Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Пайдар-пай очилаётган университетлар: Мақсад таълим беришми ёки диплом сотиш?

Пайдар-пай очилаётган университетлар: Мақсад таълим беришми ёки диплом сотиш?

Кўчада кетаётсам ўртамиёна катталикдаги бир бинога кўзим тушди. Унда ўнлаб ташкилотлар фаолият юритар экан. Диққатимни тортгани иккита университет бўлди. Шу бир бинонинг ўзида бир-биридан алоҳида икки университет жойлашган экан...

Ўзбекистонда янги олий таълим муассасалари ишга туширилишини тўғонни бирдан очиб юборишга қиёслаш мумкин. Ҳозир бирор ой йўқки янги университет ёки институт очилгани тўғрисида эшитмасак. Албатта, узоқ йиллар давомида абитуриентлар сонига нисбатан ОТМлар ўринлари жуда оз ҳолича сақланди, аниқроқ айтадиган бўлсак талабга нисбатан таклиф кам бўлди.

Яқин йилларда ҳам хусусий университет очишни тасаввур қилиб бўлмасди. Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижаси деймизми, қонунлардаги либераллаштириш дея атаймизми, тадбиркорликка йўл деб номлаймизми, хуллас бугунги кунда олий таълим муассасаси очиш анча осон иш бўлиб қолди.

Натижа ҳам ҳайратланарли: Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги берган маълумотга кўра Ўзбекистонда 2016-2022 йилларда 122 та олий таълим муассасаси (ОТМ) очилган. Умуман, университетлар дастлаб очилган пайтдан бошлаб ўтган бир асрда, яъни 2016 йилга қадар мамлакатамизда 77 та олий таълим даргоҳи бўлган. Лекин 6 йил ичида 100 йиллик кўрсаткичдан қарийб икки баробар кўпроқ натижага эришилгани чиндан ҳайратланарли эмасми?

Тўғри, бу жараённинг қатор ижобий жиҳатлари бор. Энг асосийси – ўтган олти йил ичида ёшларни олий таълимга қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошган. 2026 йилга бориб бу кўрсаткич 50 фоизга етказилиши режалаштирилган.

Бу шиддатли даврда дипломлилар сони ошиши шубҳасиз. Лекин қўлни кўксимизга қўйиб айтайликчи – хусусий университетлар пайдар-пай очилиши омма билим кўрсаткичига ижобий таъсир қиляптими? Асосий мақсад профессионал ва замонавий кадрлар етиштиришми ёки кўпроқ ёшларни контрактга жалб қилиб, каттароқ маблағ ишлашми?!

Амин бўлингки, ўша «янги» олийгоҳлар мутасаддиларига бу саволларни берсангиз сув юқтиришмайди ва астойдил билим бераётганларига ишонтиришга уринишади. Бироқ ҳаётий кузатув бошқача – қабул жараёни деярли йил бўйи давом этаверади, киришда ўта примитив имтиҳон, одатда шунчаки суҳбат ўтказилади ва одатда ҳужжат топширганларнинг барчаси қабул қилинади. Ўқув дастурида ҳам, дарслар жараёнида ҳам узвийлик йўқ. Аксарият талабалар йилларки бир-бирини танишмайди ҳам. Энг асосий мезон – контрактни тўлаш! Майли кечикиб, майли майдалаб, лекин шу тамойил бузилмаса бас.

Холисликни йўқотмай баҳолаш зарур – хусусий ОТМларнинг барчасини бир хил қолипга тиқиш ҳам нотўғри бўлади. Улар орасида ҳавас қилгулик таълим тизимини йўлга қўйганлари ҳам бисёр ва бу даргоҳларда ҳақиқий билим соҳиблари ҳам етишиб чиқишяпти.

Аммо шу билан бирга билимсизларга ҳам муқобил имкониятлар борган сари кенгайиб кетаётганини ҳам очиқча тан олиш вақти аллақачон келган. Айтилиши мумкин – рақобат жараёнида яхшилар сараланади, сифатсиз таълим берадиганларни ҳаётнинг, бозорнинг ўзи четга чиқариб қўяди, дея.

Бунақаси кетмайди! Олий таълим тажриба майдони эмас. Бир даргоҳга боғланган талаба камида тўрт йил вақтини ва ҳаётидаги ягона имкониятини сарфлайди. Унинг борини шилиб олиб, охир-оқибат ҳеч нарсага ярамайдиган бир парча қоғоз билан кузатиб юбориш келажакка хиёнатнинг айни ўзгинасидир.

Дастлаб бу талотўплар орасида энг нозик бўлган ҳуқуқ, тиббиёт каби йўналишларга тегилмай турган эди. Бироқ охирги маълумотларга қараганда ҳатто шифокорлик дипломи ваъда қилаётган хусусий ОТМлар ҳам пайдо бўла бошладики, буниси энди чиндан ҳадикка солади.

Тўғри, хорижда ҳам қатор етакчи олий ўқув юртлари давлатга тегишли эмас. Лекин етарли илмий ва моддий-техник базага эга бўлмай туриб, мураккаб йўналишдаги кадрларни тайёрлаш мутлақ мумкин  ҳам эмасда.

Мақолани таълим хусусийлаштирилишига қаршилик, ҳаммасини давлат тасарруфига ўтказишга уриниш, дея баҳоламанг. Ҳамма йўналиш давлат бошқарувида қолиши шарт эмас албатта. Бироқ шу билан бирга олий таълимни кўпроқ пул ундириш ва рамзий дипломлаштиришга айлантиришга ҳам жим қараб туриб бўлмайди.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи-назарини англатмайди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг