Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

«Тўлов» ёхуд оғир бадал ҳақида оғир кино

«Тўлов» ёхуд оғир бадал ҳақида оғир кино

фото: кино ТВ. ру

Ўн йилдан бери тинч-тотув яшаётган бахтли оила. Уларнинг бир нафар қизи бор – исми Софи. Эр-хотин бир-бирини жуда ҳурмат қилади ва яхши кўради. Уларнинг ҳамма нарсаси – уйи бор, эркакнинг яхши каръераси. Аммо кунлардан бир кун 5 ёшли қизалоғи Софини янги энага гаровга олади. Ишга кетаётган эр-хотинни эса бир эркак. Воқеалар шундан кейин шиддат билан ривожланади.

Канада, Буюк Британия киноижодкорлари томонидан 2007 йилда тасвирга олинган «Тўлов» (Выкуп) ёки «Бадал» триллер, драма жанридаги ушбу кинони режиссёр Майк Баркер ишлаган. Том Райан ролини машҳур актёр Пирс Броснан ўйнаган. Доимо ижобий қаҳрамон ролидаги актёрни бу сафар босқинчи, зўравон ролида кўрасиз.

Бахтли оиланинг бошлиғи Нейл Рендэлл ролида эса яна бир машҳур актёр Жерар Батлер ўйнаган. Унинг хотини Эби Рендэлл – Мария Белло ижросида.

Бетоқатлик, бетоқатлик яна бетоқатлик

Ҳа, сиз эр-хотинни гаровга олган анави зўравон эркакнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракатидан нафратланасиз, ичингиз қизийди, бетоқатланасиз – қани энди дўппослаб ташласам дейсиз. Аввало, у оила бошлиғи Нейлнинг банкдаги барча пулларини қўл қўйдириб олади.

140 минг доллар, ҳазилакам пул эмас. Олади... ва шунчаки ёқиб сувга ташлаб юборади. Бир чемадон пул-а. Демак талончига пул керак эмас – унда нима керак? Том эр-хотинни чизган чизиғидан юришга мажбур қилади. Яна сиз ҳар дақиқаси жумбоққа айланиб бораётган ушбу филмда эр ва хотинга ичингиз ачийди, уларнинг руҳий мувозанати бузилаётганига, асабийлашаётганига, чорасизлигига тенг шерик бўласиз. Анави эр-хотин бирлашиб бир уриб ҳушидан кетказса бўлмайдими, йўқ сенинг айтганингни қилмайман деса бўлмайдими, қўлидан чиқиб қочиб кетса бўлмайдими, дейсиз. Йўқ бўлмайди. Ахир уйда энага қизи Софини гаровга олган. Софининг ота-онаси бу эркакнинг айтганини қилмаса Софи ўлади, уни бошқа ҳеч қачон кўришмайди.

Талончи Том бир саҳнада Эбининг қўлига ҳужжатни беради, эрининг бошлиғига етказиши учун ва шу билан Нейлнинг каръерасига путур етказилишини айтади. Аёл ҳужжатни бошлиққа бермай деса қизи Софи, берай деса эри қамалиб кетиши мумкин. Шунда кинонинг янаям жумбоқли, янаям интригали жойи келади. Том Нейлга «хотинингга телефон қил, ҳужжатни раҳбаринга бермасин», дейди. Сизнинг эса баттар жаҳлингиз чиқади, бу эркак ўзи нима истайди... ахир аёл ҳужжатни беришига бир қадам қолди... Нейл  кўз олдида бошлиғига ҳужжатни бераётган аёлига қўнғироқ қилиб, ҳужжатни берма, дейди. Аммо аёл иккилана-иккилана ҳужжатни бошлиғига узатади –бум! тамом... Аёл у ердан чиққач Нейл:

– Эби мен сенга ҳужжатни раҳбаримга  берма дегандим, – дейди.

Аёл айтади:

– Ҳужжатни бермасам у Софини ўлдирарди... берма деб яна ўзи айтдими?

Аммо ғишт қолипдан кўчган, аёл ҳужжатни бошлиққаа бериб бўлади. Бу ўртада қанчадан-қанча асаб толалари чирт-чирт узилади. Сиз эса анави руҳий касал эркакдан нафратланасиз, ҳозир олдингизда пайдо бўлса бир уриб сулайтириб қўйгингиз келади.

Яна бир саҳнаси: Оила бошлиғи Нейл тепаликдан қўрқади. Аммо унга Том соат саккизгача бажариши учун топишмоқли топшириқ беради. Нейл топшириқни тушунмайди. У ёққа қарайди, бу ёққа қарайди ва жуда тепада, жуда баландликда соатни кўради. Соат саккиз бўлишига 10 дақиқа қолган. Ҳа демак ўша тепаликка чиқиш керак, гаровга олган эркак унинг тепаликдан қўрқишини билади ҳатто, аммо у оиласи учун, қизи учун ҳам чиқиши керак. Тепага чиқади, эмаклаб қолади, ахир у тепаликдан қўрқади. Шунда Том пастдан унга бақиради: (эслатиб ўтаман бу пайтда у Эбига тўппонча ўқталиб туради)

– Нейл ўша тепаликда тик тур?  Энг чегарасида, қирғоғида тууур.

Пастда хотини йиғлайди:

– Ундай топшириқ берма, ахир у тепаликдан қўрқади... Нейл эҳтиёт бўл, дейди.

Оила бошлиғи қалтираб, тушиб кетай, тушиб кетай деб ўша тепаликнинг қирғоғига чиқади. Сиз эса ишқилиб Нейл аффект ҳолатида ўзини пастга ташлаб юбормасин ёки оёғи тойиб тушиб кетмасин, деб жон ҳовучлайсиз. Яна анави босқинчининг боплаб юзини бежагингиз, дўппослагингиз келади.

Аммо осмон узоқ ер қаттиқ...

Эркак яна улар билан ўйин ўйнашни бошлайди, уларга бир соат вақт беради: «Мана бу қутини бир жойга олиб борасанлар». Лекин улар қути билан қўлга тушишлари мумкин. Балки унда жиноий ашё борди, балки наркотик... Йўл- йўлакай полициялар олдидан ҳар бир лаҳзаси дўзахга айланиб қўрқа-писа ўтишади. Ва бирдан Нейл: «ахир бир соат вақтимиз бор, Софини қутқарамиз бу қутини очиб кўрамиз», дейди ва қутини очишса – бўм-бўш. Бу пайтда сиз ҳалиям анави жинни эркакка нисбатан нафратингизни жиловлай олмаётган бўласиз.

Талончи ўзи булардан нимани хоҳлайди? Ичингиз қизиб кетди-а. Менинг ҳам ичим қизиб кетди. На дардини, на мақсадини айтади. На мотивни билолмайсиз. Фақат эр-хотинни азоблаяпти, у ёқда эса қизалоқ. Кейин Нейлнинг эсига машинада кўрган қоғоз келади. Унда меҳмонхона ва хонанинг рақами бор эди. Қоғозни балки зўравоннинг ўзи булар кўриши учун атай қўйгандир. Бу Том пихини ёрган туллак, жуда ақлли чиқди... Хуллас эр-хотин меҳмонхонага югуради.

Қўриқчини чалғитиб калитни олишади ва хонага киришади – Софи ва энага шу ерда бўлиши мумкин.  

Энди Софини, қизалоқни топиша қолишса эди. Йўқ, Софи йўқ, унинг ўрнига унинг ўйинчоқ қуёнчасини топиб олишади. Эр-хотин алданганини тушуниб шундоқ орқасига қарашса бояги эркак турибди-да. Худди кузатув камера қўйилгандек уларнинг қутини олиб бормаслигини, меҳмонхонага келишини қаёқдан билди? Кимдир эр-хотиннинг миясидаги фикрларини уқиб олаётгандек ва унга етказаётгандек, лекин ҳеч бирига чип  ўрнатилмаган.

Энди янада ичингизни қиздирадиган, асабингизни бузадиган, анави эркакка баттар нафратингизни оширадиган воқеалар бошланади. Оила бошлиғини ландавурликда айбламоқчи бўласиз, аммо у қизининг тақдирини ўйлаб жим бўлиши, ҳамма шартга кўниши керак. Том Эбига енгилтабиат аёллар киядиган ҳарир ички кийимни бериб кийишга мажбурлайди. Оила бошлиғининг ғурури (ҳар қандай эркак хотини бошқалар олдида ечинишини ҳазм қилолмайди) топталади, ҳақоратланади, гўё жаҳли чиқиб уни урмоқчи бўлади – шунда анави эркак айтади: ғуруринг олдида қизингнинг тақдири бир чақами? Тамом, Нейл қизи ҳақида эшитиб бўшашади. Сиз эса воқеалар ривожи давомида анави эркакдан ҳар нарсани кутасиз – ишқилиб аёлга зўравонлик қилмасин. Аммо...аммо шу ерда ўз-ўзидан сизда анави эркакка ҳурмат уйғонади десам нотўғри бўлади, олижаноблик қилганига тан берасиз. Ахир ҳаммаям бунақа пайтда ўзини жиловлай олмайди, айниқса чексиз ўч олиш (ўзи нега ўч олаяпти ҳалиям номаълум)истагидаги одам бўлса...

Хуллас, эркак шу ерда тўхтайди. Эр-хотин бир-бирини қучоқлаб, фалокатдан, шармандаликдан қутулганига шукр қилади. Шунда анави эркак айтади: «Мана шу йўқотиш туйғусини, лаҳзаларини эслаб қолинглар, яна давоми бор».

Иложсиз, чорасиз, боши берк кўчага кириб қолган эр-хотин яна унинг етовида машинада йўлга тушади. Бояги эркак бир уй олдида тўхтайди: Мана шу сенинг бошлиғингнинг уйи, кириб уни от дейди...

Яна Томга нафратингиз кучайди, уни уриб ташлагингиз келди, оила бошлиғининг қўлига тўппончани берганда «э нима бўлса бўлди, Томни шарт отиб ташласин ёки шарт отиб ташлардим» деб ўйлайсиз. Аммо Софи бор, уни гаровга ушлаб турган энага тирик. Эркак уйга киради... бошлиғини қидиради... Қидиради, қидиради... ана бўлмаса унинг ўрнига аёл чиқиб келади. Аёлни бошлиғининг хотини деб ўйлайсиз... Аммо аёл келиб унинг бўйнига осилади... Демак Том Нейлни хиёнат қилишга мажбурламоқчи деб ўйлаб, пасткаш Томдан янада нафратланасиз...нафратланасиз, нафратланасиз...ижирғанасиз. Аммо Жуди Нейлнинг таниши бўлиб чиқди, ие, буёғи қандоқ бўлди?... Шу пайт Нейлнинг кўзи нимага тушди, деб ўйлайсиз. Тополмадингиз, балки топгандирсиз, анави пасткаш, талончи, руҳий хаста Томнинг суратига тушди.

Бу ким деб сўрагингиз келиб кетади.

– Бу ким деб сўрайди Нейл Жудидан:

– Эрим...

Воҳ... ўйлашга вақт йўқ, вақт тугаяпти.

Нейл:

– Сени ўлдиришим керак деб бўйнига осилаётган аёлга тўппонча ўқталади...– Эринг бизнинг учрашишимизни билиб қолиб мени не кўйларга солмади, у биздан мана шундай ўч олмоқчи.

Аёл унинг қўлига ёпишиб йиғлайди. Аммо Нейл шартта тўппончанинг тепкисини босади – чиқ... отилмади... Шунда хонага Том кириб келади... Нейлга ташланади. Оғир гаплар айтади. Сен хотинингга, Жуди менга хиёнат қилдиларинг.

Ана бўлмаса, бояги нафрат қаёққа йўқолди. Сизда ҳам шундай бўлдими? Ўрнини Нейлга нафрат эгаллади. Том айтади: «Сен менинг хотинимни эмас мени қучоқлагансан шу пайтгача тушунаяпсанми, қани мени қучоқла...» Том Нейлни бўғиб ўлдириб қўяй дейди. Жудининг ялиниб ёлворишлари билан уни қўйиб юборади. Нейл уйдан қочиб чиқиб машинада кутиб турган Эбининг одига боради. Эби «Нима бўлди», деб сўрайди. Бир хиёнаткорни мен орқали жазоламоқчи бўлди дейди, жабрдийда Нейл.

Уйга келишса, Софига ҳеч нарса бўлмагани, энага билан яшинмачоқ ўйнаб ўтиргани маълум бўлади.

Ҳали қизиғи олдинда

Кинонинг финали жуда кутилмаган. Яна қандай«сюрприз» кутаяпти Нейлни ва сизни?

Нейлнинг дўзах азобини кўришига хотини Эби ҳам бош-қош бўлади аслида. Эби Том билан келишиб шу сценарийни тузишади, ана бўлмаса...

Нейл: – Сен ҳали менинг орқамдан пичоқ урдингми, дўзах азобини тортишимга сен сабабчимисан?

Эби: – Сен менга хиёнат қилганингдаги оғриқни ҳис қилишингни хоҳладим. Кўрдингми, бунинг оғриғи қанчалар улкан дейди...Ёлғизликни, сотқинликни, йўқотишни ҳис қилдингми?

Нейл: – Менинг каръерамни ҳам тугатдинг, пулимни кўкка совурдинг.

Эби: – Ҳаммаси сен ўйлаганчалик эмас. Пулинг ёнгани йўқ, ўрнига қоғозлар ёнди, бошлиғингга саҳифалари бўм-бўш ҳужжатни олиб борганман... Мен сени яхши кўраман, аммо хоҳламайман... Сенинг каръеранг бор, сенинг қизингга ҳеч нарса қилмади. Қизимиз Софи, уй-жойинг, ҳамма-ҳамма нарсанг ўз ҳолича қолди... фақат мендан бошқа...

Тугади.

Нима деб ўйлайсиз, уларга бирга яшашда давом этадими? Бу менга ҳам қизиқ, жудаям қизиқ...

Бир кино орқали бевафоликнинг тўлови қимматга тушишини англадик. Оила хиёнатни кечирмайди, унинг бадали оғир, нима дедингиз?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг