Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ICT FERGANA-2021: ўз устида ўн минг соатлаб ишлаган ютиб чиқади (фото)

ICT FERGANA-2021: ўз устида ўн минг соатлаб ишлаган ютиб чиқади (фото)

Фото: Xabar.uz

Аввал хабар берганимиздек, Марғилон рақамли технологиялар ўқув марказида «Келажакка ишончли қадам» шиори остида ICT FERGANA-2021 ҳафталиги бошланган эди.

Мазкур ҳафталик доирасида ўтказилган танловлар ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Вилоятлар кесимида илк маротаба Фарғонада амалга оширилгани нафақат танловлар иштирокчиларининг, балки вилоятдаги барча рақамли технологиялар ўқув марказлари менторлари ва ўқувчиларининг руҳиятини кўтариб, масъулиятларини ҳам ошириб юборгани рост. Бу ғолибларни тақдирлаш тадбирида баралла сезилиб турди. Олий Мажлис депутати Дониёр Ғаниевнинг мулоҳазаларида ҳам шу мазмун-моҳият устуворлик қилди ва у мазкур ҳафталик доирасидаги танловлар Президентимиз томонидан бу борада қўйилаётган вазифаларнинг адо этилаётганига бир намунали мисол бўлганини, барча мактаблар, боғчалар, тиббиёт муассасаларига интернет етиб борганин ҳамда Марғилон рақамли технолоиялар ўқув маркази фаолиятининг беқиёс аҳамиятини таъкидлаб, барча ёшларга жаҳонга чиқишларида улкан муваффақиятлар тилади.

Фото: Xabar.uz

Марғилон шаҳар ҳокими Адҳамжон Зиёвуддинов ҳам марказ томонидан амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо бериб, марказ дастурларининг ҳунармандчилик, жумладан, косибчилик бўйича дастурлар яратиб, косибчиликни саноат даражасига кўтаришга катта ҳисса қўшаётганларидан ҳайратларини яширмади. Шаҳарда, умуман, вилоятда дастурчилар кашфиётлари туфайли кўплаб ишчи ўринлари яратилишига, маҳсулотлар турларининг ортиб боришига ва Марғилон ҳунармандчилик маҳсулотлари экспортининингг ошишига ишонч билдирди. АКТ вазирлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Жаҳонгир Қодиров марказ фаолиятини йўлга қўйишда, “айти” соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшаётган тизимдаги ташкилотлар, жумладан, “Ўзбектелеком” АК, “Uzpost” оператори Фарғона филиалларига ҳамда ҳамкорлар вилоят ва шаҳар ҳокимликларига, ёшлар салоҳиятини оширишга, иш ўринларини топишга катта ҳисса қўшаётгани учун миннатдорлик билдирди.

IT мутахассиси Абдусаттор Абдураҳимовнинг чиқиши эса ёшларга қаратилган оташин даъват бўлди. Абдусаттор беш йил олдин қандай қилиб соҳага кириб келганини сўзлар экан, жумладан, шундай деди: Рақамли технологиялар ўқув марказлари, бу сизлар учун бир муҳит, имконят учун жой, холос. Бу муҳитда сиз ўз устингизда мукаммал ва тизимли ишлашга кўникишингиз, изланиш интизомини қарор топтиришингиз зарур. Бунда ким ютиб чиқади, десангиз, бунда ўз устида ўн минг соатлаб ишлаган ютиб чиқади. Чалғисак, бошқа ижтимоий тармоқларда соатлаб вақтимизни бой берсак, ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Саҳарларда барака бор. Ҳар куни қуёшдан эрта турган ҳолда ўз устида ишлаш керак. Ўз устида ишлангандангина самара салмоқлироқ бўляпти. Дастурчи бўлинг, бўлганда ҳам маҳоратли дастурчи бўлинг. Интернетдаги, Ютубдаги имкониятлардан, курслардан ўрганинг. Эшитган бўлсангиз, бизнинг дастурчиларимизни хорижий давлатлардаги корпорацияларга 2-3 минг долларлик ишларга олиб кетишяпти. Нимагаки уларда ўзларига талабчанлик юқори. Нуфузли экспертлар ҳам бизларнинг дастурчиларимиз Ҳиндистон дастурчиларидан кучли, деган хулосани келишгани ҳам ҳақиқат. Сизлар ҳам ана шу моҳир дастурчилар қаторидан ўрин олишингиз аниқ. Хуллас, ёшлар, мақсадли тизимингизни йўлга қўйиб олинг. Баъзилар каби бахтни уй ва машиналик бўлишда, деб ўйламанг. Ахир, булар бахтнинг ўн фоизини ҳам ташкил қилмайди. Демоқчиманки, бахт халққа имкон қадар кўп наф келтиришда ва дастурчилик, ҳам бир неъмат эканлигини ёдда тутган холда ўз билимларингизни барча билан баҳам кўринг дейман, бошқаларга ҳам ўргатиб, миллатни юксакка олиб чиқишда ҳиммат кўрсатинг ва бу ҳимматингиз ўзингизга ўн ҳисса бўлиб қайтади.

Фото: Xabar.uz

Шундан сўнг танлов ғолиблари эълон қилинди. Kibersport (Dota 2) бўйича No Tinker жамоаси 1-ўрин, Refesh Gaming жамоаси 2-ўрин, Devil Boys жамоаси 3-ўрин. Ideathon бўйича Сардорбек Содиқжонов “Туризм.уз” лойиҳаси учун 1-ўрин, “Elektron aylanma varog” бўйича Санжарбек Ғаниев 2-ўрин, CMD лойиҳаси бўйича Самандар Муроджонов 3-ўрин, “Uzum” лойиҳаси бўйича Лазизбек Исоқжонов 3-ўрин. Robototexnika бўйича Valle robot лойиҳаси учун Муродилжон Турсуналиев 1-ўрин, Smart fudbolka лойиҳаси учун Беҳрузбек Толипов 2-ўрин, “Nogironlar stuli” лойиҳаси учун Иброҳим Мирзаев 3-ўринни олишди. Hackathon бўйича MDEVS жамоаси “Мусофирлар. уз” лойиҳаси учун 1-ўрин, Itach Pro жамоаси “Рақамли шифохона” лойиҳаси учун 2-ўрин, CODELANCERS жамоаси эса “Энг тез ёрдам” лойиҳаси учун 3-ўринни эгалладилар.

Ғолибларга ноутбук, телевизор, планшет каби қимматбаҳо совғалар ва пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.

Марғилон рақамли технологиялар ўқув маркази раҳбари Баҳромжон Жалилов Марғилон шаҳар ҳокимлигига, Ёшлар ишлари агентлиги, iTeach Academy, Royal Taxi жамоаларига ҳомийлик ёрдами учун ташаккур изҳор этиб, эсдалик совғаларини топширди.

Ҳафиза САЛЯҲОВА,
“Хabar”нинг Фарғона вилоятидаги мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг