Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Корея Республикаси Ўзбекистонда маълумотлар маркази қурилишига кўмаклашади

Корея Республикаси Ўзбекистонда маълумотлар маркази қурилишига кўмаклашади

Фото: ЛБМА матбуот хизмати

Корея Республикасининг Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазири ўринбосари жаноб Юн Джонг Ин бошчилигидаги делегация 18-19 март кунлари Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлди. Бу ҳақда ЛБМА матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигидаги учрашувда меҳмонлар Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги икки томонлама муносабатлар даражасини юқори баҳоладилар. Жумладан, Ўзбекистонда электрон ҳукуматни ривожлантириш доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг миқёси ва сифатига, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда 195 турдаги хизматлар тақдим этилаётганига тўхталиб ўтилди. Учрашув қатнашчилари электрон ҳукуматни ривожлантириш соҳасидаги Ўзбекистон-Корея муносабатларининг ҳолати, ушбу соҳадаги янги қўшма лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш бўйича фикр алмашдилар.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Корея Республикаси Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазирлиги ўртасида ўзаро илғор тажрибаларни алмашиш, қўшма тадқиқотлар, корпоратив ҳамкорликни олиб бориш ва Ўзбекистонда маълумотлар марказини ташкил этишда техник кўмак кўрсатишни ўз ичига олган ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Фото: ЛБМА матбуот хизмати

19 март куни Корея Республикаси делегацияси ташрифи доирасида «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази ҳамда Корея Республикаси Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазирлиги томонидан биргаликда ташкиллаштирилган «Электрон ҳукумат: Тараққиёт истиқболлари» ўзбек-корейс форуми бўлиб ўтди.

Форум ишида корейс делегацияси вакиллари, агентлик, тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари, таълим муассасалари, «Mirzo Ulugbek Innovation Center» (MUIC) инновация марказининг 100 ортиқ вакиллари қатнашдилар.

Маълумот учун: Жанубий Корея электрон ҳукуматнинг ривожланиш даражаси бўйича дунё мамлакатлари халқаро рейтингида етакчи ўринни (3-ўрин) эгаллайди. Мазкур рейтинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) томонидан дунёдаги 193 давлатда фуқароларга давлат хизматларини тақдим этишда ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ)дан фойдаланиш бўйича миллий давлат тузилмаларининг тайёрлиги ва уларнинг имкониятларини баҳолаш натижаларига кўра эълон қилинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг