Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Санжар Машриқий

Худодан сўраб, бекор ётма! (арман халқ мақоли)

Россия ва НАТО: вазият оғирми?

Россия ва НАТО: вазият оғирми?

Шарқий Европада Россия ва Украина ўртасидаги муносабатлар совуқлашиб бормоқда. Ҳар ҳолда Ғарб ва АҚШ медиаси Россиянинг Украинага «уюштирилажак» ҳужумлари ҳақида кўп ёзишди.

АҚШ. НАТОнинг бугунга келиб, 30 та аъзоси бор. Энг қудратлилари эса маълум: АҚШ, Буюк Британия, Германия, Туркия… АҚШ Украина масаласида ҳатто таҳдид қилиш даражасигача бормоқда. Дастлаб АҚШнинг «Политико» нашри ўтган йил ноябрь ойида Россия қўшини Украина чегарасида тўпланаётганидан огоҳлантирди. Орадан бир ойча муддат ўтиб, АҚШ демократ-сенаторлари Россияга қарши янги санкциялар пакетини тақдим этди. Халқаро ОАВни «безаган» хабарлар шу билан тугамади. Шундан сўнг АҚШ Украина ва Россия ўртасида «содир бўлажак» урушда ишлатиш учун «тонналаб» қурол етказиб беришни бошлаган.

АҚШнинг олиб бораётган бундай сиёсати биринчиси эмас, аввал ҳам Яқин Шарқда шу каби ҳолатлар содир бўлган. АҚШ ва унга хайрихоҳ давлатларда «Украинага ҳужум қилинмасин», «Украинага таҳдид қилманг» каби флешмоблар пайдо бўла бошлади. Умуман олганда, АҚШ Украина масаласида Россия билан азалдан келиша олмаган. Россия «тумшуғининг тагида» америкапараст кучлар бўлишини истамаса, АҚШ Европада ўз ўрнини мустаҳкамлашга интилади.

Буюк Британия. Британия ТИВ Россия Украина президентини алиштирмоқчи эканлигини, номзод ҳам топилганини айтиб чиқди. Вазият фонида Бош вазир Борис Жонсон Украинага ташриф буюрди ва «сўнгги нафаси»гача Украинани қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Хуллас, вазият чигаллашиб кетишига шулар етарли. Маълумотларга қараганда, расмий Лондон ва Москва ўртасида алоқалар кескинлашган. «Борис Жонсон музокаралар учун Украинага ташриф буюрди, чунки Россия босқинидан қўрқув кучаймоқда», ̶ деб ёзди BBC.

Буюк Британия бош вазири Зеленскийга ҳарбий жиҳатдан ёрдам беришини очиқдан-очиқ эълон қилмаса ҳам, унинг билдиришича, Москва билан келишмовчиликларга дипломатик ечим топиш ва «қон тўкилишига йўл қўймаслик» учун ҳамкорлик қилади. Британия бош вазири билан Зеленскийнинг жонли эфирда келишувлари давом этар экан, Зеленский аскарлар сони 100 минггача кўтарилишини айтмоқда.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трусс Лондон Путин билан боғлиқ бўлган кенгроқ доирадаги шахслар ва корхоналарни санкциялар нишонига олиш учун тайёрланаётганини айтди. АҚШ расмийсининг айтишича, Вашингтон санкцияларидан сўнг Кремлга яқин одамлар халқаро молия тизимидан узилиб қолишлари мумкин. Умуман олганда, масалага Буюк Британиянинг жиддий ёндашуви иқтисодий таҳдидларни англатади. Москва истайдими ёки йўқми бугун ҳам Лондон, ўтмишдаги каби, Европанинг молиявий юраги ҳисобланади. Ҳатто рус бойларининг ҳам катта бойликлари Лондон банкларида сақланиши ҳақида маълумотлар мавжуд.

Хусусан, расмий Лондон Борис Жонсоннинг Киевга ташрифи олдидан Укриана ҳукуматининг барқарор бошқарув ва Россиядан энергетик мустақилликни қўллаб-қувватлаш учун 88 миллион фунт стерлинг ажратаётганини эълон қилганди. Шуни унутмаслик керакки, ҳар қандай жабҳада ҳам Британия АҚШга қараганда Украинага яқинроқ ва тезроқ ёрдам бера олиши мумкин.

«Биз Россияни дипломатик ечим топиш ва қон тўкилишига йўл қўймаслик учун орқага чекинишга ва мулоқотга киришишга чақирамиз», - деган Жонсон расмий баёнотида.

Германия. НАТОнинг фаол, қайноқ сиёсий жараёнлар қозонида негадир Германия кўринмаяпти. Ҳар сафар Европа Иттифоқи миграция, савдо ёки ташқи алоқалар бўйича катта қарорлар қабул қилишига тўғри келганда, Германия етакчилик қиларди. Умуман олганда, бугун ҳам Европанинг энг обрўли вакили Германиядир. Аммо Берлиннинг Украинадаги инқирозни тўхтатиш учун Россия билан қандай муносабатда бўлиш борасидаги чекловли позицияси иттифоқдошлари орасида норозилик уйғотмоқда. Экспертлар эса Германияни четдан кузатаётганликда айбламоқда.

Меркил хоним ҳукуматдан истеъфо бергач, Олаф Шолц сиёсатидаги биринчи энг қайноқ жараён бўлса-да, немислар вазиятга тўлиқ аралашишни исташмаяпти. Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқининг баъзи давлатлари Украинага ҳарбий ёрдам юборган бўлса, Германия фақат тиббий ёрдам таклиф қилди, холос. Шунингдек, Берлин томонидан Эстонияга Украинага Германияда ишлаб чиқарилган Гаубица (ҳарбий артиллерия таркибига кирувчи 100 мм ва ундан ортиқ калибрли артиллерия қуроли – таҳрир) қуролларини етказиб беришни ҳам тақиқлади.

Германиясиз иш битмайдими, дейишингиз мумкин. Масаланинг бошқа томонини ҳисобга олиш лозимки, НАТО иттифоқчилари Кремл билан муросага келишда якдилликка интилмоқда. Бу таъсир кучини кенгайтиришига ишонишади.

«Европа хавфсизлигини Германиянинг етакчи ролисиз амалга ошириш мумкин эмас. Иккиланиб туриши ҳозирги замон учун бемаъниликдир»,  ̶  деди Латвия мудофаа вазири Артис Пабрик. Болтиқбўйи мамлакатининг бундай баёноти «немис машинаси»ни ишлатиб юборишга ожизлик қилса керак. Бир ҳафта олдин Германия канцлери Олаф Шолц мамлакат Европа Иттифоқи ва НАТОнинг Россияга нисбатан сиёсатига мос келишини таъкидлаган, бироқ журналистларга: «Биз ҳеч кимга ҳеч қандай ҳалокатли қурол бермаймиз», ̶  деган. Бу Германиянинг ушбу масалада позиция сақлаётганини билдиради.

Масаланинг яна бир жиҳати бор. Бу бош вазир Олаф Шолцга бориб тақалади. Олаф Шолц ҳукуматга келгач иқтисодий сиёсат олиб бора бошлади. Канцлер сиёсий-иқтисодчи эмас, балки иқтисодий-сиёсатчидир. Уруш эса чиқим дегани. Оғир пандемияни бошдан кечираётган Германия Россия билан муносабатларни «олтин ўрталик»да қолдиришни маъқул кўрмоқда.

Туркия. Украина можораси фонида Туркиянинг ҳаракатлари янада қизиқарли кўриниш олмоқда. Анқара Украина инқирози юзасидан НАТО бўйича иттифоқдошлари ва Россия ўртасидаги зиддиятни юмшатишда ёрдам беришга умид қилмоқда Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон келаси ҳафталарда можоранинг ҳар икки томонидаги ҳамкасблари билан учрашиши кутилмоқда. Туркия урушнинг олдини олиш учун «керак бўлган ҳамма нарсани қилишга тайёр», ̶ деди Эрдўғон телевидениега берган интервюсида.

Анқара бир неча ойлардан бери НАТО ва Россияни риторикасини бостиришга чақириб келади. Россия раҳбари Туркияга ташриф буюришга тайёрлигини айтди, аммо бундай ташрифнинг аниқ вақти коронавирус билан боғлиқ. Ҳар ҳолда масъуллар шундай изоҳ беришган. Эрдўғон эса негадир феврал ойида Киевга ташриф буюриб, президент Зеленский билан учрашиши режалаштирган.

Ҳам географик, ҳам тарих нуқтаи назаридан, балки амалий жиҳатдан иқтисодий, хавфсизлик ва мудофаа манфаатларидан келиб чиқиб, Туркия Россия ва Украина ўртасида содир бўлаётган воқеалардан манфаатдорлик ҳисси ҳам йўқ эмас.

Туркия Украина мудофаа саноатига сармоя киритиб келади. 2019 йилда Донбасдаги россияпараст кучларга ҳужум қилишда фойдаланган Байрактар ТБ2 дронлари Туркияга тегишлилиги аниқланган. Туркиянинг учувчисиз учоқларидан фойдаланиш Москванинг кескин танқидига сабаб бўлганди.

«Туркия Россия ва Украина ўртасида танлов қилиш ҳолатида бўлишни истамайди, чунки у Россия билан бошқа саҳналарда, хусусан, Сурияда вазиятни назорат қилиш ва унинг кучайишига йўл қўймаслик учун Россияга таянади», ̶ дейди собиқ дипломат ва Истанбулдаги Иқтисодиёт ва ташқи сиёсат тадқиқотлари маркази директори Синан Улген. Аммо вазиятнинг иккинчи томони бор. Масала Озарбайжонга бориб тақалади.

Илҳом Алиев дастлаб Украинага,сўнгра Россияга ташриф буюрди. Бу минтақада катта резонанслар юз берганини кўрсатади. Чунки собиқ совет мамлакатлари раҳбарларининг Кремлдан аввал унинг рақибиникида меҳмон бўлиши доим ҳам кузатиладиган ҳолат эмас. Озарбайжон раҳбарининг Туркияга қандай алоқаси бор, дерсиз. Озарбайжон қандайдир ташқи кўмак ва далдасиз Россия билан иккинчи бўлиб кўришмаган бўлар эди. Катта эҳтимол билан суянчиқ – Туркия бўлиши мумкин.

Полша ва Голландия раҳбарлари ҳам Украинага ташриф буюрар экан, АҚШ ва Россиянинг юқори даражадаги расмийлари инқироз бўйича янги музокаралар ўтказиши керак, деб ҳисоблашмоқда. Шунингдек, бошқа НАТО аъзолари ҳам вазиятга кескин ёндашмоқда.

Россия нима дейди?

Президент Владимир Путин Украина НАТОга аъзо бўлгач, алянс аъзоси сифатида Қримда ҳарбий операция бошлаши мумкинлигини таъкидлади. Россия президенти Владимир Путин Ғарбнинг Россия талабларига тақдим этган жавобидан норози бўлганини билдирди. Путин НАТО аъзоси Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан учрашувдан кейинги брифингда ўз позициясини яшириб ўтирмаган.

Россия раҳбари Ғарбни берилган ваъдаларни унутганликда айблаб, шундай деди: «26 январ куни АҚШ ва НАТОнинг жавобини олдик. Уни обдон таҳлил қиламиз, аммо ҳозирдан маълумки, Россиянинг асосий талаб ва хавотирлари рад этилган. Биз НАТОни кенгайтирмаслик, Россия чегарасида зарбдор қуролларни жойлаштирмаслик ва альянснинг Европадаги инфратузилмасини 1997 йилдаги Россия билан келишув имзоланган ҳолатга қайтаришни сўрагандик. Бу асосий талабларимизнинг бирортаси инобатга олинмади. Бизга НАТОни шарққа қараб бир дюм ҳам силжитмаслик бўйича ваъда берилганди. Бугун НАТО қаерда эканини кўряпмиз: Польшада, Руминия ва Болтиқбўйи давлатларида. Халқ тилида айтганда, бизни чув туширишди».

Путиннинг фикрича, ҳеч қандай ҳужжат билан мустаҳкамланмаган НАТОнинг ваъдалари ва «очиқ эшиклар» сиёсатини ҳам танқидга олди.

«Очиқ эшиклар» сиёсати дейиляпти. Хўп, бу ҳақда қаерда ёзилган? Ҳеч қаерда», - деди Путин.

«1949 йилги НАТО ташкил этилиши бўйича келишувнинг 10-бандида альянснинг барча аъзолари рози бўлган тақдирда, унга Европанинг бошқа давлатларини қабул қилиш мумкинлиги ёзилган»

«Ўша ҳужжатда «мумкин» деб ёзилган, «мажбур» деб эмас. Ваҳоланки, АҚШ ва НАТО Украинага «Сизнинг интилишингизни қадрлаймиз, хавфсизлигингизни ҳимоя қилишни истаймиз, аммо сизни қабул қила олмаймиз, чунки олдинроқ бунга имкон бермайдиган келишув имзолаганмиз» дейишлари мумкин эди. Шундай дейишса, Украина учун нимаси аламли бўларди?»  ̶  деган Путин.

Россия президенти Украинанинг НАТОга кириши ортида Қрим инқирози қайта бошланишини ҳам яшириб ўтирмади. «Замонавий қуроллар ва тизимлар билан жиҳозланган Украина НАТО аъзосига айланса, Қримга юриш бошламаслигига ким кафолат беради? Донбасс масаласида гапирмаяпман. НАТО аъзоси сифатида Украина бу ҳарбий операцияни бошласа, нима бўлади? Биз НАТО билан уришамизми? Кимдир бу ҳақда ўйладими? Фикримча, ўйлашмаган ҳам. Ахир Украина доктрина ҳужжатларида Қримни қуролли ҳаракат билан бўлса ҳам қайтариб олиш қайд этилган. Ҳа, шунчаки гапирилмаган, бу ҳақда ҳужжатда ёзилган. Хавфсизликни бошқа бир давлатга хатар туғдирган ҳолда таъминлаш тўғри эмас. Америка Қўшма Штатларининг Украина хавфизлиги учун қайғуриш орқали Россияни кучсизлантиришга интилишдир. Украина эса бу учун шунчаки воситага айланиб қолган», - деган Путин.

Яқинда Россия ва АҚШ вакиллари БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида келишмай қолганди. Стокголмда бўлиб ўтган ЕХҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши доирасидаги учрашув чоғида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ўртасида келишмовчилик юзага келганди. Келишмовчилик Ғарб давлатларининг Украинага «Россия агрессияси» содир бўлган тақдирда жавоб чораларини муҳокама қилиш чоғида содир бўлганди. 2014 йилда Украинада содир бўлган воқеалар давлат тўнтариши эканини айтган Лавров НАТО ва Европа Иттифоқини ўзгача фикрни бостиришда ва Россияга таҳдид қилишда айблаганди.

Маълумотларга қараганда Россия Украина чегарасида 100 минг аскар тўплаган. 2021 йил октябр ойидан буён Ғарб нашрлари Россия Украина билан чегарадаги аскарлар ҳақида ёзади. Россия эса бу айбловларни рад этиш билан бирга қўшинларини ўз ҳудудида хоҳлаганича ҳаракатлантириш ҳуқуқига эга эканини айтган.

Россия Украинанинг НАТОга қабул қилиниши мамлакат учун хавф сифатида эътироф этиб, қабул қилмасликни сўраб хат жўнатди. 26 январ куни АҚШ Россиянинг талабларига хат кўринишида жавоб берди. Вашингтон Украина НАТОга қабул қилинмаслиги бўйича кафолат тақдим этилмаслигини билдирди. Расмий Москва эса уруш хавфи юзага келишини айтишдан нарига ўтмаяпти. Владимир Путиннинг таъкидлаганидек, Киев Қрим масаласини ҳар қандай (ҳатто қурол ёрдамида) йўл билан бўлса-да, ҳал қилишни ҳужжатлаштириб қўйган. Агар Украина НАТО аъзосига айланса минтақада кескинлик ошиб кетиш хавфи юқори.

Вазиятлар ривожини кузатамиз. Ҳаммаси яхшиликка бўлсин!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг