Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Абитуриент тестни қаерда топширади?

Абитуриент тестни қаерда топширади?

Фото: uztag.info

Кечаги матбуот анжуманида мутасадди раҳбарларга абитуриентлар тестни қайси ҳудудда топширишлари ҳақида савол бердим.

Уларнинг жавоби қуйидагича бўлди:

«Бу йил абитуриентлар республиканинг исталган ҳудудида ҳужжат топшириб, бошқа ҳудудда тест имтиҳонидан ўтиши мумкин. Фақат улар рўйхатга олинаётганида қаерда тест топширмоқчилигини кўрсатиши керак».

Бундан хулоса шуки, масалан, қорақалпоғистонлик абитуриент Тошкентдаги 3 та ОТМга ҳужжат топширди, дейлик. Лекин аризасида тестни Қорақалпоғистонда топшираман дея белгилади. Демак, у Тошкентга бориши шарт эмас, тестни Нукусда топширади. Қачонки ўқишга кирган тақдирдагина, кейин Тошкентга келади.

Тушунишим бўйича, тест топширадиган жойи айнан ОТМ жойлашган ёки ўзи яшайдиган ҳудуд бўлиши шарт эмас. Масалан, навоийлик абитуриент Бухородаги 3 та ОТМни танлади. Лекин у тестлар ўтадиган вақтда оилавий сабабларга кўра, Навоийда эмас, Самарқандда бўлади дейлик. Бундай пайтда у ҳужжат топшираётганда аризасида тестни Самарқандда топширишни белгилайди.

Хулоса: навоийлик абитуриент Бухородаги ОТМларга ҳужжат топшириб, Самарқандда тестга кирса бўлади.

Умуман олганда бу жуда ажойиб тартиб. Кўплаб овогарчилик ва ортиқча харажатларнинг олди олинади. Фақат биргина жиҳати, бундай тизимда қаттиққўллик ҳамма жойда бир хил бўлиши керак. Йўқса, катта-катта жиноий гуруҳлар атайин ўз «мижозларини» чеккароқ ҳудудларда тестга киритиб, ўйин қилишга уриниб кўришлари эҳтимолдан ҳоли эмас.

Шунингдек, бу масалада яна бошқа бир тушунмовчилик ҳам бор ва кеча шу ҳақида ҳам савол бердим.

Яъни 07.06.2019 йили Вазирлар Маҳкамасининг 468-сонли қарори билан тасдиқланган регламентнинг 4-бандида қуйидагича қоида белгиланган:

«Абитуриентлар Марказга мурожаат этган ҳудудда (Ягона портал орқали мурожаат этганда доимий рўйхатда турган ҳудудида) ташкил этиладиган тест синовларида иштирок этишлари мумкин».

Регламентнинг ушбу банди ДТМ раҳбари айтган тизимга бироз тўғри келмайди. Боз устига Регламентнинг 2-иловаси билан тасдиқланган сўровномада ҳам тест топшириш ҳудудини танлаш деган савол мавжуд эмас.

Регламентдаги бу банд ҳақида эшитиб ДТМ директори ҳам, Олий ва ўрта махсус таълими вазири ҳам ҳайрон бўлди. Лекин шундай бўлса-да, Мажид Каримов ишонч билан айтдики, абитуриент ўзи истаган ҳудудда тест топшира олади, бунинг учун ҳужжат топширишда махсус танланадиган банд ҳам бўлади. Регламентга келсак, уни Давлат хизматлари агентлиги ишлаб чиққанлиги сабабли, нима учун бу нарса инобатга олинмаганига бирор изоҳ бера олмаслигини айтди.

Майли, ҳужжатда қанақа ёзилганидан қатъи назар, амалда абитуриентлар учун ўзи истаган жойда тестга кириш ҳуқуқи кафолатланади. Исботи сифатида пастдаги суратга қаранг, Ягона портал орқали рўйхатдан ўтишда тест топширадиган ҳудудни белгилайдиган алоҳида банд мавжуд.

ЭСЛАТМА: тағин абитуриентлар «исталган жойда тест топширишим мумкин экан» деб, тест куни ўзи хоҳлаган жойга бориб ўтирмасин, ҳудуд олдиндан белгиланади. Рўйхатдан ўтаётганда тест топшириш жойни етти ўлчаб бир кесган ҳолда танлаш керак, чунки ҳудудни кейинчалик ўзгартириб бўлмайди. Масалан, ҳужжат топшираётганда Тошкентни танлаб, кейин тест куни Андижонга бориш бефойда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг