Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Дунё биз ўйлагандек ёмон эмас (1-мақола)

Дунё биз ўйлагандек ёмон эмас  (1-мақола)

Айтайлик  ижтимоий тармоқларда, расмий сайтларда фоҳишалар ушланди, деган хабар тарқалди. Бу хабарларга ёзилган фикрларга кўзингиз тушаркан, сизда ҳам худди фоҳишалар кўпайиб кетгандек тасаввур уйғонади.

Сиз ҳам беихтиёр дунё бузилиб кетаяпти, ёшларни интернет бузаяпти деган фикрларни қалбан қўллаб-қувватлайсиз. Аммо атрофингизга қаранг, сиз яшаётган муҳитда аёлларнинг неча фоизи фоҳиша? Жуда хунук савол... Масалан мен 40 дан ортиқ оила яшайдиган маҳаллада тураман, икки ён томонимдаги маҳаллада ҳам оилалар сони тахминан шунча. 120 дан ортиқ оилалар жам бўлган уч маҳаллада битта ҳам фоҳиша йўқ. Қариндошларим, таниш-билишларимдан ҳам тажриба учун сўраб чиқдим, улар ҳам атрофида енгилтак аёл борлигини билмаслигини айтишди. Тўғри фоҳишахоналар бор, қўшмачилар бор, аммо бу дегани ҳар бир маҳаллада, ҳар бир кўчада шунақа иш билан шуғулланадиган аёл бор дегани эмас.

Ёки бўлмаса қишлоқ жойдан битта оиланинг хароб уйи ҳақида видео тарқалди. Кўпчиликнинг хаёлига қишлоқда ҳамма шунақа қийналиб яшайди деган фикр келади... Яна кўпчилик ҳаётнинг қийинлигини, одамлар қийналиб яшаётганини тасаввур қилади. Аслида-чи, қариндошларингиз орасида, танишларингиз орасида (уларнинг сони 100 та дейлик) бир ёки икки нафар шунақа ночор оилалар бўлиши мумкин.

Бундай янглиш дунёқараш ҳақида китоб қўлимга тушгунча мен ҳам баъзида янглиш фикрлаганимни англадим. Ҳанс Рослинг, Ола Рослинг ва Анна Рослинг ҳамкорлигида ёзилган «FACTFULNESS» – «Фактдорлик» асари айнан бизнинг дунёқарашимизни янгиламай эски дунёқараш билан яшаётганимиз ҳақида. Хўш, дунё биз ўйлаганимиздай ёмонми? Китобда шу саволларга баҳоли қудрат жавоб берилган. Муаллифлар ҳалокатли жаҳолатга қарши фактларга асосланган дунёқараш билан курашиш мақсадида ушбу китобни яратишади. Яъни бу китоб дунё ва уни англаш ҳақида. Драматик инстинктларимиз ва ўта драматик дунёқарашимиз ҳақида. Дунё ҳақида ўйласангиз табиий ва техноген офатлар, коррупция, зўравонлик, уруш кучайиб кетаётган, аҳвол ёмонлашаётгандек туюлади. «Бойлар янада бойиб, камбағаллар тобора камбағаллашиб кетаяпти. Камбағаллар сони ортмоқда, агар фавқулодда чора кўрмасак, тез орада табиий ресурсларимиз ҳам тугаб битади. Умуман олганда ғарбликларнинг аксарияти ОАВларда шу манзарани кўради ва миясида ҳам шу фикрлар айланади. Мен буни драматик дунёқараш деб атайман. Бу одамни стрессга солади ва адаштиради». Нафақат Ғарб менимча бутун дунё ана шундай драматик дунёқараш билан яшамоқда. Хўш, бу борада фактлар нима дейди: Охирги 20 йилда дунёнинг ўта қашшоқ ҳаёт кечирувчи аҳолиси 2 баробарга камайган. Муаллиф бу фактни билиш даражаси ҳақида шундай дейди: «Ердаги ҳаёт ҳақида билишимиз мумкин бўлган энг оддий фактни ўртача ҳисоблаганда 7 фоиз одам, яъни ҳар ўн кишидан бири ҳам эмас – тўғри жавоб беради». Мутахассис шундай тажриба ўтказади. АҚШдаги мухолифатчи ва демократлар ўртасида. Яъни тестки, дунёда қашшоқ одамларнинг кўплиги ёки озлиги ҳақида. Шунда тестда қатнашганларнинг 5 фоизи тўғри жавобни беради. Қолган 95 фоиз респондент, партиясидан қатъий назар 20 йилда ўта қашшоқ ҳаёт кечирувчи аҳоли сони ўзгармаган ёки ёмонлашган, икки баробарга кўпайган, деб ишонади.

Одамларнинг дунё ҳақида ҳамон ёмон ўйлашига сабаб янгиланмаган билимларда эмасми? Яъни муаллифларнинг фикрича улар тест ўтказган ва фактлар ҳақида ҳеч нарса билмайдиган одамларнинг муаммоси эскирган билимлар билан яшаётганида эди. Яъни одамлар мактабларда шаклланган эскирган билимлар билан яшамоқда.

«Бойлар ва камбағаллар орасида бўшлиқ борлиги ҳақидаги нотўғри тасаввурни ўзгартириш нега бунчалар қийин», деб савол қўяди муаллифлар. Яъни биз дунёни бойлар ва камбағалларга бўлаётганимизда ўртадаги ўртача яшаётган бой ҳам эмас камбағал ҳам эмас, аммо ҳамма нарсаси етарли бўлган ўртадагилар ҳақида нега унутиб қўямиз. Яъни нима учун бизни ўта бой одамнинг бойлиги ёки қашшоқ одамнинг хароб ҳаёти кўпроқ ўзига жалб қилади?

Хўш, бунда журналистнинг роли қандай? Улар ўз ҳикояларини дейди асарда муаллиф, ўзаро мухолиф одамлар, фикрлар ёки гуруҳлар ўртасидаги зиддият ўлароқ тақдим этади. Улар аста-секин ҳаёти яхшиланаётган кўплаб одамлар ҳақида эмас, ўта қашшоқлар ва ўта бойлар ҳақида ҳикоя қилишни яхши кўришади. Ҳужжатли филм яратувчилар ҳам худди шундай. Бу бўшлиқ инстинкти деб аталаркан.

Факторлик, фактлар билан ишлаш бу... бўшлиқ ҳақида сўз кетаётганини англаб олиш дегани... «Энг» кўрсаткичлар қиёсланаётганда эҳтиёт бўлишимиз керак. Сиз энг бойлар ва ёки энг камбағаллар ҳақида фикр билдираётганингизда ўртада, бўшлиқда турган бўласиз. Яъни сиз бой ҳам эмас, камбағал ҳам эмассиз. Яъни сизнинг уйингиз, машинангиз, кийимингиз, ош-овқатингиз бор. Аксарият энг бой ёки энг камбағал одамлар ҳақида фикр билдириб драматик дунёқараш билан яшаётганларнинг ўзлари ўртаҳол одамлар бўлади. Яъни бўшлиққа тушиб қолган одамлар.Улар ҳақида фактлар деярли ҳеч кимни қизиқтирмайди. Одамларни энг бойлар ва энг камбағаллар қизиқтиради.

Аксарият одамлар дунё ёмон томонга ўзгараяпти деб ўйлайди. Сабаби, дунёда содир бўлаётган барча ёмон нарсалардан огоҳ бўлиб туриш осон. Яхши нарсаларни эса пайқаш қийинроқ. «ОАВда ҳеч қачон хабар қилинмаган миллиардлаб ривожланишлар бўлган». Яъни дунё тараққиёти ҳақидаги фактлар жамоатчиликка шу қадар номаълумки...

1800 йилда инсониятнинг тахминан 85 фоизи ўта камбағал ҳаёт кечирган. Яъни кунлик даромади 2 долларга етмайдиган дунё аҳолиси. 1966 йилга келиб дунё аҳолисининг 50 фоизи ўта қашшоқ, 2017 йилга келиб эса 9 фоизга тушади бу кўрсаткич. 1997 йилда Ҳиндистон ва Хитой аҳолисининг 42 фоизи ўта камбағал тарзда ҳаёт кечирган бўлса 2017 йилгача Ҳиндистонда бу улуш 12 фоизга тушган, яъни ўта камбағал яшаётган одамлар сони 20 йил аввалги ҳолатга қараганда 270 миллион нафарга камайган. Бу ҳазилакам ўзгариш эмас. Хитойда бўлса бу улуш шунча вақт оралиғида 0,7 фоизга тушди.

Биз эса тушкунмиз, дейди китоб муаллифи: IV даражадаги (яъни телевизор ҳаммада бор) телевизоримизда ҳали ҳамон ўта камбағал одамларни кўрамиз ва ҳеч нарса ўзгармагандек туюлади. Дунёнинг ёмонлашаётганини ўйлаймиз, гарчи телевизор сотиб олишга, машинада юраётганимизга, соғлиғимиз яхшилигига қарамай!

Келинг ушбу китобда одамларнинг умр кўриш давомийлигига эътибор қаратамиз. 1800 йилда шведлар очликдан ўлар, инглиз болалари кўмир конларида ишлар, умр кўриш давомийлиги дунёнинг барча жойида тахминан 30 йилни ташкил қиларди. Инсониятнинг бутун тарихида шундай бўлган эди. Туғилган чақалоқларнинг деярли ярми гўдаклигида вафот этарди. (Ҳозир туғилган чақалоқларнинг ярими ўлаётган мамлакат борми, қолганми?)Қолган ярмининг аксари 50 ва 70 ёш ўртасида вафот этарди. Шунинг учун ўртачаси 30 ёш атрофида бўлган. Бу кўпчилик 30 ёшгача яшайди дегани эмас. Бу шунчаки ўртача рақам. Бугунги кунда дунё бўйлаб ўртача умр кўриш 70 ёшни ташкил қилади. Яъни туғилган чақалоқларнинг ярими ўлиб кетмайди, касалликлар туфайли кўп одамлар 50 ёки 70 ёш ўртасида ўлмайди, дегани.

Муаллиф шу аснода 1948 туғилган йилида Швецияда очиқ канализация зовурларда болалар чўкиб кетиши оддий ҳол бўлганини ёзади. Яна у  1891 йилда туғилган бувиси ўта қашшоқ оилада дунёга келганини эшитганини ёзади. Бувиси вояга етганида тўққиз кишидан иборат оиласининг барча кийимларини қўлда ювганини эслайди. Бувисининг онасининг ҳаёти эса ундан ҳам хароброқ бўлган. Муаллиф бувиси ва унинг онаси, буваси ва унинг отаси яъни икки буви ва икки бобосининг ҳарфларни зўрға таниганини айтади. Дунё шу қадар ривожландики, бугун уларнинг авлоди Ҳанс Рослинг, унинг фарзанди Ола Рослинг, келини Анна Рослинглар олим, сиёсатчи, шифокор – шу китоб муаллифлари.

Ҳанс Рослингнинг айтишича ҳар бир мамлакатда ҳаёт ҳар бир мезон бўйича яхшиланган, яъни у ишонч билан айтаётганидек, бизнинг мамлакат ҳам ривожланган.

Келинг, муаллифлар куйиб-пишаётганидек, ортга қараймиз. Яъни янгиланган дунёқараш билан яшашда давом этамиз. Отангизнинг отаси лой сувоқ уйда яшаган. Отангиз усти шифер ёпилган уйда яшаб ўтди. Отангизнинг отасининг телевизори йўқ эди, отангизнинг холодилниги, телевизори бор эди. Отангизнинг отаси бирор жойга борса туя, от, эшак каби уловларда борган. Отангиз эса майлида ўзининг машинасида бўлмаса ҳам йўл транспортида манзилига етган. Ота-боболаримиз машинани ҳам орзу қилишолмаган. Чунки орзу қилгани билан етолмайман, деб ўйлаган. Ва улар драматик дунёқараш билан яшаб ўтишган. Аммо бугун сиз машинада юра оласиз, машина олишга имконингиз бор. Демак сиз фактдорлик китобида кўрсатилганидек боболарингиз яшаган давр I даражадаги каби қашшоқ эмассиз. Сиз катта эҳтимол билан учинчи ёки тўртинчи даражада яшаяпсиз.

«Асрлар давомида кексалар доим ёшлик чоғларини идеаллаштириб, ҳозир ҳамма нарса ўзгариб кетганини таъкидлайди. Ҳа тўғри ўзгарган, аммо улар назарда тутгандек эмас. Кўп нарса ҳозиргидек яхшироқ эмас, балки абгорроқ бўлган. Лекин одамзот ҳаёт аслида қандай бўлганини унутиб қўйишга мойил». Швециялик журналист Лассе Берг 1970 йиллардаги Ҳиндистондаги қишлоқлардан репортаж тайёрлаган. Орадан 25 йил ўтгач худди ўша кўчалардан юради. Тупроқли поллар, лойдан солинган уйлар, ярим-яланғоч кир-чир болалар, дунёдан бехабар яшаётган одамлар ўрнида бетон уйлар, яхши кийинган болалар, ўзига ишончи бор қизиқсиниб телевизор кўраётган одамларни кўради. Журналист уларга ўша суратларни кўрсатганида «бўлиши мумкин эмас, адашаётгандирсиз. Биз ҳеч қачон бу қадар камбағал бўлмаганмиз», дейишган. Бошқалар каби улар ўз даврлари билан яшаётган, болалар бепарда сериаллар кўришаётгани, мотоцикл сотиб олишга пули етмаётгани каби муаммоларга ўралашган эди.

Хўп фактдорлик нима дегани? Нима учун одамлдар ёмон хабарни эшитишга мойил? Ва бундан қандай қутулиш мумкин? «Яхши хабар янгилик эмас», дейди муаллиф. Унинг фикрича яхши хабарлар деярли эълон қилинмайди, эълон қилинсаям ҳеч кимга қизиқ эмас. Аммо сиз нохуш хабарни эшитганингизда ўзингиздан сўрашингиз керак экан: «Тенг даражадаги яхши хабар ҳам худди шундай тарқалармиди, шундай трендга чиқармиди?»

Масалан метрога янги бекат қўшилди. Бу сизнинг узоғингизни янада яқин қилади, йўл билан боғлиқ муаммонгиз камаяди. Бундан 10 йиллар олдин гарчи сиз бу ерга метро бекати келишини тасаввур ҳам қилолмагансиз. Нолигансиз йўлдаги муаммолардан. Бугун ўша муаммонгиз ечим топди, янги метро бекати келди. Сизни бу хабардан ҳам кўра, метро бекатидаги носозлик ғазабга келтиради. Яъни метро қурилишига масъул одамларга рахмат айтадиганлардан кўра, шу соҳани ёмонлайдиганлар кўплигини кўрамиз. Аниқроғи метро қурилишидек яхши хабарга эътибордан кўра, унинг носозлиги ҳақидаги хабарга ўчликни кузатамиз. Яъни муаллифнинг таъкидича умумий ривожланишдан ҳам кўра чўкишларни сезишингиз юқори бўлади. Аммо мусибатли янгилик кўп дегани мусибат ҳам кўпайди дегани эмас, балки мусибат ҳақидаги хабарлар яхшироқ кузатилаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Аёллар гуруҳида тез-тез эрнинг хиёнати ҳақида аноним постларни кузатаман. Нимагадир китоб ўқиш (бу эски, янгиланмаган дунёқарашим маҳсули) ёки тарбиявий аҳамиятга эга постлардан кўра хиёнат ҳақидаги мавзуларга қизиқиш катта (китоб ўқиш ҳақидаги фикрим ўзгарганинини пастда изоҳлайман). Кўпчилик ҳамдардлик билдиради, кўпчилик аёлга кечирмасликни маслаҳат беради, яъни кўпчилик эркакларга ишонч йўқлигини, уларнинг барчаси, ҳа ҳа ишонч билан айтишадики уларнинг барчаси хиёнаткор. Ҳатто гуруҳдаги ёш қизлар ҳалитдан шунақа воқеаларни эшитиб турмуш қуришга иккиланишаётганини ёзишади. Ва бир кунлар ўша гуруҳга икки оёғи ишламайдиган аёл ҳақида пост қўйилди. Унинг эри неча йиллардан бери садоқатли эканлиги, шу аёлни парвариш қилаётганлиги ҳақида. Ишонасизми, хиёнаткор эр ҳақидаги постдан ҳам кўра, кўпроқ изоҳлар ёзилди ушбу мавзуга. Яъни бундай вафоли эрлар кўплиги ҳақида.

«... Дадамнинг синфдоши бор эди, 5 нафар синфдош болалар синфдош қизларга уйланишган. Улар ҳаммаси туғилган кун, байрамларда борди-келди қилишарди. Бир синфдошининг аёли касал бўлиб, оёқлари ишламай қолган, ўша эркак ҳар сафар йиғилишларга аёлини опичлаб олиб келарди, дугоналаринг билан кўришасан деб...»

«Мен садоқат рамзи сифатида онгу шууримда муҳрланиб қолган бир эркакни биламан, аёли вафотидан кейин ҳам бирор аёлга уйланмади, 2 ўғил,2 қизини ўзи ёлғиз уйлаб-жойлади. Кейин ҳам бирор аёлга қарамай, фарзандлари ва набиралари учун яшаб келмоқда. Улар ҳам аёлидан эрта айрилган эди. Ёш бўлсада, нафсини ўйламади. Бу инсон ҳақида кўп ўйлайман, жудаям ҳурмат қиламан. Шу группада қизлари ҳам бор...»

«Яқинда Испанияда кўрган воқеага жуда ҳам ўхшар экан қаҳрамонлар.

Бир куни эр аёлини етаклаб пляжга олиб чикди, аёл аравачада, оёқ-қўллари буришиб қолган. Эр аёлнинг бошига шляпа кийгизди, очиқ жойларига крем суриб бўлгач, қора очки тақиб қўйди. Қўлларининг тагига юмшоқ сочиқ қўйди авайлаб. Аравачани сал ётқизди ва ўзи ёнига ўтириб китоб ўқишни бошлади ва ора-орада аёлга қараб жилмайди. Тўғриси кўриб кўзимга ёш келди. Бизда ҳам шундай одамлар борлигидан қувондим!»

«Дадам ва онам. Улар худди шундай эди. Оёқлари кесилган онамга дадам худди шунақа қараган эдилар. Манимча, бу авлод энди ўтмишда қолса керак. Бундан буён бундай садоқат ва муҳаббат борлигига ишонмайман. Афсус...»

Аммо ҳозирги авлод орасида ҳам худди шундай қаҳрамонлар бор. 2015 йилда Люси Бирмингемда (Англия) яшовчи Олли Cаве билан учрашади ва уни севиб қолади. 2018 йилда улар унаштирилди. Бироқ, Люси унинг кўриш қобилияти ёмонлашаётганидан хавотирда эди. Аммо хавотири бежиз эмас экан. Люси тўйида кўзи ожиз келин бўлишини тушунди.

Яқинда, сентябрь ойида уларнинг тўйи бўлди. Тўй бироз қайғули бошланса-да, лекин айни пайтда жуда таъсирли ва эсда қоладиган бўлди. Бунинг сабаби шундаки, кўпчилик меҳмонлар Люсини қўллаб-қувватлашга қарор қилишди ва кўзларини боғичлар билан боғлашди.

Ёки бўлмаса ёшлар китоб ўқимай қўйди деймиз, уларнинг баъзи бебошликлари ҳақидаги хабарларга дуч келсак. Аммо яқинда «Китобхонлар давраси» гуруҳида «Мени ўзгартирган китоб» мавзусидаги сўровномага юзлаб шарҳлар ёзилди. Уларнинг ўқиган китобларини таҳлил қилиб беришини кузатиб барча китобхонлар шу ерда эканку, деган фикрга келдим ва ёшлар китоб ўқимаяпти, ёки одамлар китоб ўқимаяпти, деган қарашларим ўзгарди...

***

Бу китоб эса айнан дунёқарашимизни ҳар куни ўзгараётган фактлар билан қадамба қадам ўзгартириш ҳақида.

Зеро муаллиф таъкидлаганидек, «Шошилиш дунёқарашимизни бузадиган энг ёмон хислатлардан биридир. Одамларнинг онгидаги драматик дунёқараш доимий стресс ва инқироз ҳиссини яратади, ҳозир ёки ҳеч қачон ҳисси стресс ёки лоқайдликка олиб боради «кескин чора кўришимиз керак, ўйлаб ўтирмасдан бирор чора кўрайлик» ёки «ҳеч қандай умид йўқ, қўлимиздан бошқа ҳеч нарса келмайди, ҳаммасига қўл силташ керак». Ҳар икки ҳолатда ҳам биз фикрлашдан тўхтаймиз, инстинктларимизга енгиламиз ва нотўғри қарорлар чиқарамиз».

Дунё ҳақидаги янглиш фикрлашимизнинг сабаблари жуда кўп экан. Аслида у биз ўйлагандан яхшироқ. Дунё ҳақида тиниқ фикрлаш зарурияти ҳар қачонгидан муҳим. Акс ҳолда китобда урғу берилган ушбу мақол биз учун айтилган бўлиб қолади: «Боланинг қўлига болға берсангиз, ҳамма нарса унга мих бўлиб кўринаверади».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг