Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Бепул таълим ва 1000 АҚШ долларигача харажатлар» — Норвегиядаги магистрант ҳамюртимиз билан суҳбат

«Бепул таълим ва 1000 АҚШ долларигача харажатлар» — Норвегиядаги магистрант ҳамюртимиз билан суҳбат

Фото: «Xabar.uz»

«Xabar.uz» чет элдаги ватандошлар билан суҳбатларни давом эттиради. Бу галги суҳбатдошимиз Норвегиянинг Осло универистети магистранти Мадина Холматова.

Мадина 2019 йили Тошкентдаги Инҳа университетининг бакалавр босқичини тамомлаган.

 Норвегияда таълим мутлақо текин

IT-соҳани танлашимга бир қатор сабаблар бор. Биринчи навбатда, болалигимдан аниқ фанлар ва информатикага қизиқишим юқори бўлган. Лекин айнан дастурлаш соҳасида ўқишим, ишлашим мумкинлигини кичиклигимдан тасаввур қилмагандим. Мен ўқишга топширмоқчи бўлган йиллари, Тошкентда Жанубий Кореянинг Инҳа университети очилганини эшитдим ва бир дўстим олийгоҳга биринчи қалдирғочлардан бўлиб кирган эди. У ердаги ўқиш сифатини эшитиб ва IT келажак касби эканлигини ҳис қилиб менда ҳам шу соҳада ўқишга хоҳиш уйғонди. Имтиҳонларга пухта тайёргарликлар ортидан ўқишга қабул қилиндим.

Очиғи, тўрт йиллик таҳсил даври соҳам бўйича билимлар олишга, янги дўстлар ва амалий тажрибалар оширишга имкон берди.

Кейинроқ бакалаврни тамомлаб, магистратурани хорижда ўқиш учун ҳаракатни бошладим. Хусусан, асосий эътибор Норвегия давлатига қаратилди.

Тўрисини айтсам, Скандинавия мамлакатлари ҳақида тоғамдан жуда кўп эшитганим учун, Норвегияда таҳсил олишни бакалаврлик вақтларимдан буён орзу қилганман. Энг катта сабаблардан бири бу — таълим олишнинг бепуллиги. Норвегияда таълим мутлақо текин, ўз фуқаролари ва чет элдан келган талабалар учун ҳам. Қолаверса, ўқиш сифати яхши ва дунё рейтингларида ҳам юқори ўринларда туради.

Осло университети мамлакатда биринчи очилган олийгоҳ

Ҳозир Осло университетида таҳсил оляпман. Олийгоҳ 1811 йилда ташкил топган ва Норвегиянинг энг биринчи очилган олий таълим муассасаси ҳисобланади. Университет Норвегияда таълим ва илмий тадқиқот бўйича биринчи ўринда ва дунё миқёсида «топ-100»ликка киради. Илмий тадқиқотлар бўйича жуда кўп ютуқларга эришган, хусусан 5 нафар Нобел мукофоти совриндорлари бор. 800 дан ортиқ инглиз тилидаги курслар ва 40 дан ортиқ магистратура ва PhD йўналишлари мавжуд. Умуман, таълим сифати ва ўқиш шароитларига ҳавас қилса арзийди.

 Ойига энг ками 700-1000 АҚШ доллар сарфлайсиз

Саволингиздан келиб чиқиб айта оламанки, Норвегияда яшаш анчагина қиммат, талаба сифатида ойига энг ками 700-1000 АҚШ доллар сарфлайсиз. Талабалар ҳафтасига фақат 20 соат ишлаши мумкин. Шунинг учун бу ерда энг катта кўрган қийинчиликларимдан бири иш топиш бўлди. Бакалаврни тугатибоқ Норвегияга келганман ва менда ҳеч қандай иш тажрибаси бўлмаган.

Бу ерда networking жуда ҳам муҳим ва энг биринчи қилган ишим LinkedInда ахборот технологиялари соҳасидаги инсонлар билан боғланиш бўлган. Икки ой тинмасдан иш қидирганман.

Бошида кунига ўнлаб иш ўринларига топширар ва ўнлаб рад жавоблари олардим. Лекин тажриба бўлмаса ҳам, сиздаги салоҳиятга, ўрганиш хоҳишингизнинг кучлилига ишонадиган компаниялар ҳам бор. Икки ойдан сўнг Ослодаги энг катта IT-компаниялардан бирига амалиётчи сифатида ишга кирдим ва ҳозиргача шу ерда ишлаб келмоқдаман.

Ўзгариш бир кунда содир бўлмайди

Ўйлашимча, юртимизда IT-соҳа ривожланишига ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Лекин ривожланишни секинлаштирувчи бир қатор омиллар бор. Албатта ўзгариш бир кунда содир бўлмайди. Шундай бўлса-да, ривожланишга ҳамма бирдек ҳаракат қилиши лозим.

Фурсатдан фойдаланиб, бир қатор таклифларни айтиб ўтмоқчиман. Мен ҳозир магистратурада «Тадбиркорлик ва инновация бошқаруви» мутахассислигида ўқийман. Шу боисдан Скандинавия давлатлари тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда «Стартап мактаблари»га кучли эътибор қаратиш ва ёшларга бу борада амалий муҳит яратиб бериш ахборот технологиялари соҳаси тараққиётига катта ёрдам беради, деб ўйлайман.

 Асосийси ўзингизга ишонишни ўрганинг

Аксарият одамлар қизлардан кучли IT-мутахассис чиқишига шубҳа билан қарашади. Бу нотўғри тушунча. Шу нуқтаи назардан ёшлар, айниқса, қизлар ахборот технологияларига қизиқсалар, ҳеч ҳам ортга қайтмасликни маслаҳат бераман. Асосийси ўзингизга ишонишни ўрганинг. Ҳамма ҳам нолдан бошлайди. IT-соҳа жуда кенг ва қизиқ, имконингиз бўлса ҳар тарафлама тажриба орттиринг.

Университетда ўқиётганда фақат у ердаги фанлар билан чегараланиб қолманг. Имкон борича амалий кўникмаларингизни ошириш ва тажриба олишга интилинг. Бир сўз билан айтганда, тинимсиз меҳнат ва қатъий ирода ортидан албатта муваффақият қозонилади.

Шахсий режам ва ниятим келажакда нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳонда машҳур йирик IT-компания очиш.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг