Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Совуқдаги иссиқ ўйлар ёки АЭСнинг «иссиқ-совуқ»лари...

Совуқдаги иссиқ ўйлар ёки АЭСнинг «иссиқ-совуқ»лари...

Фото: Xabar.uz

Қиш эшик қоқди. Бу йилги қишнинг дастлабки ойи илиқроқ келаётган бўлса-да, ҳадемай қиш ўзининг қишлигини қилади. Совуқ ва изғиринли кунлар бошланади. Келаётган қишни қандай ўтказамиз, деган ўй бор бошимизда.

Тўғри, кейинги қисқа вақт мобайнида Ўзбекистон Президенти бир неча марта қишга тайёргарлик билан боғлиқ йиғилишлар ўтказди, мутасаддилардан сўради, уларга жиддий топшириқлар берди. Аммо аҳолида барибир ҳадик бор. Одамлар «ишқилиб, қишнинг изғиринли кунларида электр, газ ва иссиқлик таъминотида узилиш бўлмасмикин», деган хаёл билан яшамоқда. Чунки, ўтган қишда вазият анча мураккаб бўлди. Ҳатто пойтахтимиз Тошкентда электр ўчди, газ бўлмади. Айниқса, кўп қаватли уйларда совуқда қолиш нечоғли оғир эканлигини ўз бошимиздан ўтказдик. Электр ўчиб қолгач, телевизор, радио, телефон, лифт ишламади. Ишлаб чиқариш корхоналари тақа-тахт тўхтади, кечалари ҳамма ёқ қоп-қоронғу, зим-зиё қўйнида қолди. Қўйингки, ҳаёт тўхтаб қолганди гўё ўша кунлари.

Унинг сабабларини изоҳлаб, кимлардир «СССР даврида Ўрта Осиёни электр энергияси билан таъминлаш мараказлашгани учун қаердадир узилиш ёки носозлик бўлса, бутун бошли минтақанинг қийналишини назарда тутиб тузилган режанинг оқибати», дейишди. Бошқа бировлар йиллар давомида электр трансформаторлар янгиланмади, электр узатиш симлари эскириб кетди, натижада электр қуввати истеъмолчиларга тўла етказиб берилмади, аҳоли кўпайиб, янги уй-жойлар қурилиши оқибатида электр таъминотида жиддий узилишлар бўлди, деган тахминларни айтишди.

 Хуллас, нима бўлишидан қатъи назар изғиринли, совуқ кунлар жабрини одамлар ўз бошидан ўтказди. Шунинг учун бу йилги қишнинг ғами билан қайғурмоққа мажбурмиз. Шу боис, ўтган қиш муаммоларидан сабоқ чиқариш, электр трансформаторларини янгилаш, қўшимча муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар бошланди. Кичик каскадли электр энергияси ишлаб чиқарадиган ГЭСлар қуришга киршилди. Қўшимча муқобил манбалар бўлмиш, қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш борасида илк қадамлар ташланди. Лекин барибир бу билан мамлакатни электр энергиясига бўлган эҳтиёжлари тўла қондирилмайди. Шундан келиб, чиқиб ҳамма томонлама арзон ва экологик безарар бўлган Атом электр станцияси қуриш керак, деган таклифлар янада кучайтирилмоқда. Чунки, аввалдан бу ғоя илгари сурилиб, уни амалга оширишга киришилган эди.

Ўтган қишдаги аҳволдан кейин АЭС қуришнинг зараридан фойдаси кўпроқ, деган фикрга урғу берган мутахассислар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ўз чиқишларини кўпайтирдилар. Дарҳақиқат, электр энергияси билан кўпроқ ва арзон усулда таъминлашнинг АЭС қуриш орқали бартараф этиш йўллари не чоғли манфаатли. Йиллар давомида Европа мамлакатлари, Россия, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Покистон ва Ҳиндистонда қурилган АЭСлар шу мамлакатларни электр энергияси билан таъминламоқда-ку. Нега бизда ҳам уни қуриб, арзон ва экологик тоза электр энергияси олиш мумкин эмас?

«Ўзбекистонда Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси билан ҳамкорликда ҳар бирининг қуввати 1,2 минг мегаватт бўлган иккита энергия блокидан иборат бўлган атом электр станцияси қурилиш мўлжалланган. Бу бутун Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 18-20 фоизини ташкил этади», дейди Ўзбекистон Фанлар академияси Ядровий физика институти директори ўринбосари Илҳом Содиқов.

«АЭС фойдаланишга топширилиши натижасида йилига 3,7 миллиард куб метр табиий газ тежалади. Бу эса электр энергияси олиш учун углеводород хом ашёсини ёқиш ўрнига, уни қайта ишлаб даромадни бир неча баробарга оширадиган юқори қўшимча қийматли рақобатбардош маҳсулот олиш имконияти пайдо бўлади дегани. Мамлакатда экологик тоза ва иқтисодий манфаатли тинчлик мақсадидаги атом энергетикасининг яратилиши энергетика ресурсларига бўлган ички эҳтиёжнинг кафолатли таъминланиши, унинг экспорти ошиши учун муҳим аҳамият касб этади», – дея қўшимча қилди Содиқов.

Шунингдек, АЭСнинг фойдали томонларидан ташқари унинг хатарли тарафлари ҳам борлиги айтилмоқда. Ундан ташқари АЭСдан фойдаланаётган мамлакатларнинг айримлари ундан воз кечаётгани ва яна бошқа давлатларда эса янги АЭСлар қуриш ишларининг олиб борилаётгани ўзбекистонлик мутахассислар, сиёсатчилар ва кенг омма орасида турли хил баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистонда АЭС қуриш мумкин эмас, дегувчилар қуйидаги сабабларни айтмоқда:

  • Ўзбекистон сейсмик зонада жойлашган;
  • реакторларни совутиш учун миллиард-миллиард куб м. сув йўқ;
  • АЭСни қуриш учун мутахассислар Россиядан олиб келинади ва улар эгалик қилишади;
  • АЭСни Ўзбекистонда қурилишига чегарадош давлатлар ҳам рози бўлмайди.

Шунинг учун 11 ой қуёш чиқадиган Ўзбекистонда муқобил энергия турларидан айниқса, қуёш нури ва шамол энергиясидан фойдаланмоқ афзал эканлиги иддао қилиняпти.

Гидромуҳандис Герман Трешалов эса:

«Атом электр станциясини қуриш лойиҳаси биз ўйлагандан кўра хавфлироқ бўлиб чиқди. Москва АЭСнинг энг даҳшатли томони бўлган ўта юқори заҳарли чиқиндилар муаммосини «ўзимиз олиб кетамиз» деб ҳал этмоқчи эди, энди эса бирдан бу таклифини қайтиб олиб, бошимизга катта, мисли кўрилмаган фалокатни ташламоқчи.

Чиқиндиларни ўзимизда қолдирсак бизга қандай хавф солади, деган саволга жавоб: Ўзбекистон юқори токсик ва ўта хавфли ядро чиқиндиларининг катта йиғиндисига айланиши ва бу инсон, атроф муҳитга Орол фожиасидан баттар фалокат олиб келиши мумкин. Бу яқин келажагимизни вайронагарчиликка олиб боришдир. Булар ҳис-туйғулар эмас, бу ҳақиқатдир. Генетикаси бузуқ насл туғилиши, жиддий саратон турларининг эпидемияси, миллат генофондига ақлга келмаган улкан зарарлар – буларнинг барчаси қўрқинчли туш эмас, бу энди ҳақиқат бўлиши мумкин. Вазият ўта жиддий. Ва ҳали бу муаммонинг ҳаммаси эмас.

АЭС ишлаши учун сувнинг кўп сарф бўлиши ҳам ҳали муаммонинг ҳаммаси эмас. АЭС иссиқ ҳароратда ишлаб чиқарадиган қувватнинг фақат ярмини ёки ярмидан камини ишлаб чиқаришга кучи етади, чунки иссиқ ҳароратда АЭСни ўта эҳтиёткорлик билан ишлатиш лозим ва буни ҳамма билади. Энди бизда «Росатом» танлаган масканни қаранг – Бухоро билан Навоийнинг ўртаси, очиқ, жазирама ёндирадиган иссиқ жой. Бу жойда АЭС қурилса, айтилган қувватининг 20 фоизини эмас, ундан анча каминигина ишлаб бериши мумкин, агар АЭС иши умуман ёзда, кузнинг биринчи ойларида ва баҳорнинг иккинчи ярмида тўхтатиб қўйилмаса».

Аммо мутахассис Илҳом Содиқов фикрига кўра, Ўзбекистонда электр энергияга бўлган эҳтиёж йилига 69 млрд кВт/соатни ташкил этмоқда. Бунча ҳажмдаги энергияни олиш учун йилига 16,5 млрд куб метр табиий газ, 86 минг тонна мазут ва 2,3 млн тонна кўмир сарфланади. Унинг айтишича, 2030 йилга келиб мамлакатда электр энергиясига бўлган эҳтиёж йилига 117 млрд кВт/соатга етиши мумкин. Ушбу муаммони ҳал қилишнинг муҳим йўли сифатида АЭС қуриш таклифи илгари сурилмоқда.

АЭС қуриш ҳар томонлама афзал, электр энергиясига бўлган эҳтиёжни кўп миқдорда таъминлаб, экологик жиҳатдан безарар, деб ёзаётган мутахассис фикрларини эшитиб, қувониш мумкин. Аммо иккинчи, унга қарши билдирилган эътирозлардан хабар топгач, ўйланиб қоламиз. Кимга қулоқ тутиш, қайси таклифни ҳар томонлама фойдали, деб қабул қилиш ҳақида жиддий бош қотириш, билдирилаётган хавотирлар неқадар асосли эканлигига аниқлик киритиш ҳақида билгимиз келади.

Энди АЭСдан фойдаланаётган мамлакатларда унинг энергия таъминотидаги ўрни, бошқа энергия турларидан афзалликлари, нарх-навоси, келтириши мумкин бўлган хавф-хатарлар борасидаги маълумотларни суриштирамиз.

Насиба Зиёдуллаеванинг ЎзАда эълон қилинган «Яшил энергетиканинг иқтисодий имконияти» номли мақоласидан иқтибос: «Таҳлилларга кўра, энергетика истиқболида қуёш, шамол, гидроэлектр станциялар каби муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш муаммонинг ечимидир. Шу билан бирга, атом энергетикаси ҳам соҳа равнақида беқиёс аҳамият касб этмоқда. Маълумотларга кўра, бугунги кунда жаҳоннинг 30дан зиёд мамлакатида 451 энергоблокка эга бўлган 191 атом электр станцияси барпо этилган ва улар самарали фаолият кўрсатмоқда. АҚШ, Франция давлатларида электр энергиянинг 72,3 фоизи АЭС ҳисобига қопланади.

Хитой, Россия, Жанубий Корея ҳам АЭСдан унумли фойдаланишда етакчилик қилмоқда. Биргина Жанубий Кореяда 24 та атом электр станцияси фаолият кўрсатиб, яна улар қаторига 5 та янгиси қўшилиш арафасида. Демак, «Яшил энергетика» ҳар бир мамлакат учун катта иқтисодий имконият бўлиб, аҳолининг фаровон турмушини таъминлашда кенг ўрин эгаллайди. Чунки АЭС қурилишида илғор бўлган давлатлар бугунги кунда ҳар жиҳатдан ривожланган, халқининг турмуш тарзи яхшиланган ва ўзининг барча жабҳада илғорлигини кўрсатиб келаётгани бунга яққол мисолдир».

Шу билан бирга, атом энергиясининг ривожланишига қаршилар қуйидаги сабабларни келтирадилар: бутун дунёда юқори даражадаги радиоактив чиқиндиларни ишончли сақлаш ва йўқотишнинг ҳал қилинмагани; ядровий чиқиндиларни утилизация қилиш, АЭСларни ёпиш ва уни эксплуатация даражасида ушлаб туришнинг иқтисодий бесамарлиги; уран захиралари чеклангани ва ядро ёқилғиси нархлари ошаётгани; Масалан, АЭСлар Германиянинг муқобил энергия манбаларига ўтишида «кўприк» сифатида хизмат қилиши учун зарур восита эди ва келажакда Европа мамлакатлари АЭСлардан фойдаланишдан воз кечади.

Ҳолбуки, АЭСни Ўзбекистонга таклиф қилаётган Россия учун ҳам Европа иттифоқида етакчи мамлакат бўлган Германия тажрибасини ўрганиш жудаям фойдали бўлади. Бундан ташқари, Ўзбекистонда АЭСни ишга тушириш 10 йилдан кейинга режалаштирилган, аммо бу пулга муқобил таклиф қилиш ва қуёш панеллари ёки шамол тегирмонларини қуриш мумкин, дейишмоқда соҳа мутахассислари.

Шунингдек, Чернобил ва Фукусима ҳалокатларини унутмаслик керак. Ҳатто, манаман деган Япония давлати ҳам бу муаммони мустақил бартараф эта олмади. Атом энергетикаси соҳасида малакали мутахассисларимиз йўқлигини унутмаслик керак. АЭСдан фойдаланишда мисол тариқасида Европани келтиришади, яъни Франция электр энергиясининг 75 фоизини АЭСдан олади. Аммо уларда АЭС бўйича 30-50 йиллик тажриба ва малака бор, ҳозирги ҳолатимизни уларники билан солиштириш унчалик ҳам тўғри эмас. Шунингдек, уларни қуриш жуда қиммат ва ядро чиқиндиларини олиб чиқиб кетиш текинга эмаслигини ҳам унутмаслигимиз керак.

Ҳозирда Европанинг барча давлатлари АЭСдан босқичма-босқич воз кечишмоқда, АЭС улар учун 20-50 йил муқаддам долзарб эди. Агар АЭС қуриш лозим бўлса, унда атом энергетикаси бўйича мутахассисларни Ўзбекистондан фақат Россия Федерациясига эмас, АЭСларни эксплуатация қилиш борасида катта тажрибага эга бўлган Германия, Франция ва Чехияга ўхшаган мамлакатларга шартнома асосида юбориш керак.

Юқоридаги фикрлар шу соҳанинг мутахассислари томонидан баён этилган. Атом электр станцияси қурилиш қанчалик керак ёки йўқ, деган савол кўплаб мунозараларга сабаб бўлаётган экан, биз учун яна бошқа манфаатли йўллар бормикан, деган сўроқ атрофида мулоҳаза юритмоққа эҳтиёж сезиляпти. Агар АЭС ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон учун кутилганидек фойда бермас экан, унда муқобил энергия турлари бўлмиш қуёш панеллари, шамол энергияси ва гидроэлект станцияларини кўпайтириш орқали масалага ечим изламоққа киришган маъқул кўринади. Айниқса, Ўрта Осиё минтақаси учун бирдек манфаатли бўлган ГЭСларни биргаликда ва кўпроқ қуриш чораларини кўриш афзалга ўхшайди. Минтақани сув билан таъминловчи сув заҳираларининг асосий қисми Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудида жойлашганини эътиборга оладиган бўлсак, икки республикадаги дарёлар ўзанларига биргаликда ГЭСлар қуриш минтақадаги электр энергиясига бўлган эҳтиёжни қондириши мумкинлиги аён бўлади.

– Айниқса, – дейди шу соҳа билан анчадан буён шуғулланаётган Абдурашид Қутфиддинов. – Фарғона водийсини қисқа муддатда арзон нархда, самарали усулда электр энергияси билан таъминласа бўлади. Масалан, биздаги лойиҳа бўйича биргина Норин дарёси ўзанига ҳар 8 км.да бир нечта тўрт каскадли ГЭСлар ва уларнинг ёнида анча миқдорда электр энергияси етказиб берадиган микро ГЭСлар барпо этиш режамиз ҳам бор. Агар бу режалар тўлиқ ишга тушса, Фарғона водийсини ҳозиргига нисбатан икки баравар кўп миқдорда электр энергияси билан таъминлаш имкони яратилади.

Абдурашид Қутфиддинов таклиф қилаётган лойиҳа ишга тушса, уч йилда битта АЭС берадиган экологик тоза, арзон электр энергиясини олиш мумкин экан. Дейлик, Қирғизистон ва Тожикистондан бошланиб Ўзбекистон ҳудудига келаётган дарёлар ўзанларига ҳам қардошларимиз билан ҳамкорликда худди шу лойиҳа асосида ишлар амалга оширилса қандай натижаларга эришиш мумкинлигини билмоқчи бўлганлар Абдурашид Қутфиддиновдан сўраб олишлари мумкин. Шунинг учун таклиф этилаётган лойиҳани шу соҳага масъул бўлган вазирлик ва идоралар мутасаддилари, экспертлар ҳар томонлама ўрганиб, хулосага келишлари талаб этилмоқда. Абдурашид Қутфиддинов ўз лойиҳасини соҳанинг етук ва диёнатли мутахассислари иштирокида амалга оширишга тайёр.

Ундан ташқари, Тожикистон Республикаси ҳудудида жойлашган ва бир асрдан ошиқ вақтдан буён катта ҳажмда йиғилиб қолган Сарез кўли сувидан Марказий Осиё республикалари биргаликда фойдаланиш йўлларини излашлари минтақа халқлари ҳаётида муҳим ўзгаришлари ясаши мумкин, дейишмоқда соҳа мутахассислари.

Агар, Сарез кўли сувидан фойдаланиш йўллари излаб топилса, аввало, Марказий Осиёдаги мамлакатларни тўлиқ электр энергияси билан таъминлашга замин яратилади. Бунинг учун Сарездан олинган сув ўзанларига мутахассис Абдурашид Қутфиддинов таклиф қилаётган 4 каскадли ГЭСлар ва уларнинг ёнида микро гидро электр станциялари қурилса, бутун бошли минтақа бир вақтнинг ўзида, бир нечта муаммолар исканжасидан халос бўлади. Шунингдек, қўшни мамлакатларга ҳам электр энергиясини экспорт қилиш имконияти яратилади. Бундан ташқари, минтақага хавф солаётган сув тақчиллигидек долзарб муаммога ечим топилади. Фақат ўта хавфли дейилаётган Сарез кўлидан илмий техникавий тараққиётнинг сўнгги усулларидан оқилона фойдаланган ҳолда унга ечим топиш керак, холос. Бунинг учун Марказий Осиё мамлакатлари президентлари дунёнинг шу соҳага доир йирик экспертлари ва мутахассисларини бир жойга жамлаб, халқаро тадбир ўтказишлари мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Юқоридаги муаммоларга ечим топгудек бўлса, ана ўшанда Ўзбекистонда ёки қўшни Қозоғистонда АЭС қуриш керакми ёки йўқми, деган саволларга ўрин қолмайди.

Айтиб қўяй, ушбу мақола муаллифи соҳа мутахассиси эмас. Камина ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мутахассислар фикрларидан фойдаланиб, ундан кейин ўзимнинг кузатувларим асосида ушбу мақолани ёздим. Шунинг учун мавзуга алоқадор фикр ва таклифлар «мутлақо ҳақ ёки мутлақо тўғри», деган даъволардан йироқман.

Рўзибой ҚЎЛДОШЕВ

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг