Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи бизга қандай ишоралар берди?

Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи бизга қандай ишоралар берди?

Сиёсий фанлар номзоди Шерзодхон Қудратхўжаев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга қилган ташрифи ҳақида мулоҳаза билдирди.

«Режеп Таййип Эрдоған шундай деди:

«Ўзбекистон, биз учун, маданият тасаввуримизни шакллантирган олимларни етиштирган, илм, ирфон ва маданият дунёмизни таъминлаган ҳаёт булоқларимиздан энг муҳимидир.

Беруний, Мирзо Улуғбек, Ибн Сино, Хоразмий, Али Қушчи каби олимлар, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд сингари улуғларимиз бизга Мовароуннаҳрнинг армуғонидир».

Президентнинг кўп ташрифларини кузатган одам сифатида шуни айтишим мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга қилган расмий ташрифи бизга муҳим ишоралар берди.

Биласиз, давлат раҳбарларининг ташрифлари тавсифланади. Яъни давлат ташрифи, расмий ташриф, ишчи ташриф ва норасмий ташриф.

Мен Давлат раҳбарининг Туркияга ташрифидаги бир жиҳатига эътиборингизни қаратишингизни хоҳлардим. Биламизки, Президентларнинг бирор бир мамлакатга сафари чоғида ҳар бир ҳаракат ва сўзни том маънода тартибга солувчи давлат дипломатик протоколи мавжуд.

Бироқ протоколдан истисно ҳолатлар ҳам учрайди ва ҳар бир қадам ва сўзни меъёрга солиб турувчи қолиплардан чиқишда намоён бўладиган истисно ҳолатдаги ишораларини англаш муҳим. Менимча, Туркияга ташриф доирасида шундай муҳим ишора кўзга ташланди.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ва унинг рафиқаси ташриф якунида аэропортда ўзбекистонлик юқори мартабали меҳмонларни шахсан кузатиб қўйди.

Билмадим, бу маросимда Туркия Жумҳурбашкани Эрдоғаннинг иштирок этиши аввалдан режалаштирилганмиди ёки йўқ. Менимча, йўқ.

Дипломатик протоколнинг белгиланган меъёрларига мувофиқ, давлат раҳбарининг меҳмонни аэропортда кутиб олиши ва кузатиб қўйиши одатда амалга оширилмайди.

Аниқ айта олмайман, Эрдоған рафиқаси билан Анқаранинг «Эсенбоға» аэропортда бошқа бир давлат раҳбарини ҳам кузатиб қўйган деб...

Бу ерда гап фалон миллиардлик шартномалар ҳақида кетмаяпти. Балки бу факт самимиятга асосланган дўстона муносабатлар ҳақида гапирмоқда. Яъни, бу мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар мутлақо янги босқичга кўтарилганининг кучли ва аниқ бир белгисидир.

Бу ҳар икки давлат раҳбарининг дипломатик протокол ва нормалардан юқори бўлган жуда шахсий, яқин ва ишончли муносабатлар муҳити энг юқори чўққига чиққанидан далолат беради.

Бу каби самимий ҳатти-ҳаракатлар сиёсатчилар ва дипломатларнинг қулоққа ёқадиган чиройли сўзларидан анча қиммат туради. Жаноб Эрдоғаннинг ўзбекистонлик ҳамкасбини шахсан ўзи кузатиб қўйиши айнан шундай ишоралардан далолат», — дейди Шерзодхон Қудратхўжаев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг