Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Путин урушда ядро қуролини ишлатиши мумкинми?

Ўтган 10 кун ичида дунё саҳнасида кўплаб сиёсий воқеалар рўй берди. Хусусан, АҚШ президенти Жо Байден бир чиқишида Россия Украинадаги урушда ядровий қуролни қўллаши тобора реалликка айланиб бораётгани айтди. Украинанинг дастлабки қарши ҳужуми муваффақиятсизликка учрагани ҳақида турли хабарлар тарқалди. 19 июнь куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен расмий ташриф билан Пенкинга келди ва Хитой раиси билан учрашди.

«Xabar.uz» юқорида санаб ўтилган мавзуларда нашрнинг доимий эксперти Шуҳрат Расул билан суҳбатлашди.

– Шуҳрат ака келинг, суҳбатимиз бошида Украинада кечаётган уруш ҳақида гаплашсак. Ҳозир Украинада вазият қандай? Уруш қандай кечмоқда?

– Жорий йилнинг июнь ойининг бошидан бошлаб, Украина армияси қарши ҳужумни бошлади. Эсингизда бўлса, биз сиз билан февраль ойида суҳбат қилганимизда, ёз ойининг бошида Украина армияси қарши ҳужумни бошлайди ва бу ҳужум Бердянск проти ва Мелитополь шаҳрига қаратилган бўлади, деб прогноз қилган эдик. Чунки Украина армияси бу икки ҳудудни эгалласа, Қрим ярим ороли оператив қуршовда қолади. Агар Қрим кўприги портлатиб юборилса, орол стратегик қуршовда қолади. Ҳозир айнан шу сценарий бўйича уруш бошланди.

Лекин айрим ОАВлар Украина бошлаган қарши ҳужумни турлича талқин қилмоқда. Айниқса, Россия матбуоти Украинанинг қарши ҳужуми тўлиқ муваффақиятсизликка учради, деб ёзмоқда. Россия президенти Владимир Путин бошлаган қарши ҳужумда Украинанинг 245 та танк ва 450 та зирҳли транспортлар йўқ қилинганини айтди. Айрим Ғарб матбуоти ҳам Украинанинг қарши ҳужуми муваффақиятли бўлмаганини ёзди.

Бир нарсани эслаб олсак, ҳозир гап XXI аср уруши ҳақида кетмоқда. Россия академиялари ва генераллари урушда асосан Иккинчи жаҳон уруши услубидан фойдаланади. Украина эса НАТО услубида уруш олиб бормоқда. Замонавий уруш бу – мобил уруш. Бунда уруш рота-тактик гуруҳлари, батальон-тактик гуруҳлари ўртасида кечади. Бундай услубда уруш олиб бораётган томон узоқ вақт давомида, босқичма-босқич ҳудудларни эгаллайди.

Украинада фаол уруш ҳаракатлари ёз ва куз ойларигача давом этади. Украина ҳозир жуда эҳтиёткорлик билан, етти ўлчаб, бир кесиб ҳужум қилмоқда. Украина берган маълумотларига кўра, улар жуда кам талофот кўрмоқда.

– Бунга қанчалик ишонса бўлади?

– Бунга ишониш мумкин. Сабаби, XXI аср уруши – бу артиллерия уруши. Артиллерия жангларида Россия армияси мутлақ қолоқ эканлигини намойиш қилди. НАТО стандартларидаги тўплар 40 километр узоқликдаги нишонни йўқ қила олса, рус артиллерияси эса 18-20 километр узоқликдаги нишонни йўқ қилади. Яъни, Россия артиллериясининг отиш масофаси қисқа ва мўлжалга аниқ уруш самарадорлиги паст. Шу мантиқдан келиб чиқсак, бу ерда XX аср армияси билан, XXI аср армияси уришаётганини кўришимиз мумкин.

– Ҳозирда Россия ва Украина армиясининг мақсадлари қандай бўлиши мумкин?

– Агар Россия кучлари Украина армиясини Азов денгизига чиқишига йўл қўймаса, Россия дурангга интилади. Бу Россия учун ғалабадек гап!

– Азов денгизи шунчалик муҳим нуқтами?

– Агар Украина армияси Азов денгизига етиб борса, Қрим оролини қамал қилиш имкониятига эга бўлади. Қрим ярим оролидаги Россия кучлари узоқ муддатли қамалга дош бера олмайди. Чунки орол жуда катта эмас. Украина артиллерияси Қрим ярим оролини бемалол ўққа тута олади. Агар шундай бўлса, Россия оролни ташлаб чиқишга мажбур бўлади.

– Путин тактик ядро қуролини Украинага қарши ишлатиши мумкинми?

– Эсингизда бўлса, ядро уруши хавфи ўтган йилнинг октябрь ойида жуда кучайиб кетган эди. Ўшанда бутун дунё қўрқиб қолганди. Шундан кейин бу мавзу бироз совиб қолди. Аммо Санкт-Петербургда ўтган иқтисодий форум вақтида Путин «биз керак бўлса, ядро қуролидан фойдаланишимиз мумкин», деб айтди. Бу гапдан 3 кун ўтиб, АҚШ президенти Жо Байден «Россиянинг Украина урушида ядро қуролидан фойдаланиши реалликка айланиб бормоқда» деди. Бу мавзу 6 ойдан бери тилга олинмай келинаётган эди.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Путин жуда жазавага тушиб, ядро қуролини ишлатишини айтганида, Ғарб Путинга жавоб тариқасида, агар Россия ядро қуролини ишлатса, Путиннинг ўзини нишонга айланишини айтган. Шундан кейин ядро мавзуси ёпилганди. Лекин бу мавзунинг яна тилга олиниши бироз шубҳали. Шахсан мен ядро уруши бўлишига ишонмайман.

Ҳозирда АҚШ президенти Жо Байденнинг атрофида 2 та гуруҳ бор. Масалан, президент ёрдамчиси Жейк Салливан ва МРБ директори Уильям Бёрнс урушни тугатиш тарафдори. Ташқи ишлар вазири Энтони Блинкен ва мудофаа вазири Ллойд Остин Украинанинг ўз олдига қўйган мақсадларини тўлиқ амалга ошириш тарафдори. Менимча, Салливан билан Бёрнс Байденга Путиннинг гапларини бироз бўрттириб етказган бўлиши мумкин. Лекин президент Украинага бошқа ҳарбий ёрдам кўрсатилмаслиги ҳақида гапирмади.

– Путин ядро қуролларининг бир қисми Беларусга етказилганини айтди. Ҳақиқатдан ҳам Россия Беларусга тактик ядро бомбаларини етказган бўлиши мумкинми ва бу қанчалик хавфли?

– Ҳа, етказилган бўлиши мумкин. Лекин бу унчалик хавфли эмас. Чунки Беларус Ғарбий Европадан анча шарқда жойлашган. Россиянинг Калининград шаҳри Беларусдан кўра Ғарбий Европага яқинроқ. Россия у ерга ҳам ядро ракеталарини жойлаштирган. Шунинг учун Беларусга стратегик ядро қуролларининг жойлаштирилиши Европадаги стратегик мувозанатга таъсир кўрсатмайди.

 Кўпчилик инсонлар уруш тугаса, ҳамма нарса олдингидек ўз ўрнига қайтади, деб ўйламоқда. Агар сулҳга келишилса, Россия Украинага контрибуция (мағлуб томоннинг ғолибга товон тўлаши)  тўлаб бериши шарт бўлади. Чунки буни Ғарб ва Украина талаб қилади. Мутахассислар Украинанинг урушда кўрган зарарини 1 триллион доллар миқдорида баҳолади. Россия бу зарарни тўлаб беришга мажбур қилинади. Агар Россия бу зарарни тўламаса, унга нисбатан эълон қилинган санкцияларни биронтаси ечилмайди.

Санкцияларнинг таъсири йилдан-йилга кучайиб боради. Россияга қўйилган санкцияларнинг иқтисодий самараси энди кўрина бошлайди. Ҳақиқий инқироз Россия олтин валюта захирасининг тугаши билан бошланади. Путин ҳокимиятда қолса, Ғарб билан бошқача оҳангда гаплашишига тўғри келади.

– «Вагнер» хусусий армияси раҳбари Евгений Пригожин бир неча марта чиқиш қилиб, Россия мудофаа вазирига нисбатан ўз норозиликларини ўта қаттиқ оҳангда айтди. Бу норозиликлар Россиянинг ичида ўзаро зиддиятлар борлигини кўрсатиб қўймаяптими?

 – Албатта, бу зиддиятлар бор ва улар чуқурлашмоқда. Энг ёмони, президент Путин ҳар икки томонни яраштира олмайдиган ҳолатга келган. Узун қулоқ гапларга қараганда, Пригожиннинг ортида жуда қудратли шахслар турибди. Бу – парокандалик. «Вагнер» хусусий армияси Россия мудофаа вазирлиги билан шартнома тузишдан бош тортди. Агар Путин ҳокимиятдан кетса, мана шу икки томон бир-бири билан уришиб кетади. Бу битта Пригожин ва Шойгу шахсига боғлиқ эмас, бу ерда манфаатли гуруҳлар бор.

– Мана шундай ички зиддият натижасида Россия парчаланиб кетиши мумкинми?

– Бундай эҳтимоллик бор. Иқтисодий санкциялар ечилмаса, уруш чўзилаверса Россиянинг парчаланиб кетиш эҳтимоли ошиб бораверади.

– Жорий йилнинг 19 июнь куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен расмий ташриф билан Пенкинга келди ва Хитой раиси билан учрашди. Бу нимани англатади?

– АҚШ ташқи ишлар вазири Энтони Блинкеннинг Хитойга ташрифи февраль ойида режалаштирилган эди. Бироқ АҚШ ҳудудида Хитойнинг ҳаво шари уриб туширилганидан сўнг, бу ташриф ортга суриб келинди. Бундан ташқари, Хитой Тайван ороли атрофида катта ҳарбий машғулот ўтказди. АҚШ буни мақсадли эскалация деб қабул қилди. Шу сабабли Билинкеннинг Хитойга сафари кечикди.

Кўпчилик, Блинкен Хитой раиси билан асосан Украина урушини муҳокама қилган, деб тахмин қилмоқда. Аслида эса ундай бўлмади. Бу ерда асосий гап АҚШ ва Хитой ўртасидаги ўзаро муносабатлар ҳақида борди. Чунки Хитой ва АҚШ ўртасида ечилмаган чигалликлар бор. Ушбу учрашув давомида АҚШ учун Украинадан кўра, Тайван масаласи муҳимроқ кўринди.

Энтони Блинкен билан учрашувда Хитой раҳбари Россияга ҳеч қандай кўринишда ҳарбий ёрдам бермаслик мажбуриятини олди. Лекин асосан АҚШ ва Хитой ўртасидаги иқтисодий ва сиёсий масалалар муҳокама қилинди. Ҳозир бу икки давлат бир-бирини дунёда биринчи ва иккинчи ўринда турувчи мамлакат деб тан олди. 2022 йилда Индонезияда ўтган саммитда Жо Байден ва Си Цзиньпин шунга келишди. Чунки Хитой ва АҚШ иқтисоди бир-бирига жуда ҳам чамбарчас боғлиқ.

Икки давлат ўртасида бир йилда 800 миллион долларлик маҳсулот айри бошлаш бор. Хитой ва АҚШ тез-тез жанжаллашиб, лекин ажраша олмайдиган эр-хотинга ўхшайди. Улар ўзаро келишишга маҳкум. Агар АҚШ ва Хитой ўртасидаги иқтисодий алоқалар узиладиган бўлса, Америка иқтисоди ҳам, Хитой иқтисоди ҳам қақшатқич зарбага учрайди.

– Учрашув давомида Си Цзиньпин Блинкенга Хитой Қўшма Штатлар манфаатларини ҳимоя қилишини таъкидлаб, Вашингтондан ҳам Хитой манфаатларига зид иш тутмасликни сўради. Бу нима дегани?

– Биласизми, Хитойни иқтисодий масалаларда АҚШ олдида заиф томонлари бор. Хитой АҚШнинг IT технологияларига муҳтож. Ўтган йили Америка ҳукумати микрочипларни сотиш бўйича Хитойга эмбарго қўйди. Бундан ташқари, Голландия ва Японияга босим ўтказиб, уларга микрочипларни Хитойга сотмасликни талаб қилди. Хитой раиси шуни назарда тутган бўлиши мумкин. Сабаби, бусиз Хитой смарт технологиялари бўйича дунёнинг энг илғор давлатига айлана олмайди.

АҚШ Хитой билан ҳар сафар куч мантиғи билан гаплашишга ҳаракат қилади. Энтони Блинкеннинг Хитой раиси билан учрашуви режада йўқ эди. Лекин Си Цзиньпин Блинкенга ҳурмат билдириб, уни қабул қилди. Бундан ташқари, Хитой ташқи ишлар вазири АҚШга таклиф қилинди. Икки ўртада катта келишувлар бўлди. Аммо бир кундан кейин Жо Байден Хитой раҳбарини диктатор деб атади.

– Жо Байден бу гапи билан Хитой билан келишувларни йўққа чиқариб қўймадими?

– Шунча келишувлардан кейин бундай гап айтиш жуда нотўғри иш. Аммо юқорида айтганимдек, АҚШ ва Хитой ўзаро жанжаллашиб, лекин ажраша олмайдиган эр-хотин. Улар уришиб, ярашиб ҳам олаверади.

Сардор АЛИ суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг