Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Вазирлик 16 ёшга тўлган битирувчиларни огоҳлантирди

Вазирлик 16 ёшга тўлган битирувчиларни огоҳлантирди

Фото: «Xabar.uz»

16 ёшга тўлган ўқувчиларнинг 55 минг нафари паспорт (ID карта) олмаган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 16 ёшга тўлган мактаб битирувчиларидан ўз вақтида паспорт (ID карта) олишларини сўради.

Қайд этилишича, абитуриентларнинг олий таълим муассасаларига кириши учун тегишли ҳужжатларни онлайн топшириш учун битирувчиларнинг паспорт (ID карта) маълумотларини АБИТУР электрон дастурига киритиш талаб этилади. Шунинг учун 16 ёшга тўлган ҳар бир битирувчи ўз вақтида паспорт (ID карта) олиши зарур.

Ушбу жараёнда битирувчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг электрон маълумотлар базаси Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг АБИТУР электрон дастури билан интеграция қилинган.

Бугунги кунга қадар жорий ўқув йилида мактабларни тамомлаётган 400 мингдан ортиқ ўқувчининг 16 ёшга тўлган 55 минг (14%) нафари паспорт (ID карта) олмаганлиги сабабли уларнинг маълумотлари электрон базага ҳозирча киритилмаган.

«Ҳурматли ота-оналар, азиз битирувчилар!

Фарзандингизнинг конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, 16 ёшга тўлган фарзандларингизни ўз вақтида паспорт (ID карта) олишини таъминлашингизни, мактаб маъмуриятидан эса битирувчиларнинг паспорт (ID карта) маълумотларини электрон базага киритиб, уларни келгусида олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишида зарур кўмак беришингизни  сўраймиз», дейилади вазирлик хабарида.

Маълумот учун: Паспорт (ID карта) олиш учун ҳудудий ички ишлар органларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари ва Давлат хизматлари марказларига мурожаат этиш зарур.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг