўз логотипи билан лойиҳалаштириш имконини ўзида жамлайди.

Мазкур хизмат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги 5326-сонли фармонининг бажарилиши, шунингдек, тақдим этилаётган телекоммуникация хизматлари доирасини кенгайтириш мақсадида жорий этилди.

«Uz-IX» пиринг тармоғи лойиҳаси йўлга қўйилди

2017-2019 йилларда интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентни ривожлантириш бўйича комплекс дастурини амалга ошириш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 август «Интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 625-сонли қарорини амалга ошириш доирасида «Ўзбектелеком» АК «Uz-IX» пиринг тармоғи лойиҳасини йўлга қўйди. Ушбу пиринг тармоғи оммабоп интернет-ресурслар ва порталларни маҳаллийлаштириш, шунингдек, интернет тармоғига уланиш хизматларининг арзонлашишига ижобий таъсир кўрсатадиган юқори сифатли миллий контентни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни шакллантириш имконини беради.

ivi онлайн-кинотеатри билан ҳамкорлик

Ҳозирги кунда «Ўзбектелеком» АК лицензияланган энг йирик медиа-контент кутубхонаси (филмлар, телесериаллар ва мултфилмлар)га эга бўлган ivi онлайн-кинотеатри билан ҳамкорликда қўшма лойиҳани тижорат мақсадларида фойдаланишга топширди. Айни дамда маҳаллий телевидение каналларининг ivi онлайн-кинотеатрига жорий этиш, шунингдек, ўзбек филмлари ва кўрсатувларини кинотеатр каталогига жойлаштириш масалалари кўриб чиқилмоқда. Етакчи медиа контент провайдерлар, масалан, Megogo, SPB TV ва бошқалар билан ҳамкорлик бўйича музокаралар ҳам олиб бориляпти.

Компания абонентлар учун ўйинли контентларни тақдим этиш мақсадида, компютер ўйинлари саноатининг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан ҳам мулоқотга киришган. Бу борада Ўзбекистон Республикасида контентларни жойлаштириш учун Wargaming компанияси билан ҳамкорлик бўйича музокаралар кетмоқда. «Ўзбектелеком» АК Data-марказида Wargaming server инсталляцияси бўйича ишлар бошлаб юборилган.

«Ўзбектелеком» АК 3 июндан бошлаб 100 Мбит/с.гача тезликка эга TURBO вa TURBO NIGHT хизматларини янгилади.

Шунингдек, бутун Ўзбекистон бўйлаб UZONLINE абонентларида UZ-IX ва ТАS-IХ тармоқларига 40 ва 100 Мбит/с. тезлик билан хизматларга уланиш имконияти пайдо бўлди. Мазкур тезлик VDSL вa FTTx технологияларидан фойдаланган абонентлар уланиши мумкин.

Абонентлар учун 50 фоиз чегирма

Бундан ташқари, жорий йилнинг 3 июндан 31 августгача бутун Ўзбекистон бўйлаб TURBO вa TURBO NIGHT хизматлари учун ёзги чегирмалар акцияси ўтказилмоқда. Энди абонентлар хизматлардан 50 фоиз чегирма билан фойдаланишлари мумкин!

Рақобат муҳитида мижозларни турли хизматлар билан жалб қилиш мумкинлигини компания жуда яхши билади. Шу боис компаниянинг «Ахборот тизимлари» филиали томонидан юридик шахслар учун қуйидаги хизматлар ишга туширилди:

  • Булутли видеокузатув
  • WEB-хостинг
  • Co-location
  • Видеоконференцалоқа.

«Виртуал офис» хизмати ҳам юридик шахслар учун мўлжалланган бўлиб, ушбу хизмат юртимиз тадбиркорларига ходимлар штати молиявий харажатларини камайтиришга, шунингдек, ходимлар учун бино ижараси, офис ускуналари ва мебеллар харажатларини тежашга имкон беради. Бундан ташқари, хостинг хизматларининг турларидан бири бўлган – VDC (Virtual Data Center) ёки VPS (Virtual Private Server) каби бошқа хизмат турлари ҳам жорий этилади, улар доирасида фойдаланувчига виртуал ажратилган сервер тақдим этилади.

«Сузувчи давр»

«Ўзбектелеком» АК бугунги кунда ўз мижозларига контентни сақлаш, узатиш ва қайта ишлаш хизматларини тақдим этиш учун телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида, «Тошкент, Фарғона ва Бухорода маълумотларни сақлаш ва узатиш марказларини яратиш» лойиҳасини амалга оширмоқда.

Абонентларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида «Ўзбектелеком» АК 2019 йил 15 майдан бошлаб, жисмоний шахслар учун UZONLINE интернет-хизматларига уланишда абонент тўловларини амалга оширишнинг янги тартибини жорий этмоқда, бунда ҳисоб-китоб даври ва тўлов муддатлари «сузувчи давр» тамойили бўйича ўзгариши мумкин.

Фото: «Xabar.uz»

Алишер Зуфаров, «Ўзбектелеком» АК тижорат директори в.в.б.:

– Бугунги кунда мижозларимизга нафақат қулай нархлардаги тарифлар ва янада юқори тезликни, балки хизматлар учун тўловнинг «сузувчи давр» қулай конвергент билингни ҳам таклиф қиляпмиз. Шунингдек, GPON оптик технологиясига ўтишда юз метр оптик кабелни ва ҳатто абонент ускунасини бепул тақдим қиламиз. Компания ҳамкорларига «Uz-IX» пиринг тармоғимизга уланишни ёки мамлакатимизда Wi-Fi хусусий нуқталарини қуришни хоҳлаганлар учун симсиз Wi-Fi тармоғи фойдаланувчиларини идентификация ва авторизация қилиш янги хизматидан фойдаланишни таклиф этяпмиз. Мижозларимизга хизмат кўрсатиш сифатини ва хизмат кўрсатиш даражасини ошириш доимо эътиборимизда бўлади.

Муносабатлар ўзгармоқда

Телекоммуникация тармоқларининг техник модернизацияси, янада тезкор ва арзон тарифлар, янги инновацион хизматларнинг жорий этилиши, шунингдек, абонентларнинг содиқлигини оширувчи кўп сонли акциялар истеъмолчиларнинг компанияга бўлган муносабатлари ўзгаришига олиб келади. Масалан, Brand Analytics компаниясининг тадқиқотларига мувофиқ, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари салбий ва ижобий баҳоларининг нисбати 2018 йил декабрдан 28 фоиз (ижобий)дан, 2019 йил майгача 90 фоиз (ижобий)гача ўзгарди.

Телекоммуникация тармоқларининг модернизацияси давом этмоқда. Тезлик ўсмоқда, тарифлар туширилмоқда, янада янги ва талабгир телекоммуникация хизматлари таклиф этилмоқда!

Шунингдек, брифингда яқин вақт мобайнида ахборотларни ҳимоя қилиш воситаларини етакчи ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорликда бизнеснинг асосий эҳтиёжларини таъминлайдиган – корхонанинг рақамли фаоллигини ҳимоя қилиш, уларга рақамли муҳитда хавфсиз ишлашда ёрдам берадиган юқори технологик, сифатли ҳимоя воситалари жорий этилиши ҳақида сўзлаб берилди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.

Усмонжон Йўлдошев,
«Xabar» мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг