Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

МУЛОҲАЗА ёки юз йиллар аввал битилган икки мисранинг бугунги, «экологик» шарҳи

МУЛОҲАЗА ёки юз йиллар аввал битилган икки мисранинг бугунги, «экологик» шарҳи

Ярим кечаси уйғониб кетиб, тўртинчи қават деразасидан ташқарига кўз солсам, шаҳар қуюқ туман ичра ғарқ бўлган экан. Ва, ўша заҳоти миямда улуғ Чўлпоннинг юқоридаги мисралари портлади:

Эй, тоғлари кўкларга салом берган зўр ўлка,

Нега сенинг бошингла қуюқ булут, кўланка?!..

Шоирга қўшилиб биз ҳам «Нега?!..» деймиз.

Бу савол ҳали-ҳамон муносиб жавобини топгани йўқ. Муносиб жавобини топса, улуғ шоирларимиз ёзган кўпгина аччиқ шеърлар қоғозлардагина қоларди, мияларда тинмай портламасди.

Чўлпон бобонинг булут ва кўланкаси рамзий маънода эди. Яъни бостириб келаётган хавф рамзлаштирилганди. Бугун хавф рамзлар қолипини парчалаб чиқиб, реал мазмун касб этиб турибди. Бугунги туман, кўланка, чанг, ғубор фақат рамзий эмас, балки реал, нақддир!

Шу йилнинг 3 январь, чоршанба куни эрталаб соат 8:00 ҳолатига кўра, Тошкент ҳавосидаги РМ2,5 зарралари миқдори 67,5 мкг/м3 ни ташкил этди, бу ЖССТ тавсиясидан 18,7 баравар юқори, яъни Ўзбекистон пойтахти ҳавонинг ифлосланиши бўйича дунёда 10-ўринни эгаллади, ҳаво даражаси - «зарарли», деб топилгани ҳақида маълумотларни ўқидик.

Нега?!

Чунки ҳали-ҳамон ақлланмадик.

Қора булут ва кўланка деганда шоир асосан чоризм, большевизм хавфини назарда тутган эди. Яна жаҳолатни ҳам. Улар ҳамон бор. Бироқ энди уларнинг ёнига дунё қадар бошқа хавфлар келиб қўшилди: коррупция, таниш-билишчилик, маҳаллийчилик, тор кўнгиллилик, илмсизлик, соҳалардаги ёмон бошқарув, экологик муаммолар, сифатсиз таълим, кадрлар масаласи...

Уммон ё денгизда сузиб кетаётган кемага чўкиш хавф солар экан, одатда, оғир юклардан халос бўлинади. Юқорида саналган ва яна саналмаган қанчадан қанча иллатларимиз миллат кемамизни чўктираётган оғир, шу билан бирга, зарарли юклардир. Биз уларни қутурган сувларга отмасдан, кемамизни омон сақлай олмаймиз – туманлар, кўланкалар қуршаб келиб, реал мазмун касб этаверади.

Бас, кескин чоралар кўрадиган вақт аллақачон келган: мамлакат бошкенти, юраги битта бўлади, лекин унинг иқтисодий, маданий, интеллектуал марказларини кўпайтириш керак. Нега бу борада Тошкентга яқинлашадиган бошқа шаҳарларимиз йўқ?..  

Кўп йиллар аввал Леонардо Да Винчи тўғрисида бир филъм кўргандим. Унда даҳо санъаткор ва мутафаккир у шаҳардан бунисига кўчиб юраверади ва ҳаммасида ижод учун, тафаккур учун имкон, шароит топаверади. XV ва XVI асрда шундай эди. Бизда ҳалигача (XXI асрда!) ўқийман, мутахассис бўламан деган одам, ўзимдан қиёс, битта шаҳарга – Тошкентга югуради. Ҳаммамиз битта шаҳарга чопаверганимиздан кейин унинг юки (ҳавоси, иқлими, шароити!) оғирлашади-да. Бироқ вилоятдан келаётган юртдошларни кўкрагидан итаришни қўйиб, ҳар бир вилоят марказини бой инфратузилмали шаҳарларга айлантириш, ўқув ва саноат даргоҳларини, иш ўринларини кўпайтириш лозим, бас, ҳар ким аввало ўз кичик ватанида қўним топишни афзал кўрсин. Одамлар Тошкентга ҳавасдан чопмайди, иш, пул топармиканман деган илинжда келади. Ишлаш, пул топиш шароитини энг кўп пойтахтда яратиб қўйганимиздан кейин Тошкентга келинади-да!.. Ана, худди шундай имконлари бўлган дунёнинг турли марказларига ҳам ўзимизни уряпмиз-ку!.. Агар мақсад муаммонинг ечимини топиш бўлса, барча ёндашувларда инсониятнинг ана шундай таъмал эҳтиёжлари ҳисобга олинмоғи шарт! Бунинг бошқа чораси йўқ.

Кейин катта шаҳарларда ўта сифатли жамоат транспортини йўлга қўйиш керак. Шундай йўлга қўйиш керакки, шаҳарликлар шахсий машинасини қўйиб, масалан, замонавий травмайга чиқишни афзал билсин! Битта трамвай юзлаб одамни ўз бағрига олади. Демак, битта трамвай (автобус, минибус ва ҳ.к...) шунча машиналар ўрнини босади ҳам. Қарабсизки, кўчалардаги тиқин – тирбандликка ҳам барҳам берилади. Муаммони тақиқлар билан эмас, балки шу тарзда алтернатив имконлар яратиш орқали ечса, натижаси мустаҳкамроқ бўлади. Ҳатто бошкентга вилоятлардан, шунингдек, Тошкент вилояти районларидан турли сабаблар билан келаётган ватандошларимиз шаҳарга етиб келгач, ман қилингани учун эмас, йўқ, балки қулайлиги учун шахсий автосини тураргоҳга қўйиб, жамоат транспортига чиқишни маъқул кўрсин.

Ҳа, албатта, Тошкент ичи ва ташида яшил зоналарни, боғу паркларни кўпайтириш, қурилишни қатъий назоратга олиш, мўрисидан заҳарли моддалар чиқараётган завод бўладими, машина бўладими, бошқами, барчасига ечим топиш зарур. Бундай ишларни нафақат бошкентда, балки бошқа жойларда ҳам – қишлоғу шаҳарларимизда амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

Шуларни бажара оламизми?..

Йўқ эса, қиладиган битта ишимиз қолади, у ҳам бўлса, овозимизни ҳирқиратиб, кўзларимизни ёшлаб, Чўлпон бобонинг юқоридаги икки мисрасини такрорлаш:

Эй, тоғлари кўкларга салом берган зўр ўлка,

Нега сенинг бошингла қуюқ булут, кўланка?!..

Шоир шу икки мисрага элнинг бутун дардини, муаммосини жой айлаб қўйган. Ўзининг майда, шахсий муаммоларини шиғирга айлантириб минғирлайдиган «шаир»лардан безиб кетиб, «Бизга шоир керакми?», дея негатив савол қўяётган юртдошларни тушунган ҳолда, чинакам, улуғ ижодкорлар дардига қулоқ солишни тавсия қиламан. Зеро улар реал хавфдан, – сизу биздан анча олдин, айтайлик, юз йиллар бурун, – хабар беради. Қулоқ солиш-солмаслик эса, яна ўзимизга тан:

Эй, тоғлари кўкларга салом берган зўр ўлка,

Нега сенинг бошингда қуюқ булут, кўланка?!..

                                                                                                       Улуғбек Ҳамдам, ёзувчи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг