Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Адолат» СДП журналистлар кунига бағишлаб сузиш мусобақасини ташкил қилди

«Адолат» СДП журналистлар кунига бағишлаб сузиш мусобақасини ташкил қилди

Фото:«Xabar.uz»

25 июнь куни Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан «27 июнь – матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни» муносабати билан журналистлар ўртасида «Соғлом танда - соғлом ақл» шиори остида сузиш мусобақаси ўтказилди.

Тошкент шаҳар сув спорт турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби билан ҳамкорликдаги тадбирда матбуот ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, партиянинг туман Кенгашлари, фаоллар иштирок этишди.

Унда оммавий ахборот воситаларининг 4 йўналиши телевидение, радио, газета ва сайтлар ўзаро беллашдилар.

Фото:«Xabar.uz»
Фото:«Xabar.uz»

Шифокорларнинг фикрича, мунтазам равишда сувда сузиш машқлари юрак қон-томир тизими учун яхши фойда беради. Чунки сузиш билан шуғулланадиган инсон танасида артериал қон босими меъёрига келади. Юрак мушаклари чиниқади ва унинг эластиклиги янада ортади. Сузишда - сув танани бўшаштириш хусусиятига эга бўлиб, мушакдаги спазмларни йўқотади. Мия тин олиб, уйқу ва хотира яхшиланади. Умуртқа поғонасида муаммолари бор беморларнинг дарддан фориғ бўлишларига хизмат қилади. Қолаверса, умуртқа қийшайишининг одини олади ва бўғимлар билан боғлиқ артрит хасталикларини даволашда яхши самара беради. Бир соат сувда сузиш инсон танасини нақд 500 килокалориядан халос этади.

Шартларга кўра, иштирокчилар «Эркин усулда сузиш», «Копток билан сузиш», «Пуфакчалар билан сузиш» бўйича куч синашдилар. Ҳар бир босқичда журналистлар 25 метрга сузиб, ўз жамоалари шарафини ҳимоя қилишди. Мусобақа жараёнида «Тошкент» телеканали, «Адолат», «Жамият» газеталари, «Ўзбекистон 24» радиоканали, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, «Xabar.uz» нашрлари вакиллари фаоллик кўрсатишди.

Фото:«Xabar.uz»

Ўртоқлик учрашуви қизиқарли лаҳзаларга бой бўлди. Унда журналистлар сузиш бўйича бор маҳоратларини кўрсатиб, йиғилганларга намуна бўлишди. Шартлар натижаларига кўра, «Ёшлар» радиоканали жамоаси 1-ўринга, «Ўзбекистон 24» радиоканали 2-ўринга, «Адолат» ижтимоий-сиёсий газетаси 3-ўринга лойиқ деб топилди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот хизмати

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг